четверг, 9 марта 2017 г.

Уйингизнинг кадастр ҳужжати бўлмаса...


У ҳолда сиз, энг аввало, мулкка эгалик ҳуқуқини ололмайсиз, модомики, эгалик ҳуқуқи йўқ экан, уни сотиш, ҳадя қилиш, мерос     қолдиришнинг ҳам қонуний йўли йўқ. Ҳатто келин  туширганингизда ҳам рўйхатга олишнинг имкони бўлмайди...

Умуман, ҳар қандай одам ўз уйининг кадастр ҳужжатлари бўлмас экан, турли муаммоларга дуч келавериши аниқ. Афсуски, бугун ана шу ҳужжатга эга кишилардан кўра, эга бўлмаганлар кўпроқ. Мисол учун, Қўшработ туманида аҳолининг камида етмиш фоизи уйининг кадастр ҳужжатлари ва эгалик ҳуқуқига эга эмас. Бундай ҳолат бошқа туманларда ҳам мавжуд.

Шу нуқтаи назардан ўтган йил 3 августда Вазирлар Маҳкамасининг "2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинган эди. Қарорга асосан, туман ва шаҳарлардаги барча кўчмас мулклар хатловдан ўтказилиб, ер участкалари, бинолар, иншоотлар, улардан фойдаланувчилар бўйича аниқ маълумотларни шакллантириш, ўзбошимчалик билан эгалланган ва қурилган иморатларни аниқлаш, ер эгалиги, ердан фойдаланиш ва ижара соҳасида ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш кўзда тутилган. 

Ушбу қарор ижросини ўрганар эканмиз, бугунги кунгача Қўшработ туманида 39 та маҳалладан 15 тасида хатлов жараёнлари ниҳоясига етказилганини маълум қилишди. Яъни, туманда 21 мингдан зиёд турар ва нотурар жойлар мавжуд бўлса, айни вақтда 5249 та уй-жой ва 139 та юридик шахсга тегишли кўчмас мулк хатловдан ўтказилган. Вазирлар Маҳкамасининг қарорида эса 2017 йил охиригача хатловни якунлаш белгиланган. 

Айтиш лозимки, кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш учун мулк эгаларидан ҳеч қандай тўлов ундирилмайди. Қарорга кўра, ҳар бир аҳоли пунктида тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари хатлов ўтказиш бошланишидан камида ўн кун олдин огоҳлантиришлари лозим. Афсуски, ана шу жараённинг кўпинча амалга оширилмаслиги, аҳолининг хатлов мазмун-моҳиятидан бехабарлиги ҳам кўпинча ортиқча муаммоларни келтириб чиқармоқда. 

– Бугунги кунда саккиз нафар ходимимиз кўчмас мулкларни хатловдан ўтказиш билан шуғулланиб келмоқда, – дейди Қўшработ туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси раҳбари Санжар Эшматов. – Хатлов жараёнида ҳар бир хонадон эгасига ушбу тадбир мазмун-моҳияти ва қулайликлари тушунтирилмоқда. 
Бу каби чора-тадбирлар натижасида хатлов ниҳоясига етказилган маҳаллалардаги аҳоли фикри ижобий томонга ўзгарган. 
– Илгари уйнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш керак бўлса, тегишли идорага бориб, ариза ёзиш, шундан сўнг мутахассисларнинг уйга келиб, ўлчов ишларини амалга оширишлари ҳамда ҳужжатлар тайёр бўлгач, яна идорага боришга тўғри келарди, – дейди Пичот маҳалласида яшовчи Ҳафиза Очилова. – Эндиликда ҳар бир хонадоннинг тўлиқ кадастр маълумотлари туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри электрон базасида тураркан. Бизга маъқул келган яна бир томони, уй-жойни рўйхатга олишда далолатномага кадастр, солиқ идоралари, маҳалла вакилларидан ташқари икки томондаги қўшнилар ҳам қўл қўйишлари лозим экан. Бу эса уй-жой чегаралари бўйича қўшнилар ўртасидаги муаммоларга ҳам жойида барҳам беради. 

Дарвоқе, кўчмас мулкларни хатловдан ўтказиш фақат ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри зиммасига юклатилган вазифа эмас. Тартибга кўра, солиқ идоралари ходимлари ҳам иштирок этиб, хатлов давомида тегишли далолатномаларни расмийлаштиришда қатнашишлари керак. Аммо биз кўплаб далолатномаларда фақат ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри, уй эгалари ва қўшниларининг имзосини кўрдик. Бу эса хатлов натижалари бўйича маълумотларни шакллантиришда муаммоларни юзага келтириши мумкин.
Бу мавзуда гап борар экан, бир маълумотга эътибор қаратишингизни истардик. Нафақат Қўшработда, балки бошқа туманларда ҳам айни вақтгача хатлов ўтказилган маҳаллаларда солиқ базасига киритилмаган юзлаб, ҳатто минглаб "янги" кўчмас мулклар аниқланди. Биргина Қўшработ туманидаги хатлов ўтказилган 15 та маҳалланинг ҳар бирида ўртача ўндан ортиқ ана шундай объектлар аниқланиб, кўчмас мулклар электрон базасига киритилди ҳамда бу маълумотлар туман солиқ инспекциясига тақдим этилди. Бу дегани вилоят миқёсида йиллар давомида минглаб кўчмас мулклар учун солиқ тўланмаганини англатади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
«Зарафшон» 18 февраль.

Комментариев нет: