Интернет саҳифаларида ўзимга керакли бир дастурни
кўриб қувониб кетдим. Ўзим ишлаётган касб эгаларига
жуда фойдали эканлиги сабабли юклаб олишга киришдим. Дастурни жойлаштирган сайтдан
рўйхатдан ўтиб, анкета саволларига жавоб бергач, юклаш тугмасини босдим. Аммо
дастур нархи анчагина қиммат экан. Яхшиси, дўкондан сотиб оларман, деган фикрга
келиб, тармоқдан чиқдим.
Мени ҳайратлантирган
жиҳати шундаки, эртаси куни пойтахтдаги электрон китоб, қўлланма ва дастурлар савдоси
билан шуғулланувчи фирма вакили уяли телефонимга қўнғироқ қилиб мен қизиққан дастур
бўйича сўз бошлади: "Дастуримиз сизга манзур бўлганидан хурсандмиз. Юклаб олмоқчи
бўлган экансиз, бирор носозлик юзага келдими, эҳтимол, сизга қулайроқ нарх таклиф
этармиз? Сизни яна қандай дастурлар қизиқтиради…" ва ҳоказо. Кейин билсам,
телефон рақамимни мен тўлдирган анкетадан олишибди.
Очиғини айтиб қўяқолай,
мижозларга бу даражада эътибор, уларнинг ҳар бирига имкон қадар қулайлик
яратишга ҳаракат қилиш, қизиқишингизга қараб турли маҳсулотларни таклиф этиш ва
албатта уларнинг хусусиятларига тўхталиб ўтиш, қисқаси, олий даражадаги
сервисни биринчи марта кўришим эди. Замонавий бизнес, маркетингнинг биринчи
шарти бўлган мижозлар билан ишлашнинг бундай намунасини одатда биз киноларда кўрардик.
Агар бундан бир неча йил олдинги ҳолат – харидорга парво ҳам қилмайдиган
сотувчидан асаблар қақшаганини эсласак, хурсанд бўлишга арзийдиган янгилик.
Электрон технологиялар
бўйича мутахассис танишим бундан
олти ой олдин Хитойга бориб келганида "Бизда ҳам сотувчилар замон талабига
мослашармикин?" дея ўзи гувоҳ бўлган ҳолатни айтиб берганди:
– Дам олиш куни
дўконларни айлангани чиққандим, – дейди у. – Дўконга кириб қайси маҳсулот ёнида
тўхтаб қолсангиз, дарров сизга юмшоқ стул келтириб, ўша маҳсулотнинг
хусусиятларини тушунтира бошлашади. Албатта бирор ичимлик ҳам таклиф этишади.
Бундай мулозаматдан кейин нимадир харид қилгингиз келади. Мабодо ҳеч нарса
олмаган тақдирингизда ҳам дўконга кирганингиз учун миннатдорчилик билдиришади.
Аслида бозор иқтисодиётининг
асосий шарти ҳам шу. Модомики, даромад манбаи харидор экан, биринчи вазифа унинг
кўнглига йўл топиш. Буни англаб етган тадбиркорларнинг энди ошиғи олчи. Савдоси
юришмаган, ишларидан барака қочган истаган тадбиркорнинг дўконига бориб ходимларнинг
муомаласини кузатсангиз, муаммонинг асл сабабини топасиз.
Юқорида фақат
савдо соҳасидан мисол келтирдик, бугунги кун талаби эса барча соҳада замон
билан ҳамнафасликни тақозо этмоқда. Профессионаллик, мижозлар билаш ишлашни тўғри
ташкил этиш айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида энг долзарб масалалардан бири.
Халқ депутатлари вилоят кенгашининг "Вилоятда туризмни ривожлантириш ва
сайёҳларга кўрсатилаётган сервис хизматларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган
ишлар тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Кўриб турганингиздек, юқори
савиядаги сервис хизматисиз туризм соҳасида ҳам тараққиётга эришиб бўлмайди. Ҳали-ҳамон эскича дунёқарашдаги
хизмат кўрсатувчиларнинг муносабати, хизмат сифати ўзимизгаки малол келаяптими
сайёҳларга қай даражада маъқул бўлишини тасаввур қилаверинг.
Энг муҳими, юқорида
айтганимиздек, айрим тадбиркорлар аллақачон замон талабини, ҳар бир харидор,
мижоз билан керак бўлса, индивидуал тарзда ишлаш лозимлигини тушуниб етмоқда.
Бу эса яқин ўртада самарасини беради.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий