пятница, 20 ноября 2015 г.

Етти юз минг сўм қарз

Луқма
Бу қарз абонент варақасида қандай пайдо бўлиб қолди?
Бу саволга “Самарқандшаҳаргаз” Сиёб филиалидан жавоб олишдан кўра, асоссиз бўлса-да қарзни тўлаб қутилиш осонроқ, шекилли.
Сизни билмадиг-у лекин Истиқбол кўчасида истиқомат қилувчи опа (илтимосига биноан, исм-шарифини келтирмадик) ўзининг ҳақлигини исботлаш учун газ идорасига югур-югур, сарсон-саргардонликлардан чарчаб, ана шундай хулосага келган.


Гап шундаки, истеъмол қилинган табиий газ учун тўловни ҳисоблагич кўрсаткичи орқали тўлаб келаётган опа номига компьютерда қарздорлик пайдо бўлди. Қаердан пайдо бўлди, дейсизми? Опа ҳам ана шуни аниқлаш учун кўп елиб-югурди. Назоратчидан, компьютер операторидан, бригадирдан жавоб сўради. Аммо жавоб қаёқда, дейсиз. Ҳатто, опани эшитишни ҳам исташмади – қарздорсиз, вассалом. Қарзни тўланг-да компьютердан ўчиртиринг, қутуласиз.
Етти юз минг сўм. Кам пул эмас. Опа рўзғоридан орттириб, бунча суммани тўплаши учун анча вақт керак. Тағин, емаган сомса учун пул тўлаш кимга ҳам ёқарди.
Дардини бизга – таҳририятимизга дастурхон қилди. Мурожаат асосида масалани ўрганишга киришдик. Газчиларнинг истеъмолчининг қандай “нозик жой”дан ушлашларидан харбардор бўлганимиз учун опанинг табиий газ учун тўланган квитанциялари, истеъмол қилинган табиий газ бўйича ҳисоблагич кўрсаткичи, ҳисоблагичнинг метрология кўригидан ўтганлиги ҳақидаги маълумотнома ва яна бошқа ҳужжатларини батафсил, эринмай кўриб чиқдик. Бизнингча ҳаммаси жойида. Лекин компьютер ўлгурда етти юз минг сўм қарз қаердан пайдо бўлди?
“Самарқандшаҳаргаз” Сиёб филиали ходимлари балки бизнинг бу саволимизга жавоб беришар, деб уларга мурожаат қилдик. Афсуски, адашган эканмиз. Жавоби мураккаб (балки номаълумдир) бу саволга жавоб олиш биз ўйлаганчалик осон эмас экан.
Абонентлар билан ишловчи ходим “ҳудуд бўйича бригадирга учранг”, гуруҳ раҳбари бир неча кунлик оворагарчилиг-у ваъдабозликлардан сўнг “ҳудуд бўйича назоратчи билан гаплашинг, у билади” деди. Назоратчи эса пинагини ҳам бузмаган ҳолда “яхшиси, истеъмолчининг уйига борамиз. Ўша ерда қарз қандай пайдо бўлганини исботлаб бераман” деб, қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдирди.
Хуллас, бир ҳафталик югур-югурдан кейин ҳам саволга жавоб топилмади. Мана орадан 15 кун ўтди. Лекин ҳалигача жавоб йўқ.
Ҳа, айтганча, мабодо, бу корхонанинг алдаш ва чув тушириш ҳадисини олган баъзи ходимлари “масалага аниқлик киритиб албатта сизга телефон қиламан” дейишса асло ишона кўрманг, сизга берган телефон рақамлари ўша заҳоти “мавжуд бўлмаган” рақамга айланади.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.

PS: Ушбу мақола "Зарафшон" газетасида чоп этилгач, вилоят ҳокимлигининг аралашуви билан бу иш шикоят муаллифининг фойдасига ҳал этилди. 

Комментариев нет: