пятница, 2 октября 2015 г.

Кўнгил сўраганга не етсин

У ўғлимни авайлаб кўтариб оларкан, “Илоҳим, соғайиб кетиб, келажакда ҳеч бўлмаганда мендек раҳбар бўлсин”, дея ният қилганида, очиғи кўзимга ёш келди”.


Иллатлар, камчилик ва нуқсонлардан нисбатан холи одамни фариштага қиёслаймиз. Лекин фаришталар ҳам мискин ё бирор бемор ҳолидан хабар олишга бораётган инсонга айланиб қолишни исташаркан. Инсонни улуғ қилган нарса инсонийлик бўлса, бемор, бева-бечора ҳолидан хабар олиш, дарҳақиқат унинг тожидир.
Иш, кундалик юмушлар, ошна-ю улфатлардан ортиб яқин ўртада ана шундай ишга қўл урганмисиз? Кўпчилик одамлар ушбу савобни олгач, руҳий тетиклик, кўнгил хотиржамлигига эришиб, ғайрат билан яна ўз ишларига шўнғиб кетганини айтишади. Бундан-да муҳими, сиз ҳол сўраган хабар олган кишининг далда олиши, унда ҳаётга умид ортиши, жамиятга керак эканини, ҳали дунёда меҳр деган нарсанинг бор эканини ҳис этишидир.
Бир танишим билан шу мавзуда суҳбатлашарканмиз бир неча йил олдин, Янги йил байрами арафасида бўлиб ўтган воқеани айтиб берди.
“Бу байрамни кўпчилик оилавий тарзда, барча яқинлар бир дастурхон атрофида ўтказиши маълум. Мен ҳам эсимни таниганимдан буён янги йилни байрамни уйдагилар билан кутиб оламан. Нима бўлдию байрам арафасида тўсатдан икки яшар ўғлимнинг тоби қочиб қолди. Врачлар кўрсатмасига биноан уни ойиси билан шифохонага ётқизиб, уйга қайтдим. Уйда ёлғиз, бу аҳволда байрам татимаслигига кўзим етгач, ўзим ҳам янги йил оқшомини шифохонада ўтказишга қарор қилдим.
Касаллик вақт-соат танламайди. Шу куни шифохонада биздан ташқари ҳам бир қанча бемор болалар ва уларнинг ота-оналари бор эди. Кутилмаганда “Байрамни бирга ўтказарканмиз-да” деганча хонага совға-саломлар кўтариб, туманимиз раҳбарларидан бири келиб, ҳаммани хурсанд қилиб юборди. Йўқ, гап у олиб келган совғада эмас. Шунчаки биз айни Янги йил базми қизиётган маҳалда бу ерга бировнинг йўқлаб келишини кутмагандик. Туманимиз раҳбарини шу вақтгача кўрмаган эдим. Ҳозир эса у биз билан байрамни кутиб олмоқчи. У ўғлимни авайлаб кўтариб оларкан, “Илоҳим, соғайиб кетиб, келажакда ҳеч бўлмаганда мендек раҳбар бўлсин”, дея ният қилганида, очиғи кўзимга ёш келди”.
Кейинги вақтларда урфга айланиб бораётган собиқ синфдошлар учрашуви, курсдошлар учрашуви, дўстлар давраси… хуллас, ҳаж зиёрати насиб этган улуғларимизнинг “ҳожи оши”гача турли номдаги янгича тадбирларга ҳамиша вақт топилади. Аммо негадир кимнингдир ҳолидан хабар олиш ҳақида гап борса, кўпчилик ишининг кўплиги, вақт озлигидан нолийди.
Яна бир гап. Ўйлаб кўрсак, барча замонларда жамият ривожига тўсиқ бўлиб келган таъма аталмиш иллатни ҳатто юқоридаги савобли ишга ҳам қориштириб улгурибмиз. Бироз мазаси бўлмаган бошлиғини кўришга албатта борган кишининг шу идора оддий ходими ҳолидан  хабар олмагани бу таъма эмасми?
Олийгоҳда ўқиб юрган кезларимизда ўта қаттиққўл ўқитувчимиз шифохонага тушиб қолди. Бир ҳафта ичида деярли бутун факультет талабалари хабар олишга боришди. Битта стипендияга тенг пулга тўрвамизни тўлдириб, биз ҳам кириб бордик. Домла бизга раҳмат айтаркан, гап орасида жўраларингни ҳам кўришга бордиларингми, деб сўраб қолди. Нима дейишни билмай қолдик. Чунки курсдош ўртоғимизнинг касал ётганига бир неча ҳафта бўлганди-да. Шунда у киши палатадаги музлаткични очиб, келтирган нарсаларимизни қўйишга ҳам жой қолмаганига ишора қилди. Тўғри курсдошимизнинг уйига йўл олдик. Айниқса, онаси жуда хурсанд бўлиб, узоқ дуо қилди. Лекин биз худди қарғиш олган одамдек ётоқхонага қайтгандик. Ўша куни устозимиз бизга бир умрга ёдда қоладиган сабоқ берганди. Ҳа, айтганча домланинг яна бир гапи ҳеч эсдан чиқмайди: Шогирднинг устозидан хабар олиши учун фаросатнинг ўзи кифоя, устознинг шогирди ҳолидан хабар олиши учун эса жуда катта олижаноблик керак.
Бу сабоқ барчамизга тегишли эканини унутмасак бўлгани. 
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ. 

Комментариев нет: