четверг, 9 марта 2017 г.

Ширкат раиси сайланадими тайинланадими?


Танишимнинг ўзи истиқомат қилаётган уйга хизмат кўрсатувчи ширкатнинг ойлик бадаллари ҳақидаги фикри эътиборимни тортди. Айтишича, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларида ойлик тўловлар бир хил эмас экан. Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги бир қатор кўпқаватли уйларда яшовчилар ширкатларга хонадонининг бир квадрат метри учун 550 сўмдан ойлик бадал тўласа, айрим ширкатларда ушбу тўлов 450 сўм ёки ундан ҳам кам. Бу эса кўплаб уй-жой мулкдорларида ўзига яраша саволларни юзага келтиряпти. 


– Самарқанд шаҳридаги 108 та уй-жой мулкдорлари ширкатларида ойлик бадаллар 200 сўмдан 600 сўмгача бўлиши мумкин, – дейди Самарқанд шаҳар уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси бош иқтисодчиси Шоира Исматова. – Чунки ойлик тўловларни аҳолининг ўзи белгилайди. Яъни, ҳар йили уй-жой ширкатларида уй-жой мулкдорлари, яъни аҳолининг йиғилиши ўтказилиб, йил давомида ўзлари истиқомат қиладиган кўпқаватли уйларда бажариладиган ишлар белгилаб олинади. Харажатлар ҳисобланиб, шунга яраша ойлик бадаллар тасдиқланади. 
Қоида бўйича шундай. Аммо аҳолининг маълум қисми ана шу тизимдан бехабар. Ҳатто кўпинча уй-жой эгалари ва ширкат раиси ўртасида келишмовчиликларга ҳам гувоҳ бўламиз. Ширкат раисини ишдан бўшатишни сўраб қатор идораларга ариза ёзганлар қанча. Ҳолбуки, уни ишга тайинлайдиган аҳолининг ўзи-ку. Уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилиши ҳар йили ўтказилиб, ойлик бадаллар белгилангани каби раиснинг ҳам қилган ишлари муҳокама этилади, шунга қараб раис сайланади. 

Самарқанд шаҳри Сартепа масканидаги бир қатор кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчилар билан суҳбатлашиб, бунга амин бўлдик. Уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишларида ҳар доим фаол иштирок этиши лозим бўлган маҳалла раиси ҳам бундан мустасно эмас.
– Ширкат раислари ва аҳоли ўртасида келишмовчиликлар, кўпқаватли уйларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида Самарқанд шаҳар ҳокимининг фармойишига асосан, 2016 йил 1 февралдан эътиборан ширкат раиси ишга киришдан олдин шаҳар ҳокими билан суҳбатдан ўтмоқда, – дейди Шоира Исматова. – Аммо шуни билиш керакки, бундан олдин у аҳоли томонидан сайланиши керак. Яъни, ширкатга раис тайинлаш барибир уй-жой эгаларининг хоҳиш-ихтиёри билан амалга оширилади. Чунки ширкат, ўз номи билан уй-жой мулкдорларининг биргаликда бошқарилувчи ташкилотидир. У хусусий корхона ҳам, давлат идораси ҳам эмас. Уй-жой эгалари нимани исташса, шуни белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда бажаради. 

Бир қатор уй-жой мулкдорлари ширкатлари раисларининг аслида ҳуқуқий мақоми қандай эканини яхши тушунмаслиги оқибатида ҳақиқатан ҳам ўз билганича иш тутиб келгани бор гап. Ҳатто айрим ширкатларда ўнлаб штатлар ташкил этиб, асосий маблағни ходимларга сарфлаб юбориш, кўпқаватли уйларга хизмат кўрсатишга келганда эса пул етишмаслиги муаммосини ўртага қўйиш ҳолатлари кузатилган. Айрим ширкатлар раисларини доим қайсидир уйнинг ертўласи ёхуд бошқа иш устида кўрсангиз, айрим раисларнинг қабули ҳамон эскича турибди. Ширкат раиси – раҳбарлик лавозими эмас, балки уй-жой эгаларининг ишончини оқлаши, кўпқаватли уйларга сифатли хизмат кўрсатиши лозим бўлган киши. 
Дарвоқе, эндиликда ширкатларда ўзбошимчалик билан истаганча штат бирликлари очишнинг иложи йўқ. 2015 йилдан эътиборан Самарқанд шаҳар уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмасида барча ширкатлар учун битта ҳисобхона ташкил этилди. Илгари ҳар бир ширкат учун алоҳида ҳисобчи бўлса, энди 108 та ширкатга битта ҳисобчи хизмат кўрсатади. Бу эса ширкатларда маблағ билан боғлиқ кўпгина муаммоларнинг олдини олмоқда.

"Зарафшон" газетаси 4 март.

Комментариев нет: