Умуман, сиёсатга аралашиш нима ўзи? Бу яхшими, ёмонми? Агар ёмон бўлса, унда нима сабабдан ҳокимият органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз?
Бу ибора қачон, қандай
пайдо бўлганини билмадиму аммо бугунги кунда ҳам негадир кўп ишлатилади. Шу
даражага етдики, ўзини қизиқтирган саволга жавоб олишни истаган ҳар қандай одам
кўпинча «Сиёсатга аралашмасанг-чи» қабилидаги жавобни эшитади. Аслида бу
жавобнинг «Сиёсий билимингни оширишга ҳаракат қилма» деган гапдан кўпам фарқи йўқ.
Бу иборанинг кўп
ишлатилишига эътиборингизни қаратдик. Ўз-ўзидан савол туғилади – нима, биз
сиёсатга шунчалик ҳам кўп аралашаяпмизми? Умуман, сиёсатга аралашиш нима ўзи?
Бу яхшими, ёмонми? Агар ёмон бўлса, унда нима сабабдан ҳокимият органлари
фаолиятининг очиқлигини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз? Ҳар қандай фуқаронинг
исталган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органидан керакли маълумотни тўсиқсиз
олишига шароит яратишдан мақсад нима? Демак, бизга сиёсий саводли фуқаролар
керак. Демак, мақола сарлавҳасидаги ундалма ўринсиз. Бу гапни айтувчиларга
фикрлари нотўғри эканлигини тушунтиришимиз бугунги кунда ҳамма нарсадан муҳим.
Аввало, шуни айтишимиз
керакки, давлат сиёсати бу бизнинг сиёсатимиз. Унинг қандай бўлиши бизга ҳам
боғлиқ. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида сиёсат сўзига шундай тариф берилади:
«Давлат ҳокимияти шаклларини амалга ошириш ва бошқариш; давлат ҳокимиятининг
мамлакатни бошқарувда ва халқаро муносабатларда тутган йўли; давлатни бошқариш
санъати».
Сиёсий ҳаётимизнинг
кичик бир бўлаги маҳалла бўлса, унинг раисини ўзимиз сайлаймиз. Олиб борилажак
ишлари, тақдим этган режаларига қараб депутатларни сайлаймиз ва худди шу тарзда
қонунчиликдаги ўзгаришларга ҳам ҳиссамизни қўшамиз. Давлат раҳбарини ҳам ўзимиз
сайлаймиз. Демакки, давлатни биз бошқарамиз, ўзимиз сиёсат юргизамиз. Ҳа,
бизнинг вазифамиз фақат маҳсулот ишлаб чиқаришдангина иборат эмас. Касбимиз
бўйича ҳар куни қилаётган ишимиз рўзғорни тўкин қилиш учун бўлса, фуқаро
сифатидаги ҳаракатимиз юрт тўкинлиги, фарзандларимиз эртаси учун. Шундай экан, "сиёсатга аралашмаслик"да
қандай мантиқ бор?
Ҳаётда кишилар ўртасида
рўй берадиган турли хил тушунмовчиликлар ва ҳатто норозиликлар ҳам баъзан
сиёсий саводсизликдан келиб чиқиши ҳеч кимга сир эмас.
Буни оддийгина, ҳатто
сиёсатдан узоқроқ бир мисол билан ҳам кўрсатиш мумкин. Бир неча йил илгари
қишлоқ меҳнаткашлари билан суҳбатлашиб ўтиргандик. Гап футбол мавзусига ўтганда
даврадагилардан бири менга шундай савол бериб қолди:
– Эшитишимча, яқинда
дунёнинг энг кучли бир нечта футболчиси катта маблағ эвазига Тошкентга таклиф
қилинган экан. Улар бор йўғи бир кун шу ерда бўлиб, ёшлар билан учрашиб,
мастер-класс ўтказгач яна қайтиб кетибди. Ахир бундан нима фойда бор, ўша пулни
«катталар» бирор натижа келтирадиган бошқа ишга сарфлашса бўлмайдими?
Дабдурустдан берилган бу
саволга дастлаб нима дейишни билмай қолдим. Ўтирганлардан бири бояги футбол
мухлисига "Эй, сиёсатга аралашмасанг-чи" дегач, ўша даврадагилар
нотўғри хулоса билан қолмаслиги учун билганимча тушунтиришга ҳаракат қилдим.
Тошкентга бир кунга
ташриф буюрганлар дунёнинг энг таниқли футболчилари бўлгани учун ҳар доим
оммавий ахборот воситалари ва дунё аҳлининг эътибори уларга қаратилгани, ушбу
тадбирдан сўнг дунёнинг энг кучли футбол мутахассислари "Бунёдкор"да
ишлагани ва натижада ўша йили юртимиз футбол жамоаси Осиё чемпионлар лигасида
мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қилганини айтдим.
Бу мулоҳазаларим
ҳарқалай, даврадагиларга маъқул келди.
Энди тасаввур қилинг,
худди шу каби тушунмовчиликлар бошқа соҳаларда ҳам юзага келса-ю ҳар ким
турлича фикр билдирса, нима бўлади?! Биз эса ҳали-ҳамон эски гапни қўймаймиз:
"Сиёсатга аралашманг!". Йўқ, сиёсатга аралашинг! Бу сизнинг эртанги
кунингизни белгилайди.
1 комментарий:
fikringizga mutlaq qo'shilaman, manga ham yoqmaydi shunday javob berishlari
Отправить комментарий