вторник, 13 октября 2015 г.

Интизомсизлик атрофдагилар учун ҳам зиён

Жамоат ташкилотларидан бири ҳар сафар тадбир ташкил этса таклифномада кўрсатилган вақтдан бир соат кейин бошланади. Тадбирни шунва вақт кеч бошлаган корхона раҳбари ҳам ҳеч қандай изоҳ бериб ўтирмайди. 


Интизомсизликка баъзан киши обрўйига унчалик ҳам соя солмайдиган, кўпам хавфли бўлмаган арзимас нуқсон деб қараймиз. Лекин айрим саволларга жавоб изласак, интизом масаласи нима эканлигини теранроқ англаймиз.
Гап фақат интизомсизлик натижасида ўз вақтида ишга келмаслик ёки ўзига берилган топшириқни вақтида бажармаслик ҳақида эмас. Интизомсизлик ана шу "майда" иллатлар билан бошланиб бутун корхона, умуман, жамият ривожига тўсиқ бўладиган хавфга айланади.
Аслида интизом муваффақиятга эришиш учун ҳамма нарсага қодир экани, усиз эса ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини ҳаммамиз ҳам яхши билганимиз ҳолда кўпинча бунга амал қилиб ўтирмаймиз. Ёш бўлишига қарамасдан ишда ҳам илмда ҳам ҳаётда ҳам жуда кўп муваффақиятларга эришган бир танишим бор. Яқинда мендан ўқиб чиқиш учун бир китоб сўраган эди. Ваъда қилинган куни ишхонамга келиб китобимни қайтариб берди. Қизиғи, шундаки, китобни топширгач, ёндафтарчасини чиқариб бугунги сана кўрсатилган варақдаги "… 4. Китобни эгасига қайтар" деган ёзувнинг устидан чизиқ тортиб қўйди. Қарасам, худди шундай яна бир қанча ўзига қараган топшириқлар битилган. Дўстимнинг хотираси жойида эканини яхши биламан. Шу сабабдан унинг бу иши менга ғалати туюлди.
Кейинроқ билишимча у ҳар куни эрталаб ишга отланишдан олдин бажариши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олар, қатьятини янада кучайтириш, ҳар бир вазифани албатта бажариш учун уларни ёндафтарига ёзиб оларкан. "Бора-бора шу даражага етдимки, ёндафтардаги бирор бир топшириқ ўчирилмаса кечқурун ўзимни хотиржам ҳис қилолмайман" дейди танишим. Қисқаси бу одат уни аввало интизомга ўргатган бўлса, интизом орқали у юқорида айтганимиздек, кўп нарсаларга эришди.
Афсуски, интизомсизлик фақат кишининг ўзига зарар келтирадиган иллат эмас, кўпинча бундан атрофдагилар ҳам зарар кўради. Жамоат ташкилотларидан бири ҳар сафар тадбир ташкил этса таклифномада кўрсатилган вақтдан бир соат кейин бошланади. Тадбирни шунва вақт кеч бошлаган корхона раҳбари ҳам ҳеч қандай изоҳ бериб ўтирмайди. Ҳар сафар ўзимнинг ҳам, таклиф этилган шунча одамнинг ҳам зое кетган вақтига ичим ачиса-да ўша ташкилот раҳбарига эътироз билдирмадим. Шунчаки, кейинги тадбирларига таклифномадан кўрсатилган вақтдан бир соат кейин борадиган бўлдим. Қолганлар ҳам буни одат қилишган бўлса, ажаб эмас.
Яқинда катта бир тадбир олдидан вилоят миқёсидаги йиғилишда роппа-роса бир соат кеч келган киши ҳамманинг эътиборини бўлди. Мен ҳам беихтиёр ўша томонга бурилдим. Эшик олдида айнан ўша – белгиланган вақтга амал қилмайдиган корхона раҳбари турибди.
Худди шундай корхоналардан бирининг ходимидан нима учун бирор марта тадбирингиз белгиланган вақтда бошланмайди, деб сўрадим. Унинг берган жавобига эса кулишниям, йиғлашниям билмайсиз: "Аслида биз тадбирни ўзимиз белгилаган вақтда бошлаймиз. Одамлар барибир кечикиб келишини ҳисобга олиб таклифномадаги вақтни бир соат ёки ярим соат олдин дея кўрсатамиз".

Мулоҳазамизга айрим тадбирларни мисол қилиб кўрсатган бўлсак-да интизомсизликнинг чегараси анча кенг ва хатарлироқ. Ўйлаб кўринг, интизомсиз киши қонунларни ҳурмат қиладими? Ўзига бириктирилган вазифаларни виждонан бажарадими? Йўқ, чунки у бунга ўрганмаган. Қонунларни ҳурмат қиладиган киши эса барча қоидаларга ҳам амал қилади. 

Комментариев нет: