воскресенье, 21 февраля 2016 г.

Газбаллоннинг нархи қанча?

Қаерда коммунал хизматлар, хусусан аҳолига табиий газ етказиб беришдаги муаммоларнинг сабабини суриштириб кўрсангиз кўпинча гап қарздорлик масаласига бориб тақалади. Таъминотчи қарздорликнинг ошиб бораётганидан нолиса, истеъмолчи таъминотнинг йўқлиги, бунинг устига асоссиз қарздорлик пайдо бўлганидан шикоят қилади.


Сўнгги бир неча йилда табиий газ етиб бормаган, ёхуд тармоқдан узилган хонадонларга суюлтирилган табиий газ етказиб бериш тажрибаси соҳадаги энг катта муаммога ечим кўрсатгандай бўлди. Яъни, аҳоли суюлтирилган газ етказиб беришда на дебитор ва на кретидор қарздорлик юзага келмайди. Икки томон ҳам битта "бошоғриқ"дан қутуладиган бўлди. Шу сабабдан бўлса керак, ушбу ёқилғи турини етказиб бериш ишлари ҳар йили кенгайтириб борилмоқда. Ўз навбатида аҳолининг ҳам суюлтирилган газга эҳтиёжи ошиб бормоқда.
Аммо бу соҳада ҳозирда бир қатор муаммолар кўзга ташлана бошладики, ўз вақтида бунга барҳам берилмаса унинг газак олиб, кенг қулоч ёйиши ҳам ҳеч гап эмас.
Иштихон туманидаги маҳаллалардан бирида яшовчи фуқаронинг таҳририятимизга йўллаган шикоят аризасида ана шу муаммолар тилга олинган. Мактуб муаллифи туман газтаъминот корхонасига газ баллон олиш учун ёзган аризасининг эътиборсиз қолгани, маҳаллага суюлтирилган газ ҳар ойда эмас балки икки ойда бир етказиб берилаётганидан шикоят қилган. Шунингдек, етказиб берилаётган суюлтирилган газ учун белгиланганидек 7400 сўм эмас балки 15 минг сўм ҳақ олинаётгани тилга олинган.
Ҳолатни ўрганиш юзасидан туман газтаъминот корхонаси вакиллари билан биргаликда тегишли маҳалласига борганимизда шу масала юзасидан маҳалла раиси ҳамда бир неча хонадон эгаларининг фикри билан қизиқдик.
Маълум бўлдики, маҳалла аҳли келтирилаётган суюлтирилган газнинг давлат томонидан белгиланган нархини ҳам билмас экан. Негаки, кимдир бизга суюлтирилган газни 16 минг сўмга олаётганини билдирса, яна кимдир 12 минг сўм дейди. Шуниси аниқки, маҳаллада ҳеч ким суюлтирилган газни ўз нархида олган эмас.
Қизиғи, газтаъминот корхонаси вакиллари бундан хабардор экан. Корхона масъул ходимлари худди шундай ҳолат бўйича маҳаллага суюлтирилган газ етказиб берувчи ходимлардан бири яқинда ишдан бўшатилгани, бундай ҳолат қайта кузатилмаслиги билдиришди.
Аммо мазкур шикоят ўрганилганидан маълум муддат ўтиб маҳалла фаоллари билан телефон орқали боғланганимизда суюлтирилган газнинг нархи ҳамон ўн беш минг сўм эканлигини маълум қилишди. Ушбу ҳолатни мушоҳада қиларкансиз, мазкур муаммонинг олдини олишда маҳалла аҳлининг фаол бўлиши, керак бўлса, ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан ҳамкорлик қилиши лозим экан деб ўйлашингиз табиий. Аммо маҳалла раиси билан суҳбатлашарканмиз, бунинг ҳам иложи йўқ экан деган хулосага келдик. Шикоятда кўрсатилган важларни ўрганаётганимизда мавжуд ҳолат юзасидан аниқ хулосага келишимиз учун бошқалар муаммони очиқ-ойдин ўртага ташлагани ҳолда маҳалла раиси газ таъминоти борасида муаммо йўқлигини, суюлтирилган газни аҳоли ўз вақтида, давлат нархида олаётганини билдирди.
Юқорида айтганимиздек, суюлтирилган газ етказиб беришнинг йўлга қўйилиши аҳолига манзур. Аммо шу билан бирга нафақат мазкур маҳалла, бошқа ҳудудларда ҳам бу борада маълум муаммолар юзага келмоқда. Бугунги кунда ушбу туманда йигирма мингтага яқин аҳоли хонадонлари газ тармоғидан узилган бўлса, уларнинг 12,5 мингтасигина суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланган. Шунингдек, уч мингта хонадон шахсий газ баллонларига эга. 2015 йил давомида Иштихон туманига 1950 дона суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. Жорий йилда эса ҳозирча беш юз дона. Кўриб турганингиздек, барчага ушбу қулайликдан фойдаланиш имконияти ҳозирча яратиб берилмаган. Аммо ҳар йили икки мингта газ баллони етказилда ҳам бир неча йилда туманда ушбу мосламага бўган эҳтиёж қопланади. Ҳамма гап суюлтирилган газни етказиб бериш билан боғлиқ юқоридаги муаммоларнинг олдини олишда.
Дарвоқе, "Марказгазтаъминот" унитар корхонаси маълумотларига кўра, бугунги кунда вилоятнинг барча ҳудудларида аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш маҳаллий ҳокимлик билан тузилган график асосида ҳар ойда бир марта маълум санада амалга оширилади. Шундай экан, уни ўз вақтида етазиб беришни, маҳаллий ҳокимликлар назоратга олишса ёмон бўлмасди.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.

Комментариев нет: