четверг, 15 октября 2015 г.

Бойлик келтирган уч мингта тувак

"Бундан олти-етти йил олдин тирикчилик учун нима иш қилсам экан, деб ўйлаб юрардим. Бошланғич маблағ йўқ, учта қорамол ва мўъжазроқ томорқадан нима чиқариш мумкин? Ўша вақтларда бирор юмуш билан шуғулланиш учун банкдан кредит олиш мумкинлигини ҳали билмасдим. Ниҳоят бир режа ўйладим..."

Иштихон туманидаги кўп тармоқли фермер хўжаликларидан бири билан суҳбатлашганимда қандай қилиб шунча юзлаб чорва, минглаб паррандалардан иборат ферма ҳамда каттагина балиқ бизнеси фаолиятини йўлга қўйганини айтиб берди. Ушбу фермер ҳеч кимнинг хаёлига келмаган йўл билан пул топгани учун унинг ҳикоясини эълон қилишга қарор қилдим.
"Бундан олти-етти йил олдин тирикчилик учун нима иш қилсам экан, деб ўйлаб юрардим. Бошланғич маблағ йўқ, учта қорамол ва мўъжазроқ томорқадан нима чиқариш мумкин? Ўша вақтларда бирор юмуш билан шуғулланиш учун банкдан кредит олиш мумкинлигини ҳали билмасдим. Ниҳоят бир режа ўйладим. Ҳар куни маҳаллий ўғит (чорва чиқиндиси)дан стакан кўринишидаги идиш ясай бошладим. Уларни офтоб тиғида яхшилаб қуритиб сақлаб қўявердим. Январь ойининг охирларида идишлар сони уч мингтага етиб қолди. Ана шундай кейин бир танишимдан илтимос қилиб қовун ва ҳандалак уруғлари келтирдим. Идишларга унумдор тупроқ тўлдириб ичига биттадан бояги уруғларни экиб чиқдим. Тувакларни ўзим яшайдиган хоналардан бирига жойлаштирдим, қиш бўйи сув бериб турдим.
Баҳор келиб, кишилар экин экишни бошлаб юборган пайтда менинг ниҳолларим бўй чўзиб қолганди. Томорқани экинга тайёрлагач, қатор олиб қовун ва ҳандалакларимни идиши билан бирга экиб чиқдим. Яхшилаб бир суғорганимдан кейин табиийки, қаттиқ туваклар юмшаб, тупроқдек бўлиб қолди. Парваришни қунт билан давом эттирдим. ¥осил эса кутганимдан бир неча баравар яхши бўлди. Энг асосийси, мен бозорларда полиз маҳсулотлари чиқишидан бир ярим ой олдин тайёр бўлган ҳосилни сотувга чиқардим. Харидорлар шунчалик кўпайиб кетдики, қўл-қўлга тегмай қолди. Ўша йили олган даромадим ҳаётимни ўзгартириб юборди. Балиқчилик учун озроқ ер олдим. Дарров техника топиб ишни тезлаштириб юбордим. Кейинроқ парранда сотиб олиб парваришлашни бошладим. Бугунги кунга келиб кўп тармоқли фермер хўжаликлардан бирини бошқариб турибман. Хуллас, инсон ҳаётда нимани орзу қилса, меҳнат қилиб ҳаммасига эриша оларкан."

Комментариев нет: