среда, 7 октября 2015 г.

Давлат кучи нимада?

Ҳар қандай халқ халқаро майдонда мустаҳкам ўрни, ўзининг айтар сўзи бўлишини истайди. Хўш, бунинг учун мамлакат халқи нималарга эга бўлмоғи ёки нима қилиши лозим?


Албатта, бу борада ҳар бир даврнинг маълум меъёрлари мавжуд. Мисол учун, ўтган асрда ҳарбий жиҳатдан қудратли давлатлар халқаро миқёсда нисбатан юқори нуфузга эга бўлишган.
Бундан ўн йил олдин таниқли рус олими Никита Восеевнинг “Ахборот жамияти” (Информационное общество, Москва, 2004.) тўплами бутун дунё сиёсатчиларининг эътиборини тортди. Олимнинг қарашлари акс этган тўпламда юқорида биз тўхталган саволга ҳам жавоб берилган: “Эндиликда давлатлар эҳроми чўққисини ҳозиргидек энг кўп қурол-яроғ ишлаб чиқараётган мамлакат ҳам, ер бағридан энг кўп бойлик қазиб олаётган ҳам, ҳаттоки, энг кўп ҳисоблаш ва бошқа электрон асбоблар ишлаб чиқараётган мамлакатлар ҳам забт этолмайди…” Муаллифнинг фикрича, бундан буён янги илмий ва техникавий ғояларни қўллаб-қувватлаган, юқори малакали ва интизомли фуқаролари бўлган ҳамда юксак “жамоавий ақл”га эга мамлакатлар олдинги марраларни эгаллайди.
Юқоридаги омиллар ораси кейинги йилларда сиёсатшунослик олами мамлакат халқининг умумий қарашлари, онги, иродаси, юз бераётган воқеа-ҳодисалар, ўзгаришларга муносабати ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги таъкидланмоқда. Бу “жамоавий ақл” атамаси билан номланиб, муайян доира вакиллари орасида тобора кўпроқ ишлатилмоқда. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизнинг ривожланиши учун ҳамюртларимиз дунёқараши, улар онгидаги ўзгаришлар ҳам муҳим экан.
Газетамизнинг олдинги сонларида вилоят ҳокимининг фаол, фахрий кекса-нуронийлар билан бўлиб ўтаётган учрашувлари, суҳбатларда олиб борилаётган ишлар мазмун-моҳияти хусусида тушунча берилаётгани, улар билан эркин савол-жавоблар ўтказаётгани ҳақида хабар бергандик. Эътибор берган бўлсангиз, юртимиздаги ҳар бир оммавий ахборот воситасида ҳам ислоҳотлар моҳияти, жамият ҳаётидаги аҳамияти ва уларнинг истиқболи ёритиб борилади. Буларнинг ҳаммаси бежизга эмаслигини англаётгандирсиз?
Шукур, одамлар қараши жуда тез ўзгариб бораяпти. Кимдир фарзандлари учун қурилаётган замонавий иншоот ёки ўқув масканларини кўриб, яна кимдир, ўз яшаш даражасининг ошаётганига холисона баҳо бериб, бошқа биров эса давлатимизнинг халқаро нуфузи ошиб бораётганини кўриб тўғри хулоса чиқармоқда. Ён-атрофда кечаётган воқеаларни кўриб, қалбида юртимизга нисбатан фахр туйғуси ортган кишилар қанча.
Яқинда иқтисоди бақувват мамлакатлардан бирида ишлаб келган бир танишим билан учрашиб қолдим.
– Денгиз портларидан бирида ишладим, – деди у. – Атрофимдаги ишчилардан бири ёши анчага бориб, мункиллаб қолган аёл киши эди. Унинг ишлашга қийналаётганини кўриб, мени бир савол қийнарди. Шу ёшида жисмоний меҳнат билан шуғуллангандан кўра, ҳаётий тажрибасини ёшлар билан ўртоқлашиб, кексалик нафақаси билан кун кўрса яхшимасми? Бир куни шу саволни унинг ўзига бердим. Аввал саволимни тушунмади. Кейин эса шундай жавоб берди: “тўғри, биз жадал суръатда ривожланаётган, дунёга машҳур давлатда яшаймиз. Аммо бу кексайган ҳар бир кишига нафақа бериш керак дегани эмас. Агар шундай йўл тутилса, буни бирор бир мамлакат хазинаси кўтаролмайди-ку!”. Қисқаси, уларда кексалик нафақаси берилмаслигини ўшанда билдим. Яна шуни англадимки, дунёнинг аксарият мамлакатларида ўз ишлаб топган пулидан жамғариб борган саноқли кишларгина нафақа олишаркан. Унга бизда кексалик ёшига етган ҳар бир фуқаро албатта моддий таъминотга эгалигини, аниқроғи пенсия олишини айтганимда кулиб қўяқолди. Ишонмади, назаримда.
Бу бир ҳамюртимизнинг юрагидан чиққан гап. Аммо ўзи хориж ҳаётини кўрмаган, тузукроқ тасаввурга ҳам эга бўлмаган айрим кишиларнинг “хорижда ундай, бизда эса ҳали ҳам мана бундай” дея давраларда “юраги куяётгани” кишига алам қилади. “Берсанг ейман…” қабилида иш тутадиган, мудом жамиятдан нолийдиган, чойхонаю давраларда ғийбатдан бўшамайдиган битта одам ўз атрофидаги қанча-қанча кишининг кўнглига ғулғула солиши, ишдан ва ҳаётдан совутиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олишимиз лозим.
Тўғри, ютуқлар билан бирга камчиликлар, муамолар ҳам йўқ эмас. Ношукурчилик ўрнига, мана шундай муаммоларни бартараф этишда бошқаларга ўрнак кўрсатиш, муаммо ва унинг ечими устида бош қотириб, хулосаларни бошқалар билан ўртоқлашиш, керак бўлса, газета орқали чиқиш қилиш имкониятидан бугун ҳеч ким маҳрум эмас. Лекин баъзан, юқоридагидек фаолликни қўя турайлик, қўлига газета, китоб ушламаган одамлар борлигидан дил оғрийди.
Биламизки Ғарб мамлакатлари техникавий тараққиёт чўққисига кўтарилди. Аммо айнан ғарб олимлари Европани ҳам Американи ҳам муқаррар таназзул кутаётганидан ташвишда. Улар ўзларидаги “жамоавий ақл” тобора бачканалашаётгани, “ўтмаслашиб” қолаётганидан ташвишда. Дарҳақиқат, анча вақтгача бу ерда эгоизмни фазилат деб ҳисоблашди. Турли ахлоқсизликлар эркинлик номи остида ҳимоя қилинди. Бугун эса ёшларнинг дунёқарашидан ҳамма ташвишда. Баъзи мамлакатларда ҳеч қайси ёш ишсизлик нафақаси билан бир умр кун кўришдан асло уялмайди. Гўё боқимандалик ҳам фазилату бу фазилатини намоён этиш учун имкон бериш керак.
Хулоса қилиб айтганда, қачондир, қайсидир давлат таназзулга учрар экан бунга фақат ва фақат ўша давлат халқининг дунёқараши, иродаси, онги, мудроқ босган виждони сабаб бўлади. Чунки ҳеч қандай бойлик уларнинг ўрнини босолмайди.

Комментариев нет: