вторник, 29 августа 2017 г.

ҚУРБОНЛИККА КИМНИ ТАЙЁРЛАШЯПТИ?


kun.uz да Тошкент Иқтисодиёт университетидаги тест синовлари бўйича қинғирликлар фош қилингач, кўпчиликнинг ҳар томонлама баркамол авлод борасидаги орзулари ерга кўмилган бўлса керак. Энди нима бўлганда ҳам тушкунликдан кўра, ҳақиқатга тик қараш, муаммони қабул қилиб, унга ечим топиш керак. Нопок ишга аралашганларга ҳуқуқий баҳо бериш, бундай ўйинлар яна ташкил этилишининг олдини олиш шарт. Бошқа йўл йўқ. «Адолат йўқ экан», «Булар ўлгунича ўзгармайди», «Умуман, ишончим қолмади» каби гаплардан эса на жамиятга ва на келажакка ҳеч қандай фойда йўқ.
Мени ҳайрон қолдирган нарса Тошкент Иқтисодиёт университетининг кутилмаганда «очилиб» қолган, юз минглаб одамларнинг муҳокамасида бўлган ҳолатга изоҳ беришга шошилмаётгани. Эътибор берган бўлсангиз, Миллий университетда ҳам тест синовлари адолатсиз ўтган бўлиши мумкинлиги ҳақда мақола эълон қилингач, шу куннинг ўзида университет раҳбарияти муаммога ўз муносабатини билдирди, изоҳ берди. Аммо «Нархоз»чи?
Тошкент Иқтисодиёт университети томони ҳамон жим эканлиги ҳам бир қанча тахминларни ўртага ташлашга мажбур қилмоқда. Катта эҳтимол билан айни вақтда университет раҳбарияти нима қилишни ҳам билмай қолгандир. Иккинчи тахмин эса, агар университет раҳбари содир этилган адолатсиз жараёндан бехабар бўлса (бунга мен ишонмайман, аммо ҳали айтилади бу вариант) айбдорларни суриштиряпти. Учинчидан эса бу воқеаларга айбдор сифатида университет масъул ходимларидан кимни «қурбонлик» қилиш борасида бир тўхтамга келинмаяпти. Шу каби воқеалар фош бўлиб қолса, бир киши ҳамма айбни бўйнига олиш ҳолатлари ҳақида ҳам эшитганмиз.
Эҳтимол барча тахминларимиз нотўғридир. Балки биз кутмаган мазмундаги изоҳ ҳам берилар. Бироқ айни масала чўзииб ўтирадиган иш эмас. Бутун Ўзбекистон масалага изоҳ кутаяпти ахир.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, журналист. 

Комментариев нет: