воскресенье, 21 февраля 2016 г.

Туманларда меҳмонхона борми?

Дейлик, пойтахт ёки вилоятдаги бирор ташкилотда ишлайсиз. Хизмат сафари билан чекка туманлардан бирига икки кунга бордингиз. Айтингчи, кечаси қаерда тунаб қоласиз? Шубҳасиз, сизни ўзингиз ўрганаётган корхона, ташкилот вакили уйига таклиф қилади. Аммо бу таклифни қабул қилишингиз тўғрими? Хўп, қабул қилдингиз ҳам дейлик. Бировнинг уйида маиший эҳтиёжларингизни айтайлик, ҳаммом қабул қилишингиз кераклигини уй эгасига қандай айтасиз? Табиийки сафарга чиққан киши учун энг мақбул жой – меҳмонхона. Муаммо шундаки, чекка туманларнинг аксариятида меҳмонхонанинг ўзи йўқ.


Яқинда хизмат юзасидан Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида бўлганимизда бунга гувоҳ бўлдик. Ўзимиз ўрганадиган соҳа ходимларига кечда туманда қолишимизни айтишни истамадик. Тумандаги танишларга ҳам қўнғироқ қилмадик. Кеч тушиб бир кунлик ишларимизни тугатиб олгач, такси тўхтатиб, туманда бирор меҳмонхона бор-йўқлигини сўрадик. Ҳайдовчининг "Мирбозорда бор, ўтиринглар, ҳозир олиб бораман" деганида бизда уйғонган мамнуният узоққа чўзилмади. Тумандаги ягона ушбу меҳмонхона ишламай қўйганига анча бўлган экан.
Навбатдаги такси ҳайдовчиси бизга айтган гапи бу ерларда меҳмонхона масаласи қанчалик муаммо эканини яна бир бор кўрсатди: "Бу атрофдаги энг яқин меҳмонхона Пахтачи туманида жойлашган, аммо нархлар бир кишига 80-90 минг сўм атрофида. Лекин яхши иситилмайди. Шароитлари маъқул бўлмаса керак, кўпчилик меҳмонлар тунаш учун қўшни вилоятдаги Навоий шаҳрига боришади".
Аслида ана гапдан сўнг, сиз ўқиётган мақолани ёзишги қарор қилдик. Сабаби меҳмонхона муаммоси бугун фақат Нарпай туманига хос эмас. Темирйўл бекати жойлашган, магистраль йўл кесиб ўтган мазкур туманда аҳвол шундай экан, бошқа жойларни тасаввур қилаверинг.
Энди масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратсак. Кўҳна Самарқандни кўриш учун дунёнинг нариги чеккасидан, ўн минглаб километр масофани босиб келаётган сайёҳлар шаҳардан атиги юз чақирим ташқарига ҳам чиқишни истамайди дейсизми? Истайди, аммо бугун туристик фирмалар сайёҳларга буни тавсия қила олишармикан? Негаки, талаб даражасидаги меҳмонхоналарга жойлаштириш туризм индустриясининг энг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Меҳмондўстликнинг асосий жиҳатларидан бири бу меҳмонхона. Меҳмонга ҳурмат ҳам, уни кутиб олиш ва хизмат кўрсатиш ҳам меҳмонхона билан боғлиқ.
“Ўзбектуризм” миллий компанияси Самарқанд минтақавий бўлими раҳбари Илҳом Сувоновнинг айтишича ҳар қандай сайёҳлик фирмаси меҳмонларни Самарқанддан ташқаридаги туманларда қолишини истамайди. Негаки, ҳозирча туманларда биз сайёҳларга кўрсата оладиган даражадаги меҳмонхонанинг ўзи йўқ. Замонавий меҳмонхона қуриш ва фаолиятини ташкил этиш катта маблағ талаб этади. Сайёҳлар эса асосан йилнинг иссиқ мавсумида ташриф буюради. Бундай ҳолатда тадбиркор фойда кўрмаслиги мумкин. Аммо мазкур муаммонинг оддийгина ечими мавжуд. Бу оилавий корхона шаклида уй-меҳмонхоналарни ташкил этиш. Сиғими, хизмат кўрсатиши, содда стандарти билан ажралиб турувчи уй-меҳмонхоналар иқтисодий жиҳатдан самарали эканлигига шубҳа йўқ.
Дарвоқе, аслида бизда уй-меҳмонхоналар бор. Бор бўлганда ҳам ўнлаб топилади. Биргина Пайариқ туманидаги Имом Ал-Бухорий мажмуаси яқинида йигирмага яқин хонадонларда ана шу хизмат йўлга қўйилган. Ургут тоғлари яқинидаги қишлоқларда ҳам ана шундай хонадонлар йўқ эмас. Гап шундаки, уларнинг бирортаси рўйхатдан ўтиб қонуний фаолият юритаётганига ишониш қийин. Модомики, фаолият ноқонуний экан, хизмат кўрсатиш сифати, жавобгарлик ва масъулият ҳисси ҳам ҳаминқадар бўлиши табиий-да.
Агар мана шу тизим қонуний йўлга қўйилса нафақат ички туризм балки, ташқи туризм учун ҳам янги қулайликлар юзага келган бўларди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юртимизга келаётган сайёҳларнинг аксариятида табиат қўйнига чиқиш, аҳоли хонадонларида бўлиш, кишиларнинг урф-одатлари билан танишишга қизиқиш юқори экан. 
Маълумки Самарқандга келадиган сайёҳлар бир кундан уч кунгача меҳмон бўлиб қолишади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, агар сайёҳларнинг вилоятда қолиш вақтини бир кунга узайтирсак, соҳадан келаётган йиллик даромадга яна бир неча ўн миллиард сўм қўшиларкан. Мана сизга масаланинг иқтисодий томони. Яна ўша гап: бунга эришиш учун аввало туманларда талаб даражасидаги шароитни яратиб қўйишимиз керак бўлади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.

Комментариев нет: