суббота, 10 октября 2015 г.

Сирли қўнғироқ (Ҳикоя)

Одамнинг олтинчи сезгиси ҳақида эшитган чиқарсиз, эҳтимол. Айтайлик, иш столингизда нималардир ёзиб ўтирибсиз. Тўсатдан орқангизда кимдир сизни кузатиб турганини ҳис қиласиз – кўрмасдан, эшитмасдан туриб. Кимлигини билиш учун бурилиб қарайсиз, ҳақиқатан ҳам биров қараб турибди. Энди тасаввур қилинг, ўша вазиятда ортингизга қарамай, кузатувчингиз ким эканини билмай туриб ишлай оласизми? Қизиқишингизни тийишга неча дақиқа сабр қила оласиз? Бир, борингки уч дақиқа. Камина эса «ортимдаги» ким эканини йиллар давомида билолмадим.


Ҳаммаси олийгоҳда бошланганди. Иккинчи курсга ўтиб, маълум вақт ижара уйда бир ўзим яшашимга тўғри келди. Ўқишларим яхши, ҳарҳолда, дарсларни вақтида тайёрлайман. Аслида ўрнимда бўлган ҳар қандай ялқов ҳам бу уйда дарс тайёрлашга мажбур эди. Хонамда бор нарсалар: фақат битта канали кўрсатадиган эски телевизор, фақат тек туриб гаплашишига мўлжалланган эски уй телефони, умрида бир марта, узоқдан бўлса ҳам, бадиий китобни кўрса бу дунёда армони қолмайдиган китоб жавони ва албатта ўзим. Хуллас, мана шундай уйда ёлғиз турган талаба дарс тайёрламаса зерикишдан бир нима бўлиши аниқ.
Муаммо шундаки, мен ҳар доим ухлаб қолиб, дарсга кечикиб бораман. "Будильник" сотиб олиш эса ҳар сафар стипендия олганимда эсимдан чиқиб кетарди. Мўлтираб қараганингизга ҳамма домла ҳам кўнавермайди. Жуда қаттиқ мулзам қилди бир куни инглиз тили ўқитувчимиз. Домлалар дарсларни яхши ўзлаштиришимни ҳурмат қилади. Аммо кечикиб келишимга ҳеч кўниколмади. Ҳай, барака топгур, салгина (масалан, ярим соат) кечикса нима қипти, дейдиган одам йўқ.
– Ахир, нима қилай, ухлаб қолаяпман-да – дедим ўзимни оқлаб. – Битта будильник сотиб оламан дейман, ҳар сафар…
– Бўлди, бўлди, – дея гапимни бўлди ўқитувчи, – стипендия олганда эсингиздан чиқиб кетади.
 Хўш, мавзуга қайтамиз. Ўша мен қаттиқ гап эшитган куннинг эртасига эрталаб ухлаб ётганимда телефон жиринглаб қолди. Тўнқир-тўнқир қилганча туриб, бориб гўшакни кўтардим. Нариги томондан эса гўшакнинг қўйиб қўйилган овози эшитилди. Елкамни қисдим, соатга қарасам 7:00. Яна озроқ ухлаб олсам ҳам дарсга етиб борсам бўларкан, деган илинжда энди ёнбошлаётувдимки яна телефон жиринглади. Гўшакни кўтарсам яна шу ҳолат: «ту-ут, ту-ут». Жаҳлим чиқди, уйқу ҳам қочиб кетди.
Худди шу ҳолат ҳар куни такрорланадиган бўлди. Вақт ўтиб, аҳвол шу даражага етдики, шунча вақт мобайнида мени ким уйғотаётганини билиш учун умримнинг беманироқ бир-икки йилидан воз кечишга ҳам тайёр эдим. Акам, опам ҳаққи – тайёр эдим! (оилада катта фарзандман). Сабр тоқатим тугагач, эрталаб соат олти бўлмай туриб, телефон ёнидан жилмай кутиб туравердим. Қўнғироқ бўлган заҳоти гўшакни кўтариб, шоша-пиша гапира кетдим.
– Илтимос, гўшакни қўйм…
– Ту-ут, ту-ут…
Эртаси куни яна такрорланди:
– Ахир, шошмасангиз-чи, мен фақат…
– Ту-ут, ту-ут…
Кейинги куни шоша-пиша айтган гапларимни бироз эшитди, аммо гапирмади. Бошқа телефон қилмади. Бирор ойгача кутдим, соат бешдан бошлаб кутдим. Йўқ, қўнғироқ бўлмади. Шундан кейин 4-курсгача бирор марта дарсга кечикиб борганим йўқ. Бир неча марта ижара уй алмаштирдим. 3-курсда ўртоқларим билан бирга турдик. Битирувчи курсга келиб нима бўлдию яна ўзим яшайдиган бўлдим. Аста-секин уйқучилик «фаолиятим» тиклана бошлади. Хонамда янги телевизор, ярим кечагача кино кўриб, эрталаб қаттиқ ухлаб қоламан. Бу ҳол бир неча марта такрорлангач бир куни эрталаб телефоннинг ёқимсиз жиринглашидан уйғониб юборди.  Бу ҳолат эртаси куни ҳам такрорлангач  икки йил олдинги воқеалар эсимга тушдию… Биласизми, юрагим така-пука бўлиб кетди. Кимдир бировга ўрганиб қолиши учун узоқ муддатли мулоқот талаб этилади. Ўрганиб бўлгач эса, маълум вақт кўришмаса, гаплашмаса соғинч деган ҳисни туяди. Балки ишонмассиз, аммо мен билмадим, ўша қўнғироқними ёки қўнғироқ қилгувчиними, на юзи, на овозини танимасам-да жудаям соғинган эканман. Мени уйғотган одамнинг кимлигини шунчалар билгим, ҳеч бўлмаса икки оғиз шунчалар гаплашгим келдики, яна узиб қўйишидан қўрқиб, гўшакни кўтаришга ҳам юрагим бетламасди. Узиб қўйишидан қўрқдим, албатта. Инсон мияси чексиз имкониятларга эга дейишади. Бирор бир фавқулодда ҳолатда ўша имкониятларни ўзингиз билмаган ҳолда ишлатиб юбораркансиз. Бунга ўша куни ишонч ҳосил қилдим. Гаплашишга кўндириш учун нима дейиш борасида жуда кўп "вариант"ларни атиги бир неча сония ичида санаб чиқдим. Лекин бир тўхтамга келолмадим. Хуллас, гўшакни кўтардим. Ва жим туравердим, у ҳам жим. Сезиб турибман, гапиришим билан гўшакни қўяди. Тахминан 10 сониялардан кейин таваккал қилдим:
– Раҳмат!
– Ту-ут, ту-ут…
Бошимни ушлаб, стулга ўтириб қолдим. Ким бу ахир?! Узоқ ўйладим. Барча эҳтимолларни таҳлил қила бошладим. Хўш, ўқишда кимлар уйқучилигимни билади? Кулгили савол – ҳамма билади! Демак, изланишни бошқача давом эттираман. Ўқишда кимлар билан муносабатим яхши? Шуниси аниқки ўғил бола ўлиб қолса ҳам ҳар куни эринмай телефон қилиб, мени уйғотмайди, айниқса эрталаб. Кечқурун телефон қилиши мумкин. Улфатлашиш ёки бошқа бирор ўзига ҳам нафи тегадиган мақсадда. Демак… ўзимам шундай ўйлагандим. Лекин ким, Зарифамикан? Йўқ, у ўзини дўстдек кўрсатгани билан аслида дарсга кечикиб боришимни жудаям хоҳлайди. Дурдонами, ҳечам-да, у умрида бировни ўйлайдиган одам эмас. Гулнора! Мен билан яхши келишади. Ие, узр, унинг ўзи ҳам кечикиб келади. Шахноза-чи? Жудаям ақлли қиз. Лекин, у нима учун менга қўнғироқ қилиши керак? Ҳеч бир дўстлашган жойимиз йўқ, менга ёқтириши ҳам қийин-ов, ақлли қиз дедим-ку. Майли, ҳазил ўз йўлига. Лекин мен ростданам бир тўхтамга келолмасдим. Беш-бегона одамнинг юзига тикилган ҳолда исмини топишга ҳеч уриниб кўрганмисиз? Бу нимаси биландир ёқимли бўлса-да энг самарасиз машғулот. Менинг ҳаракатларим ҳам шунга ўхшарди.
Келинг, тасаввурингиз тўлиқ бўлиши учун қиёфамга ҳам назар ташлаб ўтайлик. Юзимда болаликдан қолган чандиқ бор. Мол боқишда ҳўкизимиздан кутилмаганда зарба ўтказиб юбориб, ярим соат "нокаут" ҳолатига тушганман. Лекин буни жўраларимга айтгим келмайди. Бир куни курсдошим Илҳом шу чандиқнинг қандай пайдо бўлганини сўраб қолди. Ҳазиллашиб, афғон урушида иштирок этганимда юзимга снаряд парчаси теккан, дедим. Илҳом юзимга бир пас тикилиб туриб, «Менимча, афғондаги аскарларнинг барчаси автомат билан юзингдан отган бўлса керак», дейди.
Майли, бу ҳеч нарсамас, энг ёмони, бирор гапни айтсам, айниқса домлалар кўзимга шубҳа билан қарайди. Эй, одамлар, мен умримда ёлғон гапирмаганман, деб ҳайқиргингиз келади. Юзингизга қараб сизни ёлғончи деб ўйлашса, алам қиларкан. Буларни сизга айтишимнинг сабаби кейинги вақтларда "кимдир мени севиб қолдимикан, балки қўнғироқнинг сабаби шудир" деган шубҳада юрибман. Мана ташқи қиёфам билан озроқ танишдингиз, айтингчи, шундай бўлиши мумкинми?
Аммо нима бўлган-да ҳам менга кимнингдир яхшилик қилаётгани рост эди. Яна ўша савол: Ким у? Очиғи, унга нисбатан меҳрим орта бошлади. Унинг бир кун келиб ўзини танитишига умид қилардим. Ахир, ҳар қандай яхшиликдан ҳам манфаат, майли манфаат эмас, чиройлироқ қилиб мақсад дейлик, ишқилиб, шунга ўхшаш нарса бўлиши керак-ку. Ҳар ҳолда мен шундай ўйлайман. Умуман, ҳеч қандай манфаатсиз бировга яхшилик қилгувчи инсоннинг мавжудлиги масаласи менга жумбоқ бўлиб келган. Тўғри, камбағал-бечораларга ўз ҳисобидан ёрдам кўрсатган қанчадан-қанча бойваччаларни таниймиз. Ҳамма бало шундаки – таниймиз! Ҳеч ким бировга билдирмасдан, овоза қилмасдан шу ишни қилмайди. Энг катта манфаатпарастлик олқиш ва миннатдорчилик кутиш эмасми? Ночор одамнинг "эшигим олдида кимдир каттагина пул ташлаб кетибди" деганини "Занжир" деган фильмда кўрганман, холос. Ҳаётга қайтадиган бўлсак, қўнғироқ эгасини топишим, эҳтимол бу жумбоқни ечишда қўл келар. Бироқ, мен ўқишни тугатиб, оилали, бола-чақали бўлиб кетганимдан кейин ҳам унинг кимлигини билолмадим.
Орадан йиллар ўтиб буларнинг ҳаммаси бутунлай ёдимдан чиқиб кетиши мумкин эди. Аммо яқинда бир воқеа бўлдию ёшликдаги дўстим яна ўзини эслатди. Вилоятимизга хорижий олимлардан иборат йирик делегация келадиган бўлди. Бошлиқ ҳузурига чақириб эрта тонгда меҳмонларни кутиб олиш учун мен ҳам вокзалга боришим шартлигини уқтирди. Ҳар куни узоқ тумандан ишга келаман. Эрта тонгда етиб келолмайман, деган ҳадик билан ўша куни шаҳар марказидаги ижара уйлардан бирига жойлашдим. Эртанги мулоқот режаси ҳақида ўй суриб қачон ухлаб қолганимни билмайман. Тушимда меҳмонлар билан шаҳар айланарканмизу тинимсиз қўл телефоним жирингларкан. Туш-да, қўнғироққа жавоб берсам ҳам жиринглайверармиш. Жиғибийрон бўлиб уйғониб кетдим. Аслида телефон ўнгимда жиринглаётган экан. Соатга қараб додлаб юбордим. Меҳмонлар етиб келишига атиги ўн беш дақиқа қолибди. Дарҳол такси чақиртириб, кўйлай-шимни кияр-киймас, галстук ва костюмни қучоқлаганча зинадан пастга югурдим. Подьезднинг ярмига етганда қўлимда ҳалиям жиринглаб ётган телефоним ёдимга тушиб, югуришдан тўхтамаган ҳолда жавоб бердим: "Алло, мен йўлдаман, мана, етиб келаёздим, ким бу…" сезиб турганингиздек, алоқа узилди. (Аммо мен ўшанда бу менинг ёшликдаги қадрдоним эканини ҳали хаёлимга ҳам келтирмагандим). Ажабланиб, кирувчи қўнғироқ рақамини кўрмоқчи бўлсам, яширин рақам экан. Бир ой олдин бир муҳим тадбир ўтказиладиган кунда ҳам эрталаб худди шундай қўнғироқ бўлганди. Тўхтадим. Хаёлимга ўтган йиллар давомидаги сирли қўнғироқлар кела бошлади, ўйлаб қарасам, ҳар доим жиддий вазиятларда бу қўнғироқ менга йўлдош бўлган экан... Нега шу пайтгача бу хаёлимга келмаганига ҳайрон бўлдим. Айни вақтда вужудимни ҳам ёқимли, ҳам изтиробли бир ҳиссиёт эгаллаб олганди. Худди жуда олисдан таралаётган сеҳрли куйни яхшироқ эшитиш илинжидаги одамдек аланглаб қолдим. Бу қандай тасодиф? Ёки ростданам ўша одаммикин? Наҳотки ўша бўлса? Тинимсиз сигнал бераётган такси хаёлимни бўлди.
Машинага ўтирарканман, миямга келган фикрдан хурсанд бўлиб кетдим: Ҳозир техника тараққиёти асрида яшаяпмиз. Уяли алоқа компаниясига бориб, бир зумда менга ким қўнғироқ қилганини аниқлашим мумкин. Ҳа шундай қиламан! Шунча вақт қийнаб келган саволга жавоб топилади. Ҳайдовчига "фалон уяли алоқа компанияси офисига ҳайданг" демоқчи бўлдиму яна тўхтаб қолдим. Ғойибдан менда шунча ҳурмат уйғотган, ҳар доим мендан хабардор бўлган инсонни ниҳоят аниқлаш арафасида негадир юрагим қаттиқ ура бошлади. Худди менга хайрихоҳ инсон рўпарамда тургандек ҳаяжонлана бошладим. Уни аниқлангач, кейин нима бўлади? Агар у менга таниш инсон бўлса, (шундай бўлиши аниқ) унга нима дейман. Ҳозир ўша одам ҳақида мен қандай фикрдаман? Кейин қандай фикрда бўламан? Уни топсам ўзи бу ишдан хурсанд бўлармикан ёки аксинчами? Ахир у ҳеч қачон ўзини таништиришни истамаган-ку! Вокзалга етиб келиб меҳмонлар қаршиида турганимда ҳам шу саволлар билан банд эдим.
Ўша куни мен бир жумбоқли саволга жавоб топдим. Бу одам ҳеч қандай манфаатсиз шунча вақт менга қўнғироқ қилиб келди. Ҳатто ўзини таништиришни ҳам манфаат, деб билган экан-да.
Унинг кимлигини билишга қизиқаяпсизми? Бу сирлигича қолса бўлмайдими? Бундай одамлар ҳар биримизнинг атрофимизда бор. Уларни кашф этиш керак, холос.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.

1 комментарий:

Isomiddin Pulatov комментирует...

Шунакасиям булади. Галати холат. Яхши хикоя.