Худди шу саволни сотувчига
бермаган харидор бугунги кунда орамизда топилмаса керак. Негаки, замонавий тўлов воситаси пластик
карточкани ёнимизда олиб юриш оддий ҳолга айланиб қолди. Маошимиз шунинг ичида
экан савдони ҳам пластик карточка орқали қиламиз. Шундай экан, юқоридаги
саволни беришимиз ҳам аниқ.
Бу саволга сотувчининг
йўқ, деб жавоб бериши каттагина жаримага олиб келади. Аниқроғи, Солиқ
кодексининг 119-моддасига биноан пластик карта асосида тўловларни қабул қилишни
рад этганлик – энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима солишга сабаб
бўлади. Буни биз билмасак ҳам сотувчи аҳлининг билиши аниқ. Шундай бўлгани
ҳолда "Терминалингиз борми?", деган саволни сиз мунғайиб, айбдорона
оҳангда айтасиз, сотувчи эса сизга ўқрайиб жавоб беради –
"Йўқ!". Хўш, аслида бу ерда ким айбдор, ким хижолат бўлиши ёки уялиши, янаям қўпол қилиб айтсак, қўрқиши керак.
Яқинда бир маҳсулотни
излаб бир нечта озиқ-овқат дўконига кирдим. Мен излаган маҳсулот ҳаммасида бор
аммо "Терминалингиз борми?" деган саволга бирортасида ижобий жавоб
ололмадим. Ўша куни яна шунга амин
бўлдимки, вилоятимиздаги энг катта, намунали бозор ҳудудидаги дўконларнинг
ярмидан кўпида терминал ишламайди ёки ишласа ҳам буни сотувчи ва
назоратчилардан бошқа ҳеч ким билмайди. Бундай ҳолатда табиийки бирор жойга
мурожаат қилсангиз ҳам ёлғончига айланиб қолишингиз ҳеч гапмас. Дарвоқе, худди
шундай манзарага ҳам ҳамкасбларимиз билан дуч келдик. Беш киши спорт
дўконларининг бирига кириб "кроссовка" харид қилмоқчи бўлганимизда
сотувчи терминал ишламаслигини айтганди. Шунда солиқ идорасининг "Ишонч
телефони"нинг топдик ва энди қўнғироқ қила бошлаганимизда сотувчи бизни
тўхтатди: "Шошманг, ука терминал йўқ демадим-ку ҳали"…
Пластик карталар билан
боғлиқ муаммо айрим сохта тадбиркорларга қўл келмоқда. Баъзан шаҳарда ҳам барча туманларда ҳам
пластик картадаги пулингизни маълум фоиз ҳисобига нақд қилиб берадиган
"тадбиркорлар" борлиги ҳақидаги гаплар қулоққа чалинади. Уларнинг манзилию қанча фоиз олишини барча билгани
ҳолда фақат тегишли назорат органлари ходимларининг бехабарлиги ажабланарли
ҳолат.
Яна бир гап. Қонунчилигимизда
фуқаро элекрон ҳамёнидаги маблағни истаган банкка кириб нақдлаштириб олиши
мумкинлиги белгиланган. Аммо амалда ҳозирча бирор
банкда бундай шароитни кўрмаяпмиз. Балки бу ҳам пластик карталар билан билан
боғлиқ муаммоларни юзага келтираётгандир.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.
"Зарафшон" газетаси. 10.11.2015 йил.
Комментариев нет:
Отправить комментарий