Самарқандлик олимлар шамол энергетикаси ривожлантиришга туртки берадиган ишга қўл уришди. Самарқанд давлат университети табиий фанлар факультети ўқитувчи ва талабалари вилоятдаги шамол йўналишлари бўйича изланишларининг илк хулосаларини олишди. Натижалар эса кутилганидан ҳам яхши – улкан ҳудудни эгаллаган Қарнаб чўлининг деярли ҳамма қисмида йил давомида эсадиган шамол ресурслари аниқланди. Бундан ташқари, Каттақўрғон сув омбори ва Самарқанд шаҳридаги Чўпонота ҳудуди, Булунғур, Қўшработ ва Пайариқ туманларида ҳам катта потенциалга эга шамол йўналишлари мавжуд. Аслида Самарқанд вилоятининг 70 фоиз ҳудуди уч метр секунд тезликдаги шамол йўналишларига эга. Юқоридаги айтганларимиз эса 3,5 – 4 метр секунд тезликдан ортиқ шамол йўлларидир.
Гарчи шамолдан энергия олиш қарийб бир асрлик тарихга эга бўлса-да, техник имкониятлар яқин кунгача унинг самарадорлигини чегаралаб турарди. Шу сабабли ҳам шамолдан электр энергияси олиш сайёрамизда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг нисбатан кам улушини ташкил қилади.
Аммо сўнгги йилларда ишлаб чиқарилаётган замонавий технологиялар шамолдан электр энергия олиш имкониятларини кескин оширди. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, шамолдан энергия олиш имконияти бутун дунёдаги гидроэлектр станциялар имкониятидан юз баравар кўп экан. Албатта, бу фақат ҳозирги шамол генераторлари имкониятидан келиб чиқиб айтилган хулосалар. Ҳолбуки, муқобил энергетика технологиялари эндиликда йил янгиланмоқда.
Шамол энергетикасининг ўзига хос томони шундаки, у барча энергия манбалари ичида энг арзони ҳисобланади. Шу сабабдан дунёнинг илғор давлатларида унга қизиқиш ортиб бормоқда. Ҳозиргача дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатида шамол ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Буюк Британия, Франция, Германия, умуман, денгиз билан чегарадош кўпгина мамлакатлар соҳилларида минглаб километрга чўзилган шамол генераторларини қурилмоқда. Қуёш нурлари нисбатан кам бўлган шимолий яримшарда жойлашган давлатларда ҳам шамолдан электр энергияси олиш стратегияси аллақачон ишлаб чиқилган ва ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Муқобил энергетикани ривожлантириш борасида Ўзбекистон ҳам фаол давлатлар сирасига киради. Кейинги йилларда ушбу соҳани ривожлантириш бўйича бир қатор қонун, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди, йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мисол учун, «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси ўз маблағлари ва грант асосида германиялик шериклар билан ҳамкорликда 2020 йилгача умумий қуввати 100 мВт.га тенг олтита шамол электр станцияларини ишга тушириш режалаштирган. Станцияларни Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақапоғистон Республикасида ўрнатиш кўзда тутилган. Мамлакатда шамол воситасида энергия оладиган ҳозирча ягона лойиҳа Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омбори яқинида жойлашган шамол электр станцияси аллақачон фаолиятини бошлаган бўлиб, у 750 кВт электр энергия ишлаб чиқаради.
Юртимизда шамол энергетикаси ресурсларининг миқдори ҳаммамизни қизиқтиради. Олимларнинг фикрича, агар мавжуд ресурсларидан унумли фойдаланилса, электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг ярмини шамол энергияси ёрдамида қондириш мумкин. Негаки, ҳудудларда ердан ўн метр баландликда шамол энергетикаси потенциали анча юқори. Бир дона шамол генераторининг 1 киловатт (ўнта 100 вольтли электр лампочкаси қувватига тенг) электр энергияси ишлаб чиқариши учун эса бу тезликнинг ярми кифоя. Умуман, бундай генераторлар шамолнинг тезлиги уч метр секундга етганда электр энергияси ишлаб чиқара бошлайди. Бу эса Самарқандда мазкур муқобил энергия туридан фойдаланиш истиқболлари юқори эканини англатади. Негаки, Самарқанд шаҳри ва бир қатор туманларда доимий шамол йўналишлари мавжуд.
Яқинда вилоятимиз олимлари ушбу соҳани ривожлантиришга туртки берадиган ишга қўл уришди. Самарқанд давлат университети табиий фанлар факультети доценти Арзимурод Раҳматуллаев ўз шогирдлари билан вилоятимиздаги шамол йўналишлари бўйича изланишларининг илк хулосаларини олишди. Натижалар эса кутилганидан ҳам яхши – улкан ҳудудни эгаллаган Қарнаб чўлининг деярли ҳамма қисмида йил давомида эсадиган шамол ресурслари аниқланди. Бундан ташқари, Каттақўрғон сув омбори ва Самарқанд шаҳридаги Чўпонота ҳудуди, Булунғур, Қўшработ ва Пайариқ туманларида ҳам катта потенциалга эга шамол йўналишлари мавжуд. Аслида Самарқанд вилоятининг 70 фоиз ҳудуди уч метр секунд тезликдаги шамол йўналишларига эга. Юқоридаги айтганларимиз эса 3,5 – 4 метр секунд тезликдан ортиқ шамол йўлларидир.
– Шамол тезлиги қанча юқори бўлса, электр энергияси ажратиш шунча ошиб бораверади, – дейди Арзимурод Раҳматуллаев. – Шу сабабли биз нисбатан юқори тезликдаги шамол йўналишларини аниқлашга харакат қилдик. Бунинг учун Самарқанд шаҳридаги радиолокацион станция ва вилоятнинг турли ҳудудларига ўрнатилган еттита метерологик станциялар кўрсаткичларидан ҳам самарали фойдаландик. Олинган хулосаларимиз асосида яратилган шамол йўналишлари харитаси шамол энергиясидан фойдаланишни риважлантиришга туртки бўлади деб ўйлайман.
Дарҳақиқат, ушбу харитада доимо эсиб турадиган йўлаклар, маҳаллий ҳаво циркуляцияси аниқ намоён бўлган жойлар ва ҳатто, бугунги кунда қўлбола шамол қурилмаларидан фойдаланилаётган ҳудудлар ҳам кўрсатиб ўтилган.
Шундай қилиб, бизда яна бир муқобил ва арзон энергия туридан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди. Тўғри, улардан фойдаланиш учун айни вақтдаги ускуналар нархи бирмунча қиммат. Аммо бу қурилмалар барча муқобил энергия технологиялари каби йигирма йилгача ишлайди. Бу эса, гелиоэнергетика технологиялари ҳар томонлама ўзини оқлашини англатади. Яна бир жиҳати муқобил энергетикадан фойдаланиш ортгани сари, атмосферамизга тарқаладиган заҳарли газлар салмоғи пасаяверади, атроф-муҳит мусаффолиги сақлаб қолинади.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий