Ишхонамиздан вилоятдаги
энг йирик бошқармалардан бирига жавоб хати юбориш керак эди. Почта орқали юбормоқчи
эдигу йўлимиз ўша томонда экани учун хатни ҳам ташлаб ўтармиз, дея ўзимиз билан
олдик. Бир таниш айтиб кўзланган манзилга етиб боргач, ҳайдовчига «қабулхонага топширамизу
чиқамиз» дея бинога кирдик.
– Сизларга хат
олиб келгандик, қабул қилиб олсангиз, – қабулхонадаги аёлга мурожаат этдик.
– Бизда хатлар
умумий бўлимга топширилади. – Гарчи шошиб турган бўлсак-да, гапни кўпайтирмай, умумий
бўлимга кириб бордик.
– Мана шу хатни қабул қилиб олсангиз...
– Қанақа масала… Ҳа, буни матбуот бўлимига олиб борасиз,
биз бу билан шуғулланмаймиз.
Ҳозирча асабийлашмай туринг. Хатнинг бундан кейинги тақдири
учун ҳам ҳали керак-да асаб. Хуллас, матбуот ходимининг хонасига бордик. Иш билан
чиқиб кетган экан. Телефон рақамини топиб қўнғироқ қилдик.
– Мен иш билан юргандим, кутиб туролмайсизларми? – Ниҳоят,
бизнинг хатни қабул қиладиган ходим топилгандан хурсанд бўлсак-да, кутиб туришнинг
иложи йўқ, аксинча, ташқарида ҳайдовчи кутиб турибди бизни.
– Ахир бу оддийгина
хат. Ишхонамиздан маълумот сўрагансизлар, шунга жавоб хати келтирганмиз. Наҳотки,
шуни олиб қоладиган бирор инсон топилмаса.
– Албатта, топилади. Бошқарма юристига учранг, олиб қолади.
Ҳуқуқшунос маълумотлар билан обдон танишиб чиқди.
– Бу қоғозларда нега уч кишининг маълумоти бор?
– Неча кишининг маълумоти борлиги менга қоронғу. Бошқармангиз
сўраган маълумот бу ахир. Биз фақат хатни олиб келдик, қабул қиласизми?
– Мен-ку қабул қиламан, лекин катталар билан маслаҳатлашиш
керак.
– Ким билан?
– Бошқарма бошлиғининг ўринбосари билан.
– Мана шу хатни олиб қолиш учун-а?!
– Ҳа. Яхшиси, умумий бўлимга олиб борсангиз-чи?
– Олиб бордик, қабул қилишмади.
– Қабулхо..
– Қабулхонага ҳам киргандик, умуман, бу бошқармада шу
қоғозни олиб қоладиган бирор одам борми ўзи?!
– Яхши, – ниҳоят бошқарма ҳуқуқшуноси бизга «ёрдам берадиган»
бўлди. – Мен ҳозир бошлиқ ўринбосари билан гаплашиб кўрай-чи…
Ҳуқуқшунос бошлиқ ўринбосарининг хонасидан чиққач ниҳоят,
«ғалаба қозонганимизни» ич-ичимдан ҳис қилдим. Кутилганидек, ўринбосар, умумий бўлим
олиб қолсин, дея топшириқ берибди.
Умумий бўлим ходимининг ярим овозда, «бу бизнинг вазифамиз
эмас, ҳамма ўз ишини қилса бўлмасканми» деганича хатни олиб қолганидан билдикки
бу бошқармада ҳеч ким хат қабул қилиш ва уни керакли кишига етказишдек «оғир» вазифани
гардагина олишни истамайди. Энди ўйлаб кўринг, бу тизимга ҳисобот берадиган ташкилотдан
бирор киши хат кўтариб келса нима бўлади?
Атиги икки энлик қоғозни бериб кетиш учун олти-етти кишига
учрашиш, тушунтиришга тўғри келди. Тасаввур қилинг, чекка қишлоқдан бирор киши муҳим
муаммо ёки таклиф билан келди. Агар бошлиқ ёки ўринбосар бирор иш билан чиқиб кетган
бўлса, уни ким қабул қилади, ким эшитади? Ўша келган киши навбати билан ўнлаб эшиклар олдида «сарғайгач»
бу ерда ўтирганлар ҳақида қандай тасаввурга боради?
Дарвоқе, биз фақат хатни топширдик, холос. Унинг
кейинги тақдири нима бўлади, буёғи бизга қоронғу.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий