Мақсуд ЖОНИХОНОВ
Адашмасам, 2004 йил эди. Хизмат сафари билан Бухорога борадиган бўлдим. Қўлимда каттагина сумка. Ўша пайтлари юртимизнинг барча ҳудуди каби шариф шаҳарга қатнайдиган замонавий автобуслар жуда кўпайган, улар Отчопар (ҳозирги Чилонзор буюм бозори) олдида турнақатор тизилиб турарди. “Бухорога кетамез, Бухорога” деб оламга жар солаётган йигитчанинг ёнига бордим, у менга ўртароқдан жой кўрсатди. Барча ҳужжатлар, пуллар, кийимлар солинган сумкамни ўриндиққа қўйиб, сув олиш учун пастга тушаётиб, ўша йигитчага ҳозир келаман, дедим. У: “Акажон, бемалол, ҳали камега бер соат турамез” деди.
Автобусдан 15-20 қадам наридаги расталардан сув олдим, сотувчига пул узатдим. Бор-йўғи шу арзимас юмушга нари борса, 5 дақиқа кетгандир. Қайтиб келиб, не кўз билан кўрайки, автобус йўқ. Бир зум каловланиб қолдим. Биринчи сафарим, энди нима деган одам бўлдим, дейман ўзимга ўзим. Такси ушлаб ортидан борай десам, пулим сумкада, сумка автобусда, автобус йўқ. Яхшиям унинг рақамини эслаб қолган эканман, таваккал қилиб, катта кўчага чиқдим-да, йўловчи машиналарга қўл кўтардим. Бир “06” тўхтади, унинг эгасига вазиятни тушунтирдим, пулни автобусдан олиб бераман, фақат етиб олсак бўлди, дедим. У хўп деди-ю Янгийўл постига яқинлашганда: “Ака, ҳужжатим йўқ, пул бермасангиз ҳам розиман”, деб орқага қайтди. Постга тушиб ДАН ходимларига аҳволимни тушунтирдим. Улар кейинги постга хабар беришди. Кейинги пост Сирдарёга киришда эди. Аммо у ергача қандай бораман? Яна таваккал билан йўл четига чиқдим. Шундоқ қўл кўтарган эдим, оппоқ Нексия тўхтади. Орқа ўриндиқда 6-7 ёшлар атрофидаги болакай, рулда эса 45 ёшлардаги киши. Ҳовлиқиб мақсадимни айтдим. Ўтиринг, кетдик, деди. Машинага разм соламан, ҳали ўриндиқларнинг целлофан жилди ҳам олинмаган, фақат янги машиналарга хос аллақандай ёқимли ҳид уфуриб турибди. “Номерини айтинг, автобусни” деди ҳайдовчи. Айтдим. У тезликни 140 дан оширди ҳамки, автобусдан дарак йўқ, худди қанот чиқариб учиб кетгандай. Мен-ку майди, болакай хввотирлана бошлади. “Дада, улар бу амакимни нарсаларини ўғирлашибдими, нимага олиб кетишади бировнинг нарсасини сўрамай?” деб отасига тинмай савол берарди. Бундай пайтда аксариятимиз болани жим ўтир, деб жеркиб берамиз. Аммо у одам ҳам ўғлининг ёмғирдек ёғилаётган саволларига болаларга хос тарзда жавоб бериб кетаяпти, ҳам менга ҳозир етамиз, сиқилманг, деб кўнглимни кўтариб қўяди. Чинозга етганимизда йўл таъмирланаётган экан, майда бир тош зарб билан олд ойнага урилди-ю, унинг ўртасидан чизиқ тортилди. Ана энди тамом, дедим ўзимга ўзим. Ҳоир машинани тўхтатиб, ойна учун пул тўлаттиради. Во ажаб, ҳайдовчи ойнага чизиғига парво ҳам қилгани йўқ. Аксинча тезликни оширгандан ошириб борарди. Сирдарё вилоятига кириш постдагилардан автобусни сўрадик, ўтиб кетди, дейишди. Уларнинг жавобини эшитиб, Нексия эгаси тез ўтиринг кетдик, деди. Гулистонга етмай, Сардобага чиқиб кетадиган йўлга етганимизда автобус кўринди. “Ана ўша автобус” деб болакай унинг рақамини таниб қолгани учун қийқириб юборди. “Учар автобус”ни тўхтатдик. Жуда жаҳлим чиқиб тургани учун, автобусга кўтарилдим-да бор овозим билан, ҳеч кимдан тап тортмай ҳайдовчини сўка бошладим. Шунчалик жазавага тушган эдимки, тинмай сўкавердим. Бир пасда ҳовуримдан тушдим. Автобус ҳайдовчиси: “Бўлдими, сўкиб бўлдингизми, нима гап ўзи?” деди. Нима гаплигини айтдим. У автобусга одам тўплаган йигитнинг бозорда қолганини, мен ҳамқимда умуман гапирмаганини айтди. Унда айб йўқлигига иқрор бўлдим. Ҳайдовчи эса айбсиз бўлса-да, астойдил узр сўради. “Биздан хафа бўлманг, агар кетаман, десангиз бепул олиб бориб қўяман Бухорога” деди. Унинг гапини эшитиб ўзимдан уялиб кетдим. Ҳозир ака, дедим-у сумкамдан пул олиб, бояги Нексия эгасини рози қилиш учун пастга тушдим. Аммо бепоён ҳудудда бизнинг қочоқ автобусдан бошқа ҳеч қандай улов йўқ эди. Жуда ғалати аҳволга тушдим. Мени шунча узоқдан олиб келган, боз устига янги машинасининг ойнасига путур етган одамга ақалли бир оғиз раҳмат айтолмаганимдан хижолат бўлдим, ўкиндим.
Автобус жойидан қўзғалди. То Бухорога етиб боргунча Нексия эгасинини ўйладим. Дунёда шундай беминнат яхшилик қилувчи, қалби соф одамлар борлигига яна бир карра амин бўлдим. Айни пайтда ўзимнинг эътиборсизлигим, жиззакилигимдан нафратландим. Йўқса, биринчидан сумкамни автобусда қолдирмасдим, иккинчидан Нексияда келаётиб, ҳайдовчининг манзили, ҳеч бўлмаса, телефон рақамини сўраб олардим. Афсус...
Шундай дейман-у бундай одамларнинг ёрдамга шошилишини илоҳий марҳамат деб биламан. Чунки танг аҳволда қолган ҳар қандай одам Яратганга мурожаат қилади. Эй, Худо энди нима қиламан, дейди. Меҳрибон ва Раҳмли эса фақат Ўзига хослик билан бандасига мадад бўлади. Бунга яна бир мисол шуки, бир сафар болаларимни Самарқанддан олиб келаётганимда, машинам юқори нуқтада ўчиб қолди. Бензин тугаган эди. Қор бўралаб ёғар, уч метр нарини кўриб бўлмас эди. Совуқ забт олган, қизларим йиғлай бошлади. Йўлнинг ўртасида турибман. Машиналар уриб кетгудай бўлиб тўхтайди. Бензин десам, газдамиз, дейишади-кетишади. Умуман табиатнинг бундай инжиқлик кўрсатаётган пайтида бировнинг ёрдам қўлини чўзиши даргумон. Икки соатлар қолиб кетдим. Қўлларим, оёқларим қақшай бошлади. Юзим тошдай қотган. Қизларим чинқириб йиғлай бошлади. Худди шу пайт бир Жигули тўхтаб ундан тўрт нафар йигит тушди. Улар вазиятни англагач, 10 литр бензин беришди. Бензинни машинага солдим ва ўт олдириб бўлгунимча йигитлар йўқ...
Яна бир сафар қишнинг айни авжида Самарқандга йўл олдим. Жиззахдаги довон музлаб шунчалик ялтираб ётибдики, унга қараб соқол олса бўларди. Ана шу ҳолатда 15 дақиқада ўтадиган жойдан бир ярим соат деганда ўтдим. Довондан тушгач, йўл четида тўхтатдим машинани. Жуда уйқум келаётган эди. Шу боис чарчоқ чиқарай, шошаётган жойим йўқ-ку, дедим. Бир пайт машина ойнасини биров чертаётганидан чўчиб уйғондим. Тушсам, 60 ёшлар атрофиаги киши, ҳа, ука нега тўхтаб қолдингиз, нима ёрдам деди. Жавоб бердим. У киши, ҳа унда майли, дея кетишга чоғланди. Мен у кишига астойдил раҳматлар айтдим. Бепарво ўтиб кетмай тўхтаганингиз учун раҳмат, деб ташаккур изҳор этдим. У кетди мен қолдим. Машина ўриндиғини ётқизиб, чўзилдим. Бу сафар ухлаб қолибман шекилли, қаттиқ бир овоздан уйғониб кетдим. Ташқарига чиқсам, уч нафар йигит турибди. Э, ака машинани жар ёқасига қўйиб, нима қилаяпсиз, боядан бери чақирамиз, эшитмайсиз, дейишди. Мен уларга чарчаганимни тушунтирдим. Улар гапимни эшитиб, қўлимдан тутишди-лда, машинанимнинг иккинчи томонига етаклашди. Не кўз билан кўрайки, машинани катта жарлик ёқасига қўйган эканман. Яна ярим метр ҳайдасам... тасаввур қилиб қўрқиб кетдим. Йигитлар бу манзарани кўриб, оёқ-қўлларим қалтираб кетганини сезишди чоғи мени қўярда-қўймай уйларига олиб кетишди. Танишдик, амакивачча йигитлар экан. Шу кунларда бўри кўпайганини, бундан хавториланиб яқин орадаги қирда қўтонлари борлигини, ҳозир қўйлардан хабар олиб қайтаётгани айтишди. Жарликни кўриб бир қўрққан бўлсам, энди бўрини ўйлаб даҳшатга тушдим. Аллоҳ бу қалби тоза йигитлар тимсолида мени қандай балолардан қутқарганини англаб, шукроналар айтдим.
Соатга қарадим, тонги 4: 47. Йигитлар ухлашнинг ўрнига бир зумда гўшт қовуриб келишди. Икки соатлар гурнглашдик. Уларга меҳр учун раҳмат айтиб, йўлга тушдим...
Дунёнинг тўрт томонидан турли талафотлар, можаролар, келишмовчиликлар рўй бераётган, оқибат, меҳр-мурувват сингари улуғ тушунчалар ўрнини “Босиб оламан”, “Ҳукмронлик қиламан”, “Еб битираман”, “Мен зўрман” деган бемаъни даъволар эгаллаб олаётган бир пайтда бу воқеаларни нега эсладим? Гап шундаки, беш бегоналарга ёрдам қўлини чўзадиган, қийин вазиятда бир-бирини асло ташлаб кетмайдиган, меҳмондорчиликка шароити бўлмаса юрагини очиб меҳрини сочадиган шундай одамларимиз, халқимиз бор экан, Қиёмат ҳали бўлмайди.
Ҳар тонг яхши ниятлар билан дуолар қиладиган ота-оналаримиз бор экан, бу юртдан оқибат кетмайди.
Ўқ овози ўрнига муаззам азонлар эшитилиб турадиган, бомбалар ўрнига карнай-сурнайлар, тўйу томошалар овози жаранглаб турар экан, бу рубъи маскуннинг Ўзбекистон деб аталмиш чаманини Тинчлик ва оқибат тарк этмагай, иншооллоҳ...
Илло, ниятимиз шу, аслида...
1 комментарий:
Яхши чикибди.
Отправить комментарий