среда, 13 декабря 2017 г.

ИССИҚЛИК ТАЪМИНОТИ БУ ЙИЛ ҲАМ БЎЛМАДИ Демак, газ босими пасаяди, электр таъминотида узилишлар давом этади

 Аслида Самарқандда бу йил марказлашган иссиқлик тизимидан кўпчилик умид ҳам қилгани йўқ. Иссиқлик узатиш тармоқларининг яроқсиз ҳолатга келгани, қозонхоналарнинг аксарияти хизмат муддатини ўтаб бўлгани ва 147 километр масофадаги иссиқлик тармоқларининг хароб аҳволи ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан шаҳар ҳокимлиги, соҳа мутасаддилари бир неча йилдирки, иссиқлик билан таъминлашнинг замонавий тизими – локал ва индивидуал қозонхоналар “эрта индин” қурилиши ҳақида айтиб келишади. Факт шуки, режалаштирилган, бу йил фойдаланишга топшириладиган “замонавий” қозонхоналардан дарак йўқ.
Яқинда Самарқанд шаҳридаги Тараққиёт кўчаси, 2-уйда яшовчи Гулбаҳор Шодиева қўнғироқ қилди:
– Мутасадди ташкилот вакили газетангиз орқали “Тараққиёт кўчасидаги учта уйни истишга мўлжалланган локал қозонхона фойдаланишга топширилди” деган эди. Мана, қиш ҳам келди, йўқ-ку иссиқлик!
Қизиғи, “сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам “пуф”лаб ичади” деганларидек, мутасаддининг ушбу маълумотини газетага беришдан олдин белгиланган манзилга бориб, қурилган қозонхонани ўз кўзимиз билан кўргандик. Г.Шарипованинг қўнғироғидан сўнг ўша жойга яна йўл олдик. Чунки ҳақиқатан ҳам мутасаддининг фикри бўйича тараққиёт кўчасидаги 2, 2 “А” ва 6-уйлар аллақачон “исиб ётиши” керак эди.
– Локал қозонхона қурамиз, деб ҳар битта хонадондан 100 минг сўмдан 400 минг сўмгача пул йиғиб олинди, – дейди 6-уйда истиқомат қилувчи Т.Шахова. Кўриб турганингиздек, совуқдан уйлар захлаб кетган. Ҳаво кескин совигач, турли электр печлари, табиий газдан фойдаланишга мажбурмиз.
– Уйда ёш невараларим борлиги учун табиий газ ёқишдан қўрқаман, – дейди Г.Шодиева. – Чунки кўп қаватли уйда табиий газ билан уйни иситиш мумкин эмас. Ён-атрофда кўпчиликни кўряпмиз, биринчи қаватда, ертўла ва ҳаммомларда қўлбола, индивидуал иситиш мосламалари ясаб олишган. Аммо бир носозлик бўлса, бутун уйга шикаст етишидан хавотир оляпмиз. Иккинчи томондан, хоналарда кеча-ю кундуз электр иситкичлар ёқиб қўйишга мажбур бўлганимиз ортидан ойига бир неча 100 минглаб сўм электр энергияси учун тўлов қиляпмиз.
Хуллас, воқеа бундай бўлган: Пойтахтимиздаги “Теплодар сервис” масъулияти чекланган жамияти ва юқоридаги учта уйга хизмат кўрсатувчи “Ҳусан коммунал сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ўртасида локал қозонхона ўрнатиш бўйича 216 миллион сўмлик шартнома имзоланган. “Теплодар сервис” томонидан локал қозонхона қуриб битказилган. Аммо ширкат тўлов учун банкдан фақат 142 миллион сўм кредит олган. Аҳолидан иссиқлик учун олдиндан тўлов тариқасида йиғилган 21 миллион сўм тўлов учун камлик қилган. Шундан сўнг маълум муддат ўтиб, “Теплодар сервис” вакиллари қозонхонанинг газ ҳисоблагич ва бошқа зарурий жиҳозларини ечиб олиб кетган. Ўртада ширкат аҳолига иссиқлик беролмаётгани ҳолда, айнан иссиқлик учун олинган кредитга фоиз ҳам тўлаб келмоқда. Аҳоли эса иссиқлик йўқлиги учун катта миқдорда электр ва табиий газ сарфлаяпти.
Афсуски, бу ҳолат фақат Тараққиёт кўчасида эмас. Шаҳарнинг Микрораён, Сартепа, Сўғдиёна, Кимёгарлар қўрғони масканларидаги ўнлаб уйларда ҳам аҳоли бугун электр печ ва табиий газдан иситиш мақсадида фойдаланмоқда. Энг ёмони, айримлар қўлбола индивидуал печларнинг дудбуронларини уйнинг бетон деворини тешиб ташқарига чиқарган. Бир қатор истеъмолчиларнинг айтишича, баъзи фуқаролар дудбуронларни уйнинг умумий вентиляциясига улаб қўйган. Бу эса кўплаб хонадонларда ис газидан заҳарланиш хавфини юзага келтиради.
Умуман октябрь ойида яна Сартепа маскани 150, 151, 152, 153, 154-уйлардаги 204 та хонадон, Ўзбекистон кўчаси 1 “а”, 1 “б”, 1 “в” ва 1 “г”-уйлардаги 150 та хонадон ва Беруний кўчаси 200-уйдаги 28 та хонадонни иссиқлик энергияси билан таъминлайдиган учта локал қозонхона фойдаланишга тайёр экани эълон қилинганди. Бугун фақат Сартепа масканидаги локал қозонхона ишлаяпти.
– Бешта тўққиз қаватли уйнинг бирортасида иссиқлик билан боғлиқ муаммо йўқ, – дейди “Шоҳжаҳон мадад” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Алишер Умрзоқов. – Шу учун бўлса керак, на табиий газ босими ва на электр тармоқлари зўриқиши бизни ҳозирча безовта қилган эмас.
А.Умрзоқовнинг айтишича шунча кўп қаватли уйни иситаётган локал қозонхонага тахминан 8-10 та хонадонга кетадиган табиий газ сарфланади. Бундай қозонхоналар билан барча уйлар қамраб олинса, тежалган табиий газ ва электр энергияси суммаси йилига миллиардларни ташкил этади. Хўш, 210-216 миллион сўм турадиган локал қозонхона маъқулми, миллиардлаб сўмга тушадиган исрофгарчилик, аҳолини қишдан бездирган муаммоларми?
Афсуски, ушбу қозонхона афтидан, шаҳарда ишлаб турган локал қозонхоналарнинг якка-ю ягонаси. Чунки, Беруний ва Ўзбекистон кўчаларидаги локал қозонхоналар бугун табиий газ йўқлиги сабабли ишламаяпти. Аҳолини эса, лойиҳалар амалга ошмаётгани, оширилгани турли сабаблар билан тўхтаб қолаётгани йил сайин қийнаб келмоқда.
Газетамизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида иситиш тизими бўйича аҳоли ўртасида ўтказган сўровномамиз натижаси ҳам бу фикрни яққол исботлайди. Кўплаб самарқандликлар сўровномада фаол иштирок этиб, ўзлари яшайдиган ҳудуддаги иситиш муаммоларини ўртага ташлади.
Мисол учун, “Шаҳноза Халикова” номли фойдаланувчи “Сартепада кунлар совуса газ пасайиб, электр таъминотида узилишлар ҳам бошланади, фақат ошхонани исита оламиз”, деб ёзса, Муқимий кўчасида яшовчи Малика Рустамова 1997 йилдан бери уйни иситиш муаммо бўлиб қолаётганини баён этади. Қаҳрамон Муродов исмли фойдаланувчи эса 2000 йилдан буён Кимёгарлар қўрғонида иситиш тизими ишламаётганини куйиниб ёзган. Қалдирғоч Исмоилова исмли фойдаланувчи “Дом"лар уёқда турсин, коллежларда ўқувчилар пальто, шапка курткаларда ўтиришипти дарсда. Сартепо туризм маиший хизмат коллежи бунга мисол. Арз қилавериб чарчадик, етти йилдан бери натижа йўқ. Ҳаво ўта совиб кетса, боламни юбормайман. Чунки ўқув хонаси ичи ташқаридан ҳам совуқ. Менга эса боламнинг соғлиги керак” дея жон куйдиради.
Қ.Исмоилованинг сўзларига аниқлик киритиш учун, коллеж маъмурияти билан боғланиб билдикки, муассасада ҳақиқатан ҳам иссиқлик йўқ. Айрим хоналарга электр иситкичлар қўйилган бўлса, кўплаб бошқа хоналар ҳеч қандай мослама билан иситилмайди.
Хуллас, қатор ҳудудларда аҳоли бу йил ҳам ваъдалар билан “исинадиган”га ўхшайди.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.
Zarafshon  Gazetasi

Комментариев нет: