среда, 13 декабря 2017 г.

ИССИҚЛИК ТАЪМИНОТИ БУ ЙИЛ ҲАМ БЎЛМАДИ Демак, газ босими пасаяди, электр таъминотида узилишлар давом этади

 Аслида Самарқандда бу йил марказлашган иссиқлик тизимидан кўпчилик умид ҳам қилгани йўқ. Иссиқлик узатиш тармоқларининг яроқсиз ҳолатга келгани, қозонхоналарнинг аксарияти хизмат муддатини ўтаб бўлгани ва 147 километр масофадаги иссиқлик тармоқларининг хароб аҳволи ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан шаҳар ҳокимлиги, соҳа мутасаддилари бир неча йилдирки, иссиқлик билан таъминлашнинг замонавий тизими – локал ва индивидуал қозонхоналар “эрта индин” қурилиши ҳақида айтиб келишади. Факт шуки, режалаштирилган, бу йил фойдаланишга топшириладиган “замонавий” қозонхоналардан дарак йўқ.
Яқинда Самарқанд шаҳридаги Тараққиёт кўчаси, 2-уйда яшовчи Гулбаҳор Шодиева қўнғироқ қилди:
– Мутасадди ташкилот вакили газетангиз орқали “Тараққиёт кўчасидаги учта уйни истишга мўлжалланган локал қозонхона фойдаланишга топширилди” деган эди. Мана, қиш ҳам келди, йўқ-ку иссиқлик!
Қизиғи, “сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам “пуф”лаб ичади” деганларидек, мутасаддининг ушбу маълумотини газетага беришдан олдин белгиланган манзилга бориб, қурилган қозонхонани ўз кўзимиз билан кўргандик. Г.Шарипованинг қўнғироғидан сўнг ўша жойга яна йўл олдик. Чунки ҳақиқатан ҳам мутасаддининг фикри бўйича тараққиёт кўчасидаги 2, 2 “А” ва 6-уйлар аллақачон “исиб ётиши” керак эди.
– Локал қозонхона қурамиз, деб ҳар битта хонадондан 100 минг сўмдан 400 минг сўмгача пул йиғиб олинди, – дейди 6-уйда истиқомат қилувчи Т.Шахова. Кўриб турганингиздек, совуқдан уйлар захлаб кетган. Ҳаво кескин совигач, турли электр печлари, табиий газдан фойдаланишга мажбурмиз.
– Уйда ёш невараларим борлиги учун табиий газ ёқишдан қўрқаман, – дейди Г.Шодиева. – Чунки кўп қаватли уйда табиий газ билан уйни иситиш мумкин эмас. Ён-атрофда кўпчиликни кўряпмиз, биринчи қаватда, ертўла ва ҳаммомларда қўлбола, индивидуал иситиш мосламалари ясаб олишган. Аммо бир носозлик бўлса, бутун уйга шикаст етишидан хавотир оляпмиз. Иккинчи томондан, хоналарда кеча-ю кундуз электр иситкичлар ёқиб қўйишга мажбур бўлганимиз ортидан ойига бир неча 100 минглаб сўм электр энергияси учун тўлов қиляпмиз.
Хуллас, воқеа бундай бўлган: Пойтахтимиздаги “Теплодар сервис” масъулияти чекланган жамияти ва юқоридаги учта уйга хизмат кўрсатувчи “Ҳусан коммунал сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ўртасида локал қозонхона ўрнатиш бўйича 216 миллион сўмлик шартнома имзоланган. “Теплодар сервис” томонидан локал қозонхона қуриб битказилган. Аммо ширкат тўлов учун банкдан фақат 142 миллион сўм кредит олган. Аҳолидан иссиқлик учун олдиндан тўлов тариқасида йиғилган 21 миллион сўм тўлов учун камлик қилган. Шундан сўнг маълум муддат ўтиб, “Теплодар сервис” вакиллари қозонхонанинг газ ҳисоблагич ва бошқа зарурий жиҳозларини ечиб олиб кетган. Ўртада ширкат аҳолига иссиқлик беролмаётгани ҳолда, айнан иссиқлик учун олинган кредитга фоиз ҳам тўлаб келмоқда. Аҳоли эса иссиқлик йўқлиги учун катта миқдорда электр ва табиий газ сарфлаяпти.
Афсуски, бу ҳолат фақат Тараққиёт кўчасида эмас. Шаҳарнинг Микрораён, Сартепа, Сўғдиёна, Кимёгарлар қўрғони масканларидаги ўнлаб уйларда ҳам аҳоли бугун электр печ ва табиий газдан иситиш мақсадида фойдаланмоқда. Энг ёмони, айримлар қўлбола индивидуал печларнинг дудбуронларини уйнинг бетон деворини тешиб ташқарига чиқарган. Бир қатор истеъмолчиларнинг айтишича, баъзи фуқаролар дудбуронларни уйнинг умумий вентиляциясига улаб қўйган. Бу эса кўплаб хонадонларда ис газидан заҳарланиш хавфини юзага келтиради.
Умуман октябрь ойида яна Сартепа маскани 150, 151, 152, 153, 154-уйлардаги 204 та хонадон, Ўзбекистон кўчаси 1 “а”, 1 “б”, 1 “в” ва 1 “г”-уйлардаги 150 та хонадон ва Беруний кўчаси 200-уйдаги 28 та хонадонни иссиқлик энергияси билан таъминлайдиган учта локал қозонхона фойдаланишга тайёр экани эълон қилинганди. Бугун фақат Сартепа масканидаги локал қозонхона ишлаяпти.
– Бешта тўққиз қаватли уйнинг бирортасида иссиқлик билан боғлиқ муаммо йўқ, – дейди “Шоҳжаҳон мадад” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Алишер Умрзоқов. – Шу учун бўлса керак, на табиий газ босими ва на электр тармоқлари зўриқиши бизни ҳозирча безовта қилган эмас.
А.Умрзоқовнинг айтишича шунча кўп қаватли уйни иситаётган локал қозонхонага тахминан 8-10 та хонадонга кетадиган табиий газ сарфланади. Бундай қозонхоналар билан барча уйлар қамраб олинса, тежалган табиий газ ва электр энергияси суммаси йилига миллиардларни ташкил этади. Хўш, 210-216 миллион сўм турадиган локал қозонхона маъқулми, миллиардлаб сўмга тушадиган исрофгарчилик, аҳолини қишдан бездирган муаммоларми?
Афсуски, ушбу қозонхона афтидан, шаҳарда ишлаб турган локал қозонхоналарнинг якка-ю ягонаси. Чунки, Беруний ва Ўзбекистон кўчаларидаги локал қозонхоналар бугун табиий газ йўқлиги сабабли ишламаяпти. Аҳолини эса, лойиҳалар амалга ошмаётгани, оширилгани турли сабаблар билан тўхтаб қолаётгани йил сайин қийнаб келмоқда.
Газетамизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида иситиш тизими бўйича аҳоли ўртасида ўтказган сўровномамиз натижаси ҳам бу фикрни яққол исботлайди. Кўплаб самарқандликлар сўровномада фаол иштирок этиб, ўзлари яшайдиган ҳудуддаги иситиш муаммоларини ўртага ташлади.
Мисол учун, “Шаҳноза Халикова” номли фойдаланувчи “Сартепада кунлар совуса газ пасайиб, электр таъминотида узилишлар ҳам бошланади, фақат ошхонани исита оламиз”, деб ёзса, Муқимий кўчасида яшовчи Малика Рустамова 1997 йилдан бери уйни иситиш муаммо бўлиб қолаётганини баён этади. Қаҳрамон Муродов исмли фойдаланувчи эса 2000 йилдан буён Кимёгарлар қўрғонида иситиш тизими ишламаётганини куйиниб ёзган. Қалдирғоч Исмоилова исмли фойдаланувчи “Дом"лар уёқда турсин, коллежларда ўқувчилар пальто, шапка курткаларда ўтиришипти дарсда. Сартепо туризм маиший хизмат коллежи бунга мисол. Арз қилавериб чарчадик, етти йилдан бери натижа йўқ. Ҳаво ўта совиб кетса, боламни юбормайман. Чунки ўқув хонаси ичи ташқаридан ҳам совуқ. Менга эса боламнинг соғлиги керак” дея жон куйдиради.
Қ.Исмоилованинг сўзларига аниқлик киритиш учун, коллеж маъмурияти билан боғланиб билдикки, муассасада ҳақиқатан ҳам иссиқлик йўқ. Айрим хоналарга электр иситкичлар қўйилган бўлса, кўплаб бошқа хоналар ҳеч қандай мослама билан иситилмайди.
Хуллас, қатор ҳудудларда аҳоли бу йил ҳам ваъдалар билан “исинадиган”га ўхшайди.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.
Zarafshon  Gazetasi

понедельник, 13 ноября 2017 г.

ЙЎҚОТИЛАЁТГАН МИЛЛИАРДЛАР


Кейинги ойларда маҳалламизда электр таъминоти бутунлай яхшиланиб, узилиш бўлмаётган эди. Нима бўлганини билмайман, ишдан келсам "свет" ўчибди. Шам, чироқ деган нарсаларни аллақачон эсдан чиқарган эканмиз, қўл телефонларидаги ёритгич билан амаллаб турдик. Тонг отгач, қаерда авария юзага келган бўлса, топиб бартараф қилинишидан умидвор эдим, аммо ундай бўлмади – кеч бўлди ҳамки электрдан дарак йўқ.

ИҚТИДОРЛИ ЎҚУВЧИ МУАССАСА БОШОҒРИҒИМИ?

КАТТАҚЎРҒОНЛИК ЁШ ИХТИРОЧИ ЙИЛЛАР ДАВОМИДА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМОҚДА
Тинимсиз ёққан ёмғир оқибатида келган кучли сел Каттақўрғоннинг Оқсой маҳалласидаги кўприкдан ҳам тошиб кетди. Шу куни ўқитувчи ўз шогирди билан Самарқанд шаҳрига бориши керак эди. Аммо кўприкдан ўтиш хавфли бўлгани учун ўқитувчи йўлдан қайтди. Ўқувчининг эса орқага қайтиш нияти йўқ, устозининг "Жонингни хавф остига қўйма!" дея бақириб қолганига қарамасдан, дафтарини камарига қистириб, газ қувурига тирмашганича сойдан ўтди. Чунки у бу фурсатни анчадан бери кутар, ўзини кўрсатиш, ғояларини рўёбга чиқариш учун бошқа имкон йўқ эди…

понедельник, 16 октября 2017 г.

Газ, кўмир, ўтин ёқиш мумкин эмас одамлар уйни қандай иситсин?


Баъзан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ёритиш мақсадида жойларга чиқамиз-у, ёритишга арзигулик тайёргарликнинг йўқлиги ҳафсаламизни пир қилади. Пахтачи туманида ҳам кўп қаватли уйлар аҳволини ўрганиб, ачинарли манзарага гувоҳ бўлдик.

вторник, 19 сентября 2017 г.

Кўмирга “мослашган” кўпқаватли уйлар


Кўпқаватли уйлардаги хонадонлар қишда нима билан иситилиши керак, деган саволга барча бирдек жавоб беради: “Албатта, иссиқлик манбаи билан”. Бироқ мана неча йилдирки, ҳатто Самарқанд шаҳрининг кўплаб ҳудудларига иссиқлик етиб бормаётгани сабабли уйлар табиий газ билан, яна қатор жойларда электр энергияси билан иситилмоқда.

суббота, 9 сентября 2017 г.

Ҳоким ўз қарорини бекор қилди



Аммо зарарни ким қоплайди?
Самарқанд шаҳридаги «Ўзбекистон» маҳалласи нафақат шаҳар, балки вилоят ва республикада ҳам энг намунали ва обод маҳаллалардан бири ҳисобланади. Ушбу маҳалла сўнгги 15 йилда мамлакат миқёсидаги турли кўрик танловларда бир неча марта ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олгани ҳам бежиз эмас албатта.
Ана шу маҳалла идорасининг шу кунгача барча ҳавас қиладиган ҳовлиси шаҳар ҳокимлигининг қарори билан (!) бир кунда теп-текис қилиб ташлангани бутун маҳалла аҳлини эсанкиратиб қўйди. Ахир, 60-70 йиллик манзарали, камида 20 йиллик мевали дарахтларнинг ўзини қайта тиклаш учун яна шунча вақт керак. Қолаверса, маҳалла атрофини ўраб турган темир панжаралар, иккита фаввора, иккита ҳовузга қўшиб бутун маҳалла ҳовлиси ер билан яксон қилинган.
Шундай қилиб, «Ўзбекистон» - энг обод маҳалладан, энг хароб маҳаллага айланди қолди. «Бузилишлар» бошида турган тадбиркорнинг бу ерда кўп қаватли бино қуриши режалаштирилгани масалани бироз ойдинлаштирди. Ҳозир одамлар кўп қаватли бино қуриб, сотиш учун нималар қилишмаяпти. Муҳим ижтимоий аҳамиятга эга иншоотлар дейсизми, аҳоли зич жойлашган ҳудуддаги бирдан бир чиқиндихона дейсизми, ҳамма ҳаммасини мутасадди ташкилотларнинг тадбиркорга ҳатлаб беришига ундовчи қандайдир бир «ғайритабиий куч» борга ўхшайди. Ана шу кўзга кўринмас куч бу сафар шаҳар ҳокимлигини «бор-е» дея бус бутун маҳаллани тадбиркорга бериб юборишга ундаганга ўхшайди.
- Аслида масала шаҳар ҳокимлигига етиб боргунча ҳам бир қатор кўзбўямачиликларга йўл қўйилган, - дейди маҳалла фаоли Сайфулла Суюнов. - Маҳалламиз бузилишидан олдин, кўпчиликдан пинҳон тарзда, маҳалла фуқаролари вакиллари йиғилишининг навбатдаги ташқари ишчи гуруҳи мажлиси уюштирилиб, уч қаватли бино, маҳалла учун ҳам янги бино қурилиши масаласи кўтарилган экан. 18 киши имзоси билан «фуқаролар томонидан маъқулланди» мазмунида мажлис баёни ҳам тузилган. Холбуки маҳаллада 4000 нафар фуқаро истиқомат қилади. £оида бўйича бу каби ҳужжатларнинг ҳақиқий ҳисобланиши маҳалладаги жами аҳоли вакилларининг учдан икки қими иштирок этиши, уларнинг камида 51 фоизи маъқуллаши лозим эди. Юқоридаги ҳужжатда эса, маҳалладаги 96 нафар аҳоли вакилларидан бор йўғи 3 киши қатнашган холос. Кўзбўямачилик деганимнинг сабаби шунда.
Маҳалла аҳли ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига мурожаат қилгач, шаҳар ҳокимлиги томонидан “тегишли шаҳарсозлик ҳужжатлари тайёрланиб, мутасадди ташкилотлар томонидан тасдиқлатилгунга қадар қурилиш ишлари тўхтатилди” мазмунида жавоб келади. Бундан шуни тушуниш мумкинки, шаҳар ҳокимлиги шаҳарсозлик ҳужжатлари тайёрланмасдан туриб, мутасадди ташкилотлар томонидан тасдиқлатилмасдан тадбиркорга “мен нима экан дебман” қабилида рухсат бериб юборган экан-да.
Шундан кейин ушбу ҳолат шаҳар прокуратураси томонидан ҳам ўрганиб чиқилгач, Самарқанд шаҳар ҳокимининг жорий йил 10 апрелдаги 700-Қ қарори, яъни, маҳалла ҳудудидан кўп қаватли бино қурилиши бўйича рухсат, қонунга зид деб топилади. Жорий йил 14 августида шаҳар ҳокими ўз қарорини бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаради.  
Хуллас, жорий йилнинг апрел ойида бошланган ана шу ўзбошимчалик, эътиборсизлик ва масъулиятсизлик ортидаги ғавғо август ойига келиб қонуний ечимини топади. Минг афсуски, ўртада маҳалла идорасининг харобага айлангани қолди. Хўш, маҳаллага етказилган зарарни энди ким тўлаб беради?
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.

вторник, 29 августа 2017 г.

ҚУРБОНЛИККА КИМНИ ТАЙЁРЛАШЯПТИ?


kun.uz да Тошкент Иқтисодиёт университетидаги тест синовлари бўйича қинғирликлар фош қилингач, кўпчиликнинг ҳар томонлама баркамол авлод борасидаги орзулари ерга кўмилган бўлса керак. Энди нима бўлганда ҳам тушкунликдан кўра, ҳақиқатга тик қараш, муаммони қабул қилиб, унга ечим топиш керак. Нопок ишга аралашганларга ҳуқуқий баҳо бериш, бундай ўйинлар яна ташкил этилишининг олдини олиш шарт. Бошқа йўл йўқ. «Адолат йўқ экан», «Булар ўлгунича ўзгармайди», «Умуман, ишончим қолмади» каби гаплардан эса на жамиятга ва на келажакка ҳеч қандай фойда йўқ.
Мени ҳайрон қолдирган нарса Тошкент Иқтисодиёт университетининг кутилмаганда «очилиб» қолган, юз минглаб одамларнинг муҳокамасида бўлган ҳолатга изоҳ беришга шошилмаётгани. Эътибор берган бўлсангиз, Миллий университетда ҳам тест синовлари адолатсиз ўтган бўлиши мумкинлиги ҳақда мақола эълон қилингач, шу куннинг ўзида университет раҳбарияти муаммога ўз муносабатини билдирди, изоҳ берди. Аммо «Нархоз»чи?
Тошкент Иқтисодиёт университети томони ҳамон жим эканлиги ҳам бир қанча тахминларни ўртага ташлашга мажбур қилмоқда. Катта эҳтимол билан айни вақтда университет раҳбарияти нима қилишни ҳам билмай қолгандир. Иккинчи тахмин эса, агар университет раҳбари содир этилган адолатсиз жараёндан бехабар бўлса (бунга мен ишонмайман, аммо ҳали айтилади бу вариант) айбдорларни суриштиряпти. Учинчидан эса бу воқеаларга айбдор сифатида университет масъул ходимларидан кимни «қурбонлик» қилиш борасида бир тўхтамга келинмаяпти. Шу каби воқеалар фош бўлиб қолса, бир киши ҳамма айбни бўйнига олиш ҳолатлари ҳақида ҳам эшитганмиз.
Эҳтимол барча тахминларимиз нотўғридир. Балки биз кутмаган мазмундаги изоҳ ҳам берилар. Бироқ айни масала чўзииб ўтирадиган иш эмас. Бутун Ўзбекистон масалага изоҳ кутаяпти ахир.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, журналист. 

четверг, 17 августа 2017 г.

ЯНГИ БОШҚАРМА ҚАНДАЙ ВАЗИФАНИ БАЖАРАДИ?


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ва "Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори коммунал соҳадаги улкан янгиликлардан бири бўлди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги таркибида вилоятларда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳамда унинг туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди. Давлат бошқарувидаги ушбу янги тизимнинг мақсад-вазифалари, аҳоли фаровонлигига қандай ҳисса қўшиши тўғрисида вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Рустам Сатторов билан суҳбатлашдик.
– Рустам Тешаевич, шу пайтгача ҳам коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолият кўрсатаётган эди. Соҳадаги бугунги ҳолат ҳукумат даражасида эътибор қаратишга лойиқмиди?
– Очиғи, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси жиддий ислоҳотларга муҳтож бўлиб қолганди. Мақсад-вазифаси бир бўлган табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув, канализация, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси таъминоти корхоналари фаолиятида ҳамкорлик, бирдамлик йўқ эди. Натижада таъминотда узилишлар одатий ҳолга айланди. Айниқса, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси таъминоти жуда ночор аҳволга тушиб қолди. Кўпхонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш борасида комплекс ёндашувнинг йўқлиги аҳолига сифатли ва кафолатли коммунал хизмат кўрсатиш имконини бермасди ва уй-жой мулкдорларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. 
Кўпхонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг ҳолати санитария нормалари, қоидалари ва гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бермайди. Ечимини кутаётган яна қанчадан-қанча масалалар, бири иккинчисига боғлиқ муаммолар тўпланиб қолганди. Бу муаммоларни комплекс ҳал этиш керак эди. Шу билан бирга, уй-жой коммунал соҳасининг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш асосида зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. Аҳолининг барча қатламлари турмуш даражаси ва жамиятимиздаги ижтимоий муҳит уй-жой коммунал соҳасининг самарали фаолият кўрсатиши билан боғлиқ. 
– Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ўз фаолиятини нимадан бошлади, биринчи навбатда бажариладиган ишлар нималардан иборат?
– Уй-жой коммунал хизматлари билан боғлиқ муаммоларнинг барчаси ҳам кечиктириб бўлмайдиган масалаларга киради. Юқорида таъкидланган ҳолатлар вилоятимиз учун ҳам бегона эмас. 
Аввало, мавжуд муаммоларни ўрганиш асносида бирламчи иш режаларимизни туздик. Шунингдек, вилоят ҳокимининг 2017 йил 4 июлдаги "Вилоят уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш бошқармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори олдимизга аниқ вазифаларни қўйди. Вилоятда уй-жой коммунал хизмат кўрсатишда ягона давлат сиёсатини юритган ҳолда тармоқлараро мувофиқлаштириш, уй-жой фонди, ичимлик ва оқова сув, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси тизимларини тубдан реконструкция қилиш ва модернизациялаш, уй-жой фонди ва коммунал соҳа объектларини куз-қиш мавсумига ўз муддатларида тўлақонли тайёрлаш, аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлашда тармоқлараро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб берилди. 
Қолаверса, куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг ҳам айни вақти. Самарқанд шаҳрининг ўзида афсуски, бу борада ҳам ҳар бир ширкат ва коммунал хизмат кўрсатувчида олиб борилаётган ишларни бир хил деб бўлмайди. Айнан куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражаси совуқ кунларда хизмат кўрсатиш сифатини белгилаб бериши шубҳасиз. Эндиликда ана шу соҳа ҳам диққат марказимизда бўлади. 
Шунингдек, вилоят ҳокимининг юқорида таъкидланган қарори билан вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш кенгаши ҳам тасдиқланди. Кенгаш таркибига вилоят ҳокимлиги вакиллари, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари раҳбарлари, соҳа олимлари, банк ходимлари ва меҳнат фахрийлари киритилди. Бошқарма фаолиятини самарали ташкил этиш ва янада ривожлантириш, коммунал хизматлар сифатини ошириш, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, тизимни ислоҳ қилиш кенгашнинг асосий вазифаси этиб белгиланди. Кенгаш йиғилишларида муаммоли масалалар муҳокама этилиб, барча алоқадор ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги уйғунлашган технологик занжирни шакллантириш асосида самарали хулосаларга келинади.
– Уй-жой, коммунал соҳадаги мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари турлича. Улардан бири соҳада малакали кадрларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Бу борада ҳам бирор ўзгариш бўладими? Бошқарманинг кадрлар таркиби ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. 
– Бошқармамизда 83 та штат бирлиги мавжуд бўлиб, вилоятдаги ҳар бир туманда биттадан бўлим бошлиғи ва мутахассислар фаолият кўрсатади. Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида эса мутахассислар сони беш нафардан. Ушбу ходимларнинг барчаси айнан уй-жой, коммунал соҳа мутахассислари ичидан саралаб олинмоқда. Модомики, ходимларимиз тизимда юзага келаётган муаммолар таҳлили билан шуғулланиб, аниқ ечим топишлари керак экан, табиийки, уларнинг ўзлари аввало, соҳани яхши билишлари талаб этилади. 
Умуман, уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, мавжуд кадрлар салоҳиятини ошириш вақти келди. Оддийгина мисол, ҳар йили куз-қиш мавсумида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кузатилади. Аммо камдан-кам уй-жой мулкдорлари ширкатида уйнинг ҳаво айланиш тизимини тозалаш техникасини мукаммал биладиган кадр топилади. Ҳолбуки ҳаво айланишининг меъёрида бўлмаслиги ҳам ис газидан заҳарланишга олиб келади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу сабабдан кадрлар малакасини ошириш борасидаги ишларни аллақачон бошлаб юборганмиз. Тез орада Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар, уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарларининг ўқувини йўлга қўямиз. Бундан ташқари, бошқармамиз ходимлари ҳамда уй-жой мулкдорлари ширкатлари вакилларини энг яхши ширкатлар фаолияти билан танишиш ва ўрганиш мақсадида пойтахтга юборамиз. Бу борадаги ишлар мунтазам амалга оширилади.
– Самарқанд шаҳрида бугунги кунда мингдан зиёд кўпқаватли уй бор. Уларнинг чорак қисми ҳам иссиқлик энергияси олишга тайёр бўлмаса керак. Қиш мавсумида иссиқлик таъминотининг йўқлиги ўз навбатида бошқа хизматларнинг ҳам сифатига таъсир ўтказмай қолмайди.
– Аниқ айтадиган бўлсак, Самарқанд шаҳридаги 1024 та кўпқаватли уйнинг ҳозирча фақат 55 таси иссиқлик олишга тайёр. Йиллар давомида коммуникация тармоқларининг эскиргани, дебитор қарздорлик ва бошқа омиллар шу ҳолатни юзага келтирган. Яна бир энг асосий сабаблардан бири – технологик ва маънавий жиҳатдан эскирган марказий иссиқлик таъминоти жуда катта энергия сарфлагани ҳолда минимал миқдорда иссиқлик етказмоқда.
 Ушбу ҳолат ҳукумат эътиборида турибди ва бу борада жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2018-2022 йиллар давомида Самарқанд шаҳридаги кўпқаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш, иссиқлик тизимларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича техник лойиҳа ишлаб чиқилган. Унга кўра, шаҳарда 11 марказий иссиқлик узатувчи қозонхона, 26 та локал қозонхона модернизация ва реконструкция қилинади. Шунингдек, яна 49 та кичик локал қозонхона қуриш, 146,5 километр иссиқлик тармоқлари, 853 та кўпқаватли уйларнинг ички иссиқлик узатиш тармоқларини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Бу ишларга жаҳон банки томонидан 88,3 миллион АҚШ доллари ажратилган. Вазирлик томонидан бу ишларни амалга ошириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Худди шундай қозонхоналар қуриш бирин-кетин туманларда ҳам давом этади. Мисол учун, келаси йилдан бошлаб Каттақўрғон шаҳри ва Ингичка қўрғонида саксондан зиёд қозонхона қурилади.
– Бу лойиҳа иссиқлик таъминотини яхшилайди. Аммо айни пайтда канализация, сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам ечимини кутмоқда. 
– Юқоридаги йирик лойиҳалар фақат иссиқлик таъминоти бўйича амалга оширилаётгани йўқ. Жаҳон банки кўмагида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари сувоқова тизимини яхшилаш бўйича лойиҳа, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари иштирокида Қўшработда ичимлик сувини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш бошланган. 
Шунингдек, "Уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга мувофиқ энди бошқармамиз ҳам сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти объектларини барпо этиш бўйича буюртмачи вазифасини бажариши мумкин. Ҳатто эҳтиёж мавжуд ҳудудларда кўпқаватли арзон уй-жойлар қурилишини ҳам йўлга қўямиз. Бу эса аҳолига уй-жой ва коммунал хизматлар борасида қулайликлар яратишдаги энг катта имкониятлардан биридир.
– Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизими ҳақида гап кетганда кўпчиликда бир савол уйғонади. Уй-жой мулкдорлари ширкатларининг вазифаси, қонуний ваколат ва мажбуриятлари бир хил бўлгани ҳолда кўпқаватли уйларнинг барчасида турли хил даражадаги хизмат ва шароитга гувоҳ бўламиз. Нега шундай?
– Гап шундаки, уй-жой мулкдорлари ширкатлари амалга ошириши керак бўлган вазифаси бир хил бўлгани ҳолда ана шу фаолиятни қай даражада бажариш кўпинча ширкат раҳбарининг шахсий ҳаракатларига боғлиқ бўлиб қолаётган эди. Бошқача айтганда, барча ширкатлар фаолиятини мувофиқлаштириш борасида бугунгача мукаммал тизимнинг ўзи йўқ эди. "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда бу борадаги барча жиҳатлар кўзда тутилган. 
Янги фармонга кўра, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсати юритиш ва идоралараро мувофиқлаштиришни амалга ошириш, сув, канализация, иссиқлик таъминотини яхшилаш, эски ва авария ҳолатидаги уйларни бузишни ташкил этиш каби вазифалар зиммамизга юклатилган. Шунингдек, юқорида тилга олинган масала, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, кўпхонадонли уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва эксплуатация харажатларини белгилаш талабларига, кўпхонадонли уйларда техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилишини назорат қилиш, кўпхонадонли уйларга туташ ҳудудларни санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолатда сақлаш кабиларга ҳам жавобгармиз. 
Аҳолига юқори сифатли коммунал хизмат кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз, шу билан бирга, аҳоли ҳам амалдаги талаб ва меъёрларга риоя қилиши шарт. Масалан, кўпқаватли уйларда яшовчиларнинг айримлари ўзбошимчалик, деворларни кўчириш, олиб ташлаш, балконни ошхонага ёки яшаш хонасига мослаштириш, алоҳида иситиш тизимлари қуриш каби ҳолатларга қўл урган. Уйнинг архитектурасига ўзгартириш киритиш, айниқса, асос деворларни олиб ташлаш шу уйнинг техник хавфсизлигига зарар етказиб, аҳолининг ҳаётини хавф остига қўяди. Уйнинг ичига печкалар ўрнатиб, дудбуронини вентиляция шахтасига улаб қўйиш ҳам учраб турибди. Шунга ўхшаш яна кўплаб ноқонуний ҳолатлар борки, босқичма-босқич тартибга солинади.
Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолияти ҳам мувофиқлаштирилиб, тўловларни қабул қилиш ва оқилона сарфлаш, молиявий барқарорлигига эришиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. 
– "Ягона авария-диспетчерлик ва тиклаш-таъмирлаш хизмати" деган иборани тушунтириб берсангиз.
– Илгари ҳар бир коммунал хизмат ташкилотларида ўзининг "Авария диспетчерлик хизмати" мавжуд эди. Бироқ улар номига ишларди. Эндиликда вилоят бўйича "Ягона авария-диспетчерлик ва тиклаш-таъмирлаш хизмати" фаолияти ташкил этилаяпти. Яъни, ҳар бир ташкилотдаги авария хизматлари қайта кўрикдан ўтказилиб, модернизация қилинади. Техник тайёргарлик, мутахассислар етарлилиги, тартиб-интизом борасидаги масалалар жойида ҳал этилади. Ҳар бир ташкилотдаги авария хизматлари бевосита "Ягона авария-диспетчерлик ва тиклаш-таъмирлаш хизмати" томонидан бошқарилади. Аҳолига қулай бўлиши учун 4 рақамли портал очиш режамиз бор. Ҳар бир мурожаат қатъий назоратга олиниб, ижроси таъминланади.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ суҳбатлашди.

среда, 9 августа 2017 г.

УКАМ

 Ишдан қайтишимни пойлаб тургандай уйга етиб борган заҳотим бошлайди: Ака, лой тайёрлаб қўйдим, қоронғи тушишига анча бор, бироз ишлайлик. Тонг саҳар уйғотади, ака эшик деразаларни ташиб келайлик, уста келади. Кечқурун: ака, куни билан иккита уйни бўёқ қилдим, бугун кечда свет ўчмас экан, ёрдам берасиз, тугатайлик ҳаммасини. Ака, ундай, ака бундай... Охири бир куни бақириб кетдим: "шу ишларинг ҳам, иморатинг ҳам жонимга тегди, кетдим ишга..." Мени аччиқ қилганимни кўрган уста бир маҳал мириқиб кулаяпти, "Ҳа!!!" десам, "Эшон бобо, эсиздан чиқардизми, бу ишлар, бу уй укангизникимас, сизники-ку" дейди. "Э, ўргатманг" дейману бироз ҳовуримдан тушаман. Укам эса  "Боринг, қочинг ишингизга" деб қўяқолади. Мени уйим битгунича ўз уйига ҳали пойдевор ҳам қўймади укам...

вторник, 13 июня 2017 г.

Президентни эмас, ўзингизни алдаяпсиз, ҳурматли раҳбар!


Президент қаерга борадиган бўлса ўша ерда кечаю кундуз мисли кўрилмаган ободончилик ишлари олиб бориш кимга ва нимага керак? Давлат раҳбари ўтадиган йўлларда ёқасидаги уйлар ташкилотларга таъмир учун бўлиб берилаётганини эшитиб қоламиз баъзан. Бир кечада Президент борадиган манзил гулзорларга айлантирилган жойлар бор. Ҳатто айрим ҳудудларда бир кунда «етилиб ётган» сабзавотларни ҳам ташкил қилишаётган экан. Йўл бўйида «ишбилармон фуқаролар» томонидан барпо этилаётган иссиқхоналарнинг-ку саноғи йўқ. Агар булар ҳаммаси халқ фаровонлиги учун бўлса-ку майли. Аммо маҳаллий раҳбарларнинг ўз курсисига муҳаббати сабабли, раҳбарга ҳаммаси зўр эканини ишонтириш учун қилинаётган бўлса, бу ишнинг оқибати нималарга олиб келишини тасаввур қилиш мумкин?
Юқоридаги ҳолатга бирорта тумандан мисол келтирмадим. Биринчидан, раҳбар келадиган жойга алоҳида эътибор қаратиш бизнинг қон-қонимизга сингиб кетгани аниқ. Бу ўтган асрларда ҳам бўлган, ҳозир ҳам давом этаяпти. Иккинчидан, андиша қилибми ёки бошқа сабабданми, ишқилиб, ўз ишини ташлаб, одамларнинг дарвозасию деворини ранглаб юрган бюджет ташкилотлари ходимлари мақолага номларини киритишимни исташмади. Бунинг ҳам сабаби бордир.
Айни вақтда барча муаммолардан хабардор давлат раҳбари кечаю кундуз уларнинг ечимига эътибор қаратмоқда. Бошқа раҳбарлардан ҳам жонкуяр ва фаол бўлишни талаб қиляпти. Хўш, туман раҳбарлари жонкуяр ва фаоллигини шу йўл билан исботлайдими? Умуман, аслида бу кўзбўямачиликлар билан кимни алдамоқчи бўламиз? Юқорида айтганимиздек, Президент барча муаммолардан хабардор. Демак, ўзимизни алдаётган эканмизда? Илтимос, ҳурматли раҳбарлар, муаммоларга тик қарайлик. Шифокор шифокорлигини, ўқитувчи ўқитувчилигини, бошқа давлат ташкилоти ходими ҳам ўз ишини қилсагина тараққиёт бўлишини менсиз ҳам тушунасизку! Тараққиёт бўлса, янги иш ўринлари яратилса, аҳолининг даромадлари ошса, ўз уйини сиз айтмасангиз ҳам чиройли қилиб олар ахир!
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.

среда, 10 мая 2017 г.

ОЙЛИКДАН ТАШҚАРИ "ТУШУМ"

Анчадан бери кўришмаган танишимни учратсам албатта қаерда ишлаётганимни сўрайди. Кейин эса қанча ойлик олишимни. Майли, бошқаларнинг чўнтагига қизиқиш юзсизлик эканини билишмас, аммо учинчи савол тозаям асабимни қақшатади: ОЙЛИКДАН ТАШҚАРИ ТУШУМ БОРМИ? Ҳатто ўзини покдомон билиб, бошқаларга маслаҳат беришга ҳар доим тайёр кишилардан ҳам эшитаман шу саволни. Хуллас, ана шу саволга жавоб - ойликдан ташқари тушум бор менда.  Дарвоқе, шу каби "тушум"ларни бошқаларга ҳам тавсия этаман.

понедельник, 1 мая 2017 г.


“Олтин қалам”га шу номдаги мақолаларни юборгандим. Натижасини кутиб турибмиз...
1. Қишлоқда нега чиқиндихона йўқ?
2. Ноқонуний таксилардан ким манфаатдор?
3. Кимлар қишнинг, кимлар “томорқа”нинг ғамида
4. Қарз қаердан келмоқда?
5. Оқдарёда қанча тежамкор лампа бор?
6. Қўшработликлар қачон кўмир олади?

пятница, 28 апреля 2017 г.

Автобошбекатсиз туман тартибсизликлар гирдобида қолади


Ўйлаб кўрганмисиз, 145 минг аҳоли истиқомат қилувчи туманда автобошбекат бўлмаса қандай ҳолат юзага келиши мумкин? Оқдарё туманида биз ана шу ҳолат билан танишдик.

четверг, 9 марта 2017 г.

Қуёш фотоэлектр станцияси қачон ишга тушади?

Бундан тўрт йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича              чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони эълон қилингач, юртимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун қуёш энергиясидан          фойдаланиш бўйича лойиҳалар тайёрланди. Ана шундай лойиҳалардан бири Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясининг қурилишидир.
Шу муносабат билан, лойиҳанинг амалга оширилиши бўйича таҳририятимизга саволлар кела бошлади: "Қуёш фотоэлектр          станцияси қуриладими, йўқми?". Жанубий-ғарбий магистрал электр тармоқлари қуёш фотоэлектр станцияси бош муҳандиси Жамшид Хайруллаев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Мазкур лойиҳа катталиги жиҳатдан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади, – дейди Ж.Хайруллаев. – Станцияни барпо этиш эса, аввало, бир неча босқичли тайёргарлик ишларини талаб этади. Бугунги кунгача ана шу тайёргарлик ишларининг катта қисми ниҳоясига етказилди. Вилоят ҳокимининг қарори билан Паст Дарғом туманидан 254 гектар ва Нуробод туманидан 150 гектар ер майдони ажратилгач, танланган ер тозаланиб, архитектура режалаштириш, топологик суратга олиш ва геологик текширув ишлари амалга оширилди. Мазкур ҳудуддан ўтувчи канал устидан кўприк қурилди. Паст Дарғом туман Торариқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида тўрт километр йўлга қум ва шағал ётқизилиб, мустаҳкамлаш ишлари тугатилди. Худди шундай Самарқанд – Қарши автомобиль йулидан вақтинча фойдаланиш учун етти километр масофада таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, объект ҳудудини симтўр тўсиқлар билан ўраш, 7,2 километрли ҳаво линияси, трансформатор, "Сувли-Согдиана ВЛ 220 кВ" кириш-чиқиш ҳаво линияси учун устунлар ҳамда фундаментлар ўрнатиш каби ишлар бажарилди.  
– Лойиҳанинг асосий қисми, қуёш батареялари ўрнатиш ишларига қачондан киришилади ва ниҳоясига етказилади? Молиялаштириш ишлари қай тарзда бажарилади?
– Умуман, тайёргарлик жараёнида 2014 йилнинг ўзида 1 миллиард 600 миллион сўмликдан зиёд, 2015 йилда эса 3 миллиард 142 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. 
2016 йил декабрь ойида фотоэлектр станцияни ўрнатиш бўйича халқаро тендер ўтказилди. Унда Хитойнинг «Zhuhai Singyes Green Building Technology» компанияси ғолиб чиқиб, икки йил ичида қуёш электр станцияси қуриб битказиш мажбуриятини олди. 
– Лойиҳа ишга тушгач… 

– Жанубий-ғарбий ҳудудни мустаҳкам, узлуксиз электр энергия билан таъминлаш, Самарқанд вилояти халқ хўжалиги объектлари ва аҳолиси электр энергия таьминотининг мустаҳкамлигини ошириш, табиатга заҳарли газлар чиқарилишини қисқартириш имкони яратилади. 
– Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуёш панелларида чанг ғуборларнинг тўпланиши уларнинг фаол ишлашига йўл қўймас экан. Денгиз қирғоқларидан узоқ ва ҳаво намлиги нисбатан кам бўлган мамлакатлар каби бизда ҳам ҳаво таркибида чанг заррачалари нисбатан кўп. Бу янги станция фаолиятига таъсир ўтказмайдими? 
– Йўқ, бир неча йиллардан буён қатор хўжалик юритувчи субъектларда электр манбаи сифатида қуёш батареяларидан фойдаланиб келинмоқда. Мабодо, чанг зарралари тўпланиб қолса, уларни ювиб ташлаш мумкин. Дарвоқе, қуёш фотоэлектр станцияси ҳудудида артезиан қудуқлар ва бошқа cув манбалари қурилиб, ускуналар билан жиҳозланди. Бу эса юзага келган муаммони осонлик билан бартараф этиш имконини беради. Қолаверса, бугунгача ушбу станциянинг барча томонларида мевали ва манзарали дарахтзорлар барпо этилди.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ суҳбатлашди.
"Зарафшон" 2 март.

Ширкат раиси сайланадими тайинланадими?


Танишимнинг ўзи истиқомат қилаётган уйга хизмат кўрсатувчи ширкатнинг ойлик бадаллари ҳақидаги фикри эътиборимни тортди. Айтишича, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларида ойлик тўловлар бир хил эмас экан. Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги бир қатор кўпқаватли уйларда яшовчилар ширкатларга хонадонининг бир квадрат метри учун 550 сўмдан ойлик бадал тўласа, айрим ширкатларда ушбу тўлов 450 сўм ёки ундан ҳам кам. Бу эса кўплаб уй-жой мулкдорларида ўзига яраша саволларни юзага келтиряпти. 

Уйингизнинг кадастр ҳужжати бўлмаса...


У ҳолда сиз, энг аввало, мулкка эгалик ҳуқуқини ололмайсиз, модомики, эгалик ҳуқуқи йўқ экан, уни сотиш, ҳадя қилиш, мерос     қолдиришнинг ҳам қонуний йўли йўқ. Ҳатто келин  туширганингизда ҳам рўйхатга олишнинг имкони бўлмайди...

Ноқонуний киракашлик: кимга фойда, кимга зиён?


Йўловчи ташиш хизматига талаб барча ҳудудда йил сайин ошиб бормоқда. Лекин йўловчи ташиш корхоналари ва автотранспортлар сони йил сайин камаймоқда. Мисол учун, вилоятда 2015 йилда 3300 йўналишли такси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 1732 та. Тўғри, Самарқанд шаҳрида автобуслар сонининг оширилаётгани бунинг ўрнини қоплар. Аммо бир қатор туманларда йўналишли таксилар сони қисқариб кетгани етмагандай, автобуслар қатнови ҳам, йўналишсиз таксилар фаолияти ҳам деярли мавжуд эмас. Икки йил олдин Ургутда йўналишли ва йўналишсиз таксилар сони 560 та бўлиб, тумандаги йўловчи ташиш корхоналари сони ўнга яқин эди. Айни вақтда эса бундай автотранспортлар сони 80 та, холос. Йўловчи ташиш корхоналарининг ярмидан кўпи ёпилиб кетди. 2015 йил ташкил этилган айрим автобус йўналишларининг тақдири ҳам худди шундай якунланди. Савол туғилади, аҳвол шундай экан, аҳолининг жамоат транспорти ва таксига бўлган эҳтиёжи қандай қондирилмоқда?

суббота, 11 февраля 2017 г.

Сунъий қарздорлар «армия»си



Уни ким юзага келтирди, ким бартараф этади?

Айни кунларда истаган шаҳардаги гавжум ташкилот бу газтаъминот идораларидир. Афсуски, бир вақтнинг ўзида бу ерда тўпланаётган юзлаб истеъмолчиларнинг бирортаси корхона фаолиятидан хурсанд эмас. Яқинда ўтказилган қарздорлик бўйича хатлов натижалари ана шундай ҳолатни юзага келтирди.

четверг, 9 февраля 2017 г.

“Самарқандшаҳаргаз” хизмат кўрсатиш доирасидами?



Ёки истеъмолчиларнинг жавобсиз қолаётган саволларини ким эшитади?

Самарқанд шаҳрида яшовчи истеъмолчиларидан бири табиий газ ҳисоблагичини қиёслов кўригидан ўтказгач, уни яна хонадонга ўрнатиш ва ҳисобга қўйиш учун «Самарқандшаҳаргаз» филиалига мурожаат қилганида корхона раҳбаридан шундай жавоб олди: “Эски ҳисоблагичларни ўрнатиш мумкин эмас. Энди фақат янги турдаги электрон ҳисоблагичларни қабул қиламиз!”.

четверг, 2 февраля 2017 г.

Ўзбекнинг ўқитувчиси



Япония бош вазиридан мамлакатнинг технологик тараққиёти сири нимада эканлиги сўралганда, унинг жавоби қуйидагича бўлган: “Биз ўқитувчиларга вазирларнинг маошини, дипломатларнинг дахлсизлигини ва императорнинг ҳурматини бердик”.

среда, 11 января 2017 г.

2016 йилда Самарқандда қандай илмий янгиликлар бўлди?


2016 йилда вилоятимиздаги еттита олий ўқув юртларининг тўрттасида йигирмага яқин докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Қуйида шулардан айримлари билан таништириб ўтишга қарор қилдик.