понедельник, 12 октября 2015 г.

Made in Uzbekistan, made in… Маҳсулот харид қилишда қай бирини танлайсиз?


Аввало шуни айтиш лозимки, ўзга юртдан ўз мамлакатида ишлаб чиқарилган маҳсулотни харид қилиш бу ватанпарварликнинг олий намунасидир. Нафақат хорижда, балки ички бозорларда ҳам миллий маҳсулотларни танлаш кўпгина халқларга хос хислат ҳисобланади. 


Бир вақтлар бизда маҳсулот харид қилишда танлаш имконияти жуда паст бўлганлиги сабабми, ишқилиб, “импорт” маҳсулотга ўчлик шу қадар шаклландики, бундан ҳали-бери қутулолмасак керак. Бир нарсани тушуниш лозим. Олдин магазинга фақат уч-тўрт хилдаги кийим-кечак келгани, сифат охирги масала бўлгани учун чет эл товарнинг қадри баланд эди. Ҳозир ундай эмас. Мисол учун, битта кўйлакнинг юзлаб турини бозордан топиш имконимиз бор. Кўпгина маҳсулотларни ҳаттоки бир дона харид қилмоқчи бўлсангиз ҳам дидингизга мослаб, истаганингиздек буюртма беришингиз мумкин. Эндиликда, мана шундай шароитда хориж маҳсулотини ўзимизникидан устун қўйишни уят, деб ҳисобласак ҳам бўлади.
Бир одат бор бизда. Қаерга борсак, яқинларимизга, деб ўша ернинг нарса-буюмларидан олиб келамиз. Хориждан қайтган ҳамюртларимиз ҳам ҳеч бир яқинини қуруқ қолдирмайди. Бу яхши одатдир балки. Ўз юртида ишлаб чиқарилган маҳсулотни чет эл бозоридан, нисбатан қимматроқ нархда харид қилган киши бизда топилмаса керак. Бир неча йил Европада бўлган кишининг суҳбатдошларига “Кореялик шеригим юртига қайтаётиб болаларига корейсча буюмлар сотиб олса бўладими” дея кулаётганини ўзим кўрганман.
Хўш, нима қипти? Ахир, мен фалон давлатнинг маҳсулотини харид қилишни хоҳлайман, дейишингиз мумкин. Қатор истеъмолчилар билан суҳбатда шунга ўхшаш фикрларни эшитдик. Бир истеъмолчи “Ўзимизда ва хорижда ишлаб чиқарилган бир хил сифат, бир хил нархдаги пойабзалнинг қайсини танлайсиз” деган саволимизга “Қайси кўзимга яхши кўринса” деб жавоб бергани ҳайратимни оширди.
Коллежда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган танишим билан гаплашиб қолдим. У маънавият соатида ўқувчиларга қуйидагича тушунтириш берибди. “Агар сиз, мен, ҳаммамиз фақат ўзимизнинг маҳсулотлардан харид қилсак, корхоналаримиз фаолияти янада кенгаяди, минглаб қўшимча иш ўрни яратилади, нархлар янада арзонлашади. Бу корхоналарнинг давлатга берадиган солиқ ҳажми ошади. Эвазига ҳаётимиз янада фаровонлашади, давлатимиз иқтисоди бундан-да юксалади”. Ўқувчиларининг деярли барчаси бу гапларни янгилик сифатида қабул қилиши, уларда оилада ҳеч қачон бундай тушунча берилмаганини англатади, – дейди ўша ўқитувчи.
Бир вақтлар давлат сифатида эндигина шакллана бошлаган Сингапур халқи номидан айтилган мана бу гапга эътибор беринг:
“Саноатимиз рақобатга дош беролмайди, бозорларимизни хорижнинг сифатсиз маҳсулотлари эгаллаб олган. Ҳеч қандай даромад манбаимиз йўқ. Бизда на ер ости, на ер усти бойликлари мавжуд. Аммо эркинмиз, ғайратли ёшларимиз, ватанпарвар халқимиз бор. Биз дунёни забт эта оламиз”. Майдони жиҳатдан қитъанинг энг кичик давлати ҳисобланган Сингапур қисқа вақт ичида ўз саноати, биржаси, маркетинг, менежмент хизмати билан дунёга танилди. “Осиё йўлбарси” номини олди. Бунинг биринчи омили Сингапур халқи аввало, ҳар қандай шароитда ҳам етук кадрлар тайёрлашга ҳаракат қилган бўлса, иккинчидан, бу халқнинг ҳар бир вакили мамлакатда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. Ҳамюртлари ёрдами билан ички бозорни эгаллаган ишлаб чиқарувчилар жаҳон бозорига ҳам чиқа бошлади. Бу каби мисолларни Жанубий Корея, Тайвань, Малайзия каби иқтисоди ривожланган мамлакатлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Юрт равнақи учун озгина бўлса-да қайғурадиган кишининг бу борада тўғри йўл танлашига шубҳамиз йўқ. Айтиш мумкинки, қалбида миллий фахр, ифтихор бўлган кишигина маҳаллий саноат маҳсулотларини танлайди. Аммо барибир ўқув юртларида, маҳаллаларда, кези келса ҳар қандай даврада ҳам кишиларга бу ҳақда тушунча бериш керак, назаримизда. Токи, ёрлиғида ўз ватани номи туширилган маҳсулотни танлаган кишининг устидан кулиб, кулгига қолмайлик. 

Комментариев нет: