Самарқанд вилоятининг энг қадимий дарахти Ургут туманидаги Чорчинор зиёратгоҳи ҳудудида. Бу ердаги энг кекса дарахт экилганига 1087 йилдан ошган.
Халқимизнинг яхши одатлари кўп. Улардан бири дарахт экиб қолдириш. Чунки дарахт кўп йиллар давомида, ҳатто бир неча авлодларга хизмат қилиши мумкин.
Юз йиллик дарахт давлат муҳофазасига олинади. Негаки ҳозирги вақтда нафақат вилоят ёки мамлакатимизда, балки дунё миқёсида қадимий дарахтлар сони камайиб бормоқда. Айни вақтда Самарқанд вилоятида юз ёшдан ошган 198 та дарахт мавжуд бўлиб, барчасига “Давлат табиат ёдгорлиги” мақоми берилган. Уларнинг энг кўпи Ургут туманида жойлашган (117 та).
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг энг қадимий дарахти ҳам шу тумандаги Чорчинор зиёратгоҳи ҳудудида. Бу ердаги энг кекса дарахт экилганига ёши 1087 йилдан ошган. Мазкур ҳудудни қадимий чинорлар музейи дейиш ҳам мумкин. Чунки бу ерда 700, 800 ва минг йиллик ошган яна бир қанча дарахтлар мавжуд. Бу каби қадимий ўсимликлар юртимизда саноқли ҳисобланади. Солиштириш учун айтиш мумкинки Тошкент вилоятидаги энг қадимий дарахтнинг ёши 120 йилга тенг.
Қадимий чинор дарахтлари Пайариқ, Тайлоқ, Нарпай, Оқдарё туманлари ва Самарқанд шаҳрида ҳам сақланиб қолган. Булардан ташқари вилоятимизнинг айрим ҳудудларида юз ёшдан ошган арча, дўлана, қайрағоч, тут, ёнғоқ ва қрим қарағайи дарахтлари борки улар ҳам вилоятимиз экологияси ва экотуризми учун ниҳоятда қадрли ҳисобланади.
Самарқанд шаҳридаги университет хиёбони яқинида жойлашган ботқоқ кипариси (100 йиллик) ва Нарпай тумани Қадим ҚФЙ ҳудудидаги Баобаб (150 йиллик) дарахтлари ҳам вилоятнинг энг ноёб дарахтлари сирасига киради.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий