среда, 11 января 2017 г.

2016 йилда Самарқандда қандай илмий янгиликлар бўлди?


2016 йилда вилоятимиздаги еттита олий ўқув юртларининг тўрттасида йигирмага яқин докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Қуйида шулардан айримлари билан таништириб ўтишга қарор қилдик.

 Самарқанд давлат университетида фаолият кўрсатаётган олим Нормурод Файзуллаев "Метандан олинган маҳсулотларнинг технологиясини ишлаб чиқиш" мавзусидаги докторлик ишини ёқлади. Мазкур ишнинг аҳамиятини тасаввур қилиш учун қуйидаги мисолга эътибор қаратишнинг ўзи кифоя:
 Хитой минтақада энг кўп углеводород маҳсулотлари харид қиладиган давлатлар сирасига киради. Жумладан, ҳудудда энг кўп ҳажмда табиий газ истеъмолчиси ҳам Хитой. Қизиғи шундаки, табиий газнинг асосий қисми бу давлатда қайта ишланиб, ҳосил бўлган олтмиш турдаги маҳсулотлар табиий газ қазиб олувчи (!) давлатларга экспортга йўналтирилади. Бошқа мамлакатларда эса мазкур амалиётнинг пойдевори ҳам йўқ. Юқоридаги диссертация ана шу жараённи ўзимизда ҳам қўллаш имконини бериши мумкин.
 Иқтисодиёт фанлари доктори Баҳодир Сафаров эса "Миллий туристик хизматлар бозорини инновацион ривожлантиришнинг методологик-услубий асосларини такомиллаштириш" бўйича илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Эндиликда бу докторлик ишидан Самарқандда туризмни ривожлантиришда фойдаланиш лозим.
 Шунингдек, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтидан Абдушукур Ҳамзаев эртаги ва икки ҳосилли экинлар сифатида картошка ўстириш технологияси бўйича йирик тадқиқотларини якунлаб, фан доктори даражасини олган бўлса, институтнинг яна тўрт нафар олими қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшди.
 Самарқанд давлат медицина институтида ҳимоя қилинган бешта докторлик ишидан иккитаси болаларда учрайдиган касалликларни даволашдаги муаммоларга қаратилгани ёш авлодни соғлом вояга етказишда муҳим аҳамиятга эга. Умуман, 2016 йил Самарқанд илм-фани учун муҳим кашфиётлар йили бўлди. Эндиги вазифа эса ана шу янгиликларни ҳаётга татбиқ этишдир.

Комментариев нет: