вторник, 13 октября 2015 г.

Ташкилотга яхши мутахассис керакми ёки яхши одам? (Бир мавзуда икки фикр)


Ахир, расмий, яхши гапни “сотиб оладиган” одам билан иш битармиди? Хўш, қайтиб шу ташкилотга қадам босасизми?

1. Шубҳасиз, ҳамма жойда ҳам яхши одам керак. Яхши одам ўқиб, изланиш, ўрганиш оқибатида яхши мутахассисга айланиши мумкин. Аммо одамгарчилиги йўқ яхши мутахассис минг йил ўқиб, ўрганмайдими, қани яхши одамга айлансин-чи?
Бирор масалада мадад истаб тегишли бир ташкилот ходимига учрадингиз. У яхши мутахассис, лекин инсонийлик, самимийликдан йироқ, муомаласи ҳам сизга умуман ёқмади. Ахир, расмий, яхши гапни “сотиб оладиган” одам билан иш битармиди? Хўш, қайтиб шу ташкилотга қадам босасизми?
Баъзи бир яхши мутахассисларни биламан. Мурожаат қилиб келган кишини эшиги олдида соатлаб куттиради. Унга бошқаларнинг вақти қизиқ эмас-да. Яхши одам эса асло бундай қилмайди. У ташриф буюрувчининг дардини эшитади, кўнглини кўтаради, қўлидан келгунча ёрдам беради. Имкони бўлса, ташкилотдан ҳеч кимни ноумид қайтармайди. Аслида ходимнинг профессионал хизмат вазифасига шу ҳам киради-ку. 
Келинг, аниқ мисолларга тўхталамиз. Газ таъминоти идораларини олиб кўрайлик. Тегишли ташкилотларга тушаётган шикоят аризаларининг қанча-қанчаси газчилар хусусида. Нега шундай? Ахир бу идораларда ҳам мутахассислар ишлашади-ку! Мана, яхши одамлар нимага керак?
Маълум бир соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшган бирор инсоннинг ҳаёт йўли билан танишсак, “Яхши одамларнинг ёрдами билан ҳаёт йўлини топиб олди” каби жумлалар ўқиймиз. Демак, яхши мутахассис бўлиб етишиш учун ҳам яхши одамларнинг кўмаги керак экан-да.


2. Тўғри, яхши инсон бутун инсониятга керак. Аммо корхона, ташкилот учун яхши одамнинг ўзи камлик қилади. Умуман, ҳеч кўрганмисиз бирор корхонанинг бизга яхши одам керак, деган мазмунда эълон берганини? Албатта қайсидир йўналишдаги мутахассисларни чорлашади. Тасаввур қилинг, айтайлик газлама ишлаб чиқариш корхонасида станоклардан бири ишламай қолди. Атрофда яхши одам кўп, аммо бирортаси уни тузатишни эплолмаяпти. Яхши мутахассис йўқ-да.
Шу масалада гап кетганда кўпчилик, аввало, яхши одам керак дейиши тайин. Лекин худди шу фикрдаги одам ҳам корхонасига бир яхши мутахассис ва яна бир яхши одам иш сўраб келганида қайси бирини танлайди? Яхши одам бир йилга етмаёқ ишни ўрганиб кетади, деймиз. Ҳар ҳолда тадбиркор одам мана шу бир йил давомида унчалик ҳам фойда келтирмайдиган ходим учун ойлик бериб боришни хоҳлайди деб айтиш қийин.
Яхши одам ҳам ёмон одам ҳам яхши мутахассис бўлиши мумкин. Асосийси у ёмон мутахассисга айланиб қолмайди. Яхши одам эса маълум бир сабаб, шароит ва муҳит оқибатида ёмон одамга айланиб, элнинг назаридан қолган ҳолатлар ҳам бор.
Айтишингиз мумкин. Яхши одам турли товламачилик, бузғунчилик каби иллатлардан холи деб. Тўғри, лекин бу каби иллатлар асосан ўз ишини яхши билмаслик ва бекорчиликдан келиб чиқади. Ташкилот ходими минг яхши одам бўлмасин яхши мутахассис бўлмаса кўпинча бекор қолади. Яхши мутахассислардан эса фойда кўп, назорат яхшироқ бўлса, кифоя.

Дарвоқе, мактабларда болаларнинг билим ва тарбия олишлари, борингки яхши одам бўлишлари учун ҳам мутахассис жалб этилади. Бутун дунёдаги олий ўқув юртларини кўринг: Ҳеч қайсисида яхши одам тайёрланмайди, фақат мутахассислар. Хўш, жамиятга ким кўпроқ керак экан?

Комментариев нет: