вторник, 13 июня 2017 г.

Президентни эмас, ўзингизни алдаяпсиз, ҳурматли раҳбар!


Президент қаерга борадиган бўлса ўша ерда кечаю кундуз мисли кўрилмаган ободончилик ишлари олиб бориш кимга ва нимага керак? Давлат раҳбари ўтадиган йўлларда ёқасидаги уйлар ташкилотларга таъмир учун бўлиб берилаётганини эшитиб қоламиз баъзан. Бир кечада Президент борадиган манзил гулзорларга айлантирилган жойлар бор. Ҳатто айрим ҳудудларда бир кунда «етилиб ётган» сабзавотларни ҳам ташкил қилишаётган экан. Йўл бўйида «ишбилармон фуқаролар» томонидан барпо этилаётган иссиқхоналарнинг-ку саноғи йўқ. Агар булар ҳаммаси халқ фаровонлиги учун бўлса-ку майли. Аммо маҳаллий раҳбарларнинг ўз курсисига муҳаббати сабабли, раҳбарга ҳаммаси зўр эканини ишонтириш учун қилинаётган бўлса, бу ишнинг оқибати нималарга олиб келишини тасаввур қилиш мумкин?
Юқоридаги ҳолатга бирорта тумандан мисол келтирмадим. Биринчидан, раҳбар келадиган жойга алоҳида эътибор қаратиш бизнинг қон-қонимизга сингиб кетгани аниқ. Бу ўтган асрларда ҳам бўлган, ҳозир ҳам давом этаяпти. Иккинчидан, андиша қилибми ёки бошқа сабабданми, ишқилиб, ўз ишини ташлаб, одамларнинг дарвозасию деворини ранглаб юрган бюджет ташкилотлари ходимлари мақолага номларини киритишимни исташмади. Бунинг ҳам сабаби бордир.
Айни вақтда барча муаммолардан хабардор давлат раҳбари кечаю кундуз уларнинг ечимига эътибор қаратмоқда. Бошқа раҳбарлардан ҳам жонкуяр ва фаол бўлишни талаб қиляпти. Хўш, туман раҳбарлари жонкуяр ва фаоллигини шу йўл билан исботлайдими? Умуман, аслида бу кўзбўямачиликлар билан кимни алдамоқчи бўламиз? Юқорида айтганимиздек, Президент барча муаммолардан хабардор. Демак, ўзимизни алдаётган эканмизда? Илтимос, ҳурматли раҳбарлар, муаммоларга тик қарайлик. Шифокор шифокорлигини, ўқитувчи ўқитувчилигини, бошқа давлат ташкилоти ходими ҳам ўз ишини қилсагина тараққиёт бўлишини менсиз ҳам тушунасизку! Тараққиёт бўлса, янги иш ўринлари яратилса, аҳолининг даромадлари ошса, ўз уйини сиз айтмасангиз ҳам чиройли қилиб олар ахир!
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.

Комментариев нет: