Аввал бошдан айтиб қўяй: бу мақола билан электр
таъминотидаги аҳволни мақтамоқчи эмасман. Умуман, ҳозирги шароитда бу соҳани мақтаб
ҳам бўлмайди. Негаки, биргина электр таъминотидаги камчиликлар миллионлаб аҳолининг
ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда. Афсуски муаммо фақат аҳолининг асаббузарлиги
билан чеклангани йўқ. Электр таъминоти етишмаслиги бугун бутун мамлакат иқтисодиётига
таъсир қилмоқда. Негаки, электр токи етмас экан, ишлаб чиқариш ҳам, хизмат кўрсатиш ҳам ривожланмайди. Табиийки,
иш ўринлари ҳам яратилмайди ва албатта давлатга солиқ тушуми ўсмай қолаверади. Қисқа
қилиб айтганда электр таъминотидаги узилиш – бу қолоқликдир. Аммо бу муаммо тез
орада ҳал этиладиганга ўхшайди. Ҳар ҳолда мен шунга ишонаяпман. Қандай қилиб
дейсизми? Тушунтиришга ҳаракат қиламан...
Жорий
йилдан бошлаб республикамиз, хусусан, Самарқанд вилоятида электр энергияси
таъминоти бўйича бутунлай янги тизим йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу тизимни кўпчилик
мутахассислар соҳадаги муаммоларга барҳам беради деб айтишмоқда. Мазкур тизим ҳақида
ўқувчиларга аниқ маълумот бериш мақсадида "Самарқанд электр
тармоқлари" корхонаси масъул ходимлари билан суҳбатлашишга
қарор қилдим.
– Электр энергиясини назорат ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган
(АСКУЭ) тизими ташкил этилишининг сабаби нимада? Нима учун бу тизимга эҳтиёж
сезилди? Ривожланган мамлакатларда ҳам шундай тажриба борми?
– Биламизки энергия таъминоти мамлакат иқтисодиётида муҳим аҳамият касб
этади. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари, хусусан, юртимиздаги
аксарият технологиялар ҳатто энг кичик жиҳозларгача барчаси ривожланган мамлакатлардагига
қараганда 2-4 баравар кўп электр энергияси истеъмол қилади. Шу сабабдан ҳам энергия истеъмоли самарадорлигини ошириш катта муаммолардан бири бўлиб
келмоқда. Энерготежамкорликка эътиборсизлик, энергоресурсларни узатишдаги ўлчов
асбобларининг аниқ ва тўғри ишламаслиги, технологик жараёнларда энергия
истеъмолининг юғорилиги, электр қурилмаларни маънавий ва жисмоний эскириши
туфайли энергоресурслар исрофининг ошишига олиб келмоқда. Бу эса соҳада энг
замонавий технология ва тизимни киритишга эҳтиёж юзага келдирди.
Янги лойиҳа – Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат ғилишнинг
автоматлаштирилган тизими, деб номланиб барча истеъмолчилар онлайн ҳисоблагич
билан таъминланади ва электр тармоқлари корхоналари фаолияти ҳам янги тизимга
мослаштирилади. Бу орқали республика иқтисодиётини ва аҳолисини
сифатли электр энергияси билан ишончли таъминлашга тўлиқ эришиш кўзда тутилган.
Ушбу тизим қатор ривожланган мамлакатлар, хусусан, Италия, Япония ва Жанубий
Кореяда кенг қўлланилиб синовдан муваффақиятли ўтган бўлса-да, нафақат Мутақил
Давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари, балки,
бутун дунёда илк бор бизнинг мамлакат 2020 йилгача тўлиқ автоматлаштирилган
тизимга ўтиши кутилмоқда. Бу жараёнга хорижий инвестициялар кенг жалб этилмоқда.
Хусусан, 2013-2020 йилларда Ислом тараққиёт банки кредитлари ҳисобидан Қорақалпоғистон
Республикаси, Навоий ва Хоразм вилоятларида, Жаҳон банки кредитлари ҳисобидан
Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида, Осиё тарққиёт банки кредитлари
ҳисобидан 2016-2020 йилларда Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё ва
Сурхондарёда қатор лойиҳалар ишга туширилади.
Вилоятимизда
бу тизим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 02 августдаги "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Электр
энергиясидан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат ғилишнинг автоматлаштирилган
тизимини жорий этиш. Ўзбекистон Республикаси Бухоро, Жиззах ва Самарғанд
вилоятларида 0,4 кв истеъмолчиларининг электр энергиядан фойдаланишини ҳисобга
олиш тизими» лойиҳасини амалга ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги
қарори асосида амалга оширилади. Осиё тараққиёт банки томонидан мазкур лойиҳа
учун 150 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган бўлиб, тендер ғолиби –
Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси томонидан ўрнатиш ишлари олиб
борилади.
– Янги тизимдан биз қачондан бошлаб фойдалана
оламиз?
– Лойиҳага кўра,
2016-2017 йилларда вилоятимизда барча истеъмолчилар электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг
автоматлаштирилган тизими билан таъминланади. Шу йилнинг иккинчи чорагидан
бошлаб "Зарафшон электр тармоқлари" (Самарқанд тумани)даги кичик
қувватли юридик истеъмолчиларга аҳоли билан қўшилган ҳолда 8500 та онлайн
ҳисоблагичлар ўрнатилади. Олти ойгача бўлган муддат ичида тизим синовдан
ўтказилади. Шу вақт ичида камчиликлар аниқланса, уларни бартараф этиш ишлари
олиб борилади. Шундан сўнг вилоят миқёсида янги тизимни ўрнатиш ишлари олиб
борилади. Айни вақтда Самарқанд туманида лойиҳа-смета ишлари ўз ниҳоясига етди.
– Электр энергияси
истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими биз учун ҳар ҳолда мутлақо янги тизим. Айтингчи,
электр тармоқлари корхоналари ходимлари бу тизимда ишлаш малакасига эгами?
– Лойиҳани амалга
оширувчи компания олдига бир қатор мажбуриятлар қўйилган. Янги тизим бўйича
бизнинг "Самарқанд электр тармоқлари корхонаси" ходимларни ўқитиш ана
шу шартлардан бири ҳисобланади. Тез орада корхонанинг 120 нафар ходими шу мақсадда
ўқитилади. Яна бир гап: мазкур тизим йўлга қўйилгач, соҳада бирорта ҳам
назоратчи ходимга эҳтиёж сезилмайди. Барча назорат ишлари туманлардаги
компьютер марказлари томонидан олиб борилиб биратўла 500 нафар назоратчининг ҳам вазифаси автоматик
тарзда бажарилади.
– Онлайн тизимининг олдингиларидан асосий
афзаллик томони нимада?
– Маълумки ҳар қандай
соҳада юзага келган нуқсон ва камчиликлар асосан инсон омили билан юзага
келади. Бу тизимда эса инсон омили деярли бўлмайди. Истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмолини аниқлаш, ҳисоб-китобларнинг
амалга оширилиши тўлиқ автоматлаштирилган. Қолаверса, янги тизимда қарздорлик тушунчасининг ўзи бўлмайди. Электр
энергияси олдиндан тўлов асосида етказиб берилиб истеъмолчининг тегишли маблағ
тўланмаган тақдирда автоматик тарзда
тармоқдан узилади.
Янги, “ақлли” ҳисоблагичлар хонадон ёки корхонага қанча миқдорда электр
етказиб берилаётганини аниқ кўрсатиб туради. Яна бир қулайлиги, буни
абонентнинг ўзи ҳам
интернет орқали кузатиши
мумкин. Бунда абонент мобиль телефонини “Электрҳисоб” дастурига бириктириб, “Ўзбекэнерго” сайти орқали шахсий кабинетга кириш, ўз ҳисобини ва тўловлари
мониторингини олиб бориш, сўровлар
юбориш ҳамда мобиль телефон рақамига тўловлар ва қарздорлик бґйича қисқа хабарларни қабул қилиши мумкин.
Бунда тўловлар,
ҳисоблагич кґрсаткичлари, ҳисоб-китоб тарихи, ҳисоблар тўғрисида маълумотларни тўғридан-тўғри кузатиши
мумкин.
– Барча онлайн
тизимига ўтгандан кейин электр таъминотидаги узилишлар камайишига умид қилсак
бўладими?
– Янги тизим узилишларга барҳам бериш аниқ. Буни
тушунтириш учун аввало, узилишларнинг сабабларига тўхталиб ўтсак. Биламизки,
бизда электр энергияси эрталаб нисбатан жуда кўп ишлатилади, кундуз куни
истеъмол пасая бориб кечаси яна максимал даражага ошиб кетади. Бундай ҳолатда
электр узатиш тармоқлари, трансформаторларда зўриқиш юзага келади. Қолаверса,
электр энергияси кечаю кундуз бир хил миқдорда ишлаб чиқарилади. Шундай қилиб,
электр тармоқлари ёки транформаторлар ишдан чиқади ёки ишдан чиқишининг олдини
олиш мақсадида электр токи узатиш маълум муддатга тўхтатиб қўйилади. Энди эса
электр тармоқлари корхоналарида компьютерлар орқали электр таъминоти графикларини бир маромда бажариш йўлга
қўйилади. Қайси ҳудудда
кучланиш юқори, қайси ҳудудда етарли эмас, барчаси назоратга олиниб меъёрий
ҳолат ушлаб турилади.
Бугунги кунда электр энергияси
таъминотида 17 фоизгача электр йўқотиш кузатилади. Янги тизимда бу кўрсаткич 3
фоизга тушиши кутилмоқда. Бу ҳам истеъмолчиларни электр энергияси билан
таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Яна бир асосий жиҳат: Тан
олишимиз керак, бизда электр энергиясидан тежаб-тергаб фойдаланиш кўникмаси,
ҳозирча ривожланган мамлакатлар истеъмолчилари даражасига етгани йўқ. Ҳар бир хонадонда бир вақтнинг ўзида 5-6 тагача
электр жиҳозларининг ишлаб турганига гувоҳ бўлганмиз. Бу истеъмолчига иқтисодий
жиҳатдан зарар етказиши билан бир вақтда техник қоидаларга ҳам зид.
Нимстанцияларнинг зўриқиши ҳам кўпинча шундан келиб чиқади. Эндиликда
истеъмолчининг фойдаланиш қуввати меъёрдан ошиб кетса, автоматик ҳолатда ўчириш
функцияси ишлаб, электр ҳисоблагич ўчади ва 3 дақиқадан кейин электр ҳисоблагич
ойнаси (дисплейи)да 180 секунд орқага санайди ҳамда электр ҳисоблагич қайта
ишга тушади. Агарда истеъмолчи фойдаланаётган қувватини камайтирмаса шу ҳолат
такрорланаверади. Умуман, онлайн янги тизимнинг қулайликлари жуда кўп. Мисол
учун, уйдан чиқишда бирор бир электр жиҳозни электрдан узишни эсдан чиқариб
қўйдингиз. Бундай вақтда тумандаги компьютер марказига қўнғироқ қилиб ўз
уйингизни маълум соатгача тармоқдан узиб туришингиз ҳам мумкин бўлади.
– Ушбу ҳисоблагичлар кимнинг
ҳисобидан ўрнатилади, истеъмолчиларнингми ёки электр тармоқлари корхонаси
томониданми?
– Юз фоиз, барча харажатлар, шу жумладан, ҳисоблагичлар ўрнатиш "Ўзбекэнерго"
акционерлик жамияти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Истеъмолчидан фақат
бир нарса – электр энергиясининг мансублик чегараси, яъни ҳисоблагични
ташқарига ўрнатиш сўралади.
– Электр энергиясидан қарздор
истеъмолчиларга онлайн ҳисоблагичлар ўрнатиш тартиби қай тарзда амалга
оширилади?
– Юқорида айтилганидек, 2017 йил 31 декабрга қадар вилоятдаги барча
истеъмолчи онлайн ҳисоблагичга эга бўлиши режалаштирилган. Шу сабабдан қарздор
истеъмолчиларга ҳам янги ҳисоблагичлар ўрнатиб берилади. Аммо электр энергиядан
қарз мавжудлиги сабабли истеъмолчи ҳисоб-китобни амалга оширмагунча унинг
ҳисоблагичи автоматик тарзда ишламай туради. Компьютерга тўлов ҳақидаги
маълумот келиб тушган заҳоти ҳисоблагич ишга тушади. Шу сабабдан ҳам янги
тизимда қарздорлик юза келишининг мутлақо иложи йўқ. Бу эса таъминотчи ва
истеъмолчи ўртасидаги муаммоларнинг олдини олади.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ суҳбатлашди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий