Журналист суриштируви
Ёхуд пастдарғомлик Тошбек
Олимов номидан
нафақа олган ким?
Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида шунга амин
бўлдикки, Паст Дарғом туманида ҳам, вилоятимизда ҳам юқоридаги саволга жавоб
изламаган ҳуқуқ-тартибот идораси қолмади ҳисоб. Бу масала ҳатто республикадаги
айрим ташкилотларга ҳам таниш. Аммо ўша одам топилгани йўқ.
Т.Олимов
(исм-фамилия ўзгартирилди) таҳририятимизга қуйидаги мазмунда шикоят йўллаган:
«2001
йилда қалбаки ҳужжатлар билан менга нафақа тайинланган. Мен бундай ҳужжат билан
ариза ёзмаганман. Менинг номимдан қалбаки ҳужжат тайёрлаганлар 2002 йилда ишдан
бўшаб кетишган. Шу билан бирга қалбаки ҳужжатлар ҳам йўқ бўлиши керак эди-ку.
Уларни ким сақлаб қолган. Мен 2004 йилда 60 ёшга тўлгач, нафақа сўраб ариза
ёзганман. 2005 йилдан нафақа олиб келаман. Аммо 2011 йилга келиб, нафақам 209
минг сўмни ташкил этди. Мен топширган ҳақиқий ҳужжатлар эса йўқ қилиб
юборилган.»
Т.Олимов
номидан биров нафақа олиб юрса-ю, шунча вақт давомида унинг
ким эканлиги аниқланмаса, бирор чора кўрилмаса, бунинг устига ўша сумма Т.Олимовнинг
ўзидан ундирилган. Бир фуқаро учун, албатта, бу адолатсизлик – агар масаланинг қолган
томонларига эътибор берилмаса.
2011
йил 14 январда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси
ижро этувчи аппаратининг 06.04.2010 йилдаги 15 «а» сонли буйруғига ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 2 «а» сонли буйруғи эълон қилинади. Мазкур ҳужжатга
асосан пенсия ишларининг меҳнат стажи ва иш ҳақини тасдиқловчи ҳужжатларининг ҳаққонийлиги
ўрганилади. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ўтган асрнинг 70-80 йилларида бир қатор
фуқаролар меҳнат дафтарчаларига айрим колхоз идораларидан қалбаки стаж ёздириб
олишган ва шу асосда каттагина нафақа олиб келишган. Шулар қатори Т.Олимовга ҳам
тумандаги собиқ «Наврўз» ширкат хўжалиги томонидан 1976-1980 йиллар учун ёзиб
берилган меҳнат стажи қалбаки бўлиб чиқади. Натижада Т.Олимовга берилган ортиқча
сумма унинг ҳар ойлик нафақасидан 50 фоиз миқдорида ундириб келинмоқда.
Дастлаб
нафақасининг камайганидан шикоят қилган фуқарога юқоридаги ҳолат тушунтирилгач,
шикоятлар мазмуни ҳам ўзгаради. Яъни, юқорида айтганимиздек, Т.Олимов қалбаки ҳужжат
топширмагани, бу ишни унинг номидан бошқа биров амалга оширганини таъкидлайди.
Мазкур
масала бўйича Т.Олимов бирин-кетин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Сенатига, Республика Миллий хавфсизлик хизматига, вилоят ҳамда тумандаги деярли
барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа тегишли ташкилотларга шикоятлар йўллайди.
Аммо, ўрганишлар қалбаки ҳужжатларни айнан Т.Олимовнинг ўзи тақдим этганини
тасдиқлайди.
Шу
тарзда 2012 йил 4 октябрда туман молия бўлимидан, кейинчалик бюджетдан ташқари
пенсия жамғармасидан, умуман, қаерга ёзилган бўлса, барча ташкилотлардан
шикоятчига бир хил мазмундаги жавоб йўлланади ва биз юқорида келтирган ҳолат
тушунтирилади.
Бюджетдан
ташқари пенсия жамғармаси Паст Дарғом тумани бўлимида бўлиб, ҳужжатларни ўрганарканмиз,
Т.Олимов «Менинг номимдан бошқа биров топширган», деб айтган ҳужжатларни ҳам кўздан
кечирдик. Ҳужжатлар 2001 йил 16 февраль куни Т.Олимовнинг аризасига биноан қабул
қилинган. Хусусан, Т.Олимов номига расмийлаштирилган меҳнат дафтарчасида унинг
имзоси ҳам бор. Т.Олимовнинг ўзи билан суҳбатлашиб, «Имзо ўзимники, аммо
ичидаги рақамларни мен тўлдирмаганман» деган гапнинг мағзини чақолмадик. Бундан
икки хил хулоса чиқариш мумкин: Кимдир Т.Олимовнинг уйига тушиб, у имзо чеккан
меҳнат дафтарчасини ўғирлаб, сўнгра ширкат хўжалигига бориб, дафтарчага қалбаки
стаж ёздириб, пенсия жамғармаси бўлимига топширган. Ёки ҳеч ким тополмаётган «кўринмас
одам» Тошбек Олимовнинг ўзи.
Ушбу
муаммо бўйича тўпланган ҳужжатларни ўрганар эканмиз бир ҳолат эътиборимизни
тортди. Т.Олимов номига тайёрланган қалбаки ҳужжатлар билан унинг турмуш ўртоғи
номига тайёрланган нафақа ҳужжатлари деярли бир вақтга тўғри келади. Шикоятчи
назарда тутган «кимдир» биратўла унинг турмуш ўртоғи номига ҳам қалбаки ҳужжатларни
тайёрлаган кўринади. Сабаби, Т.Олимовнинг турмуш ўртоғи ҳам худди шундай ҳолат
натижасида бир неча йил давомида ортиқча нафақа олган ва текширувлардан сўнг
ушбу нафақа яна давлат ҳисобига қайтарилган. Негадир Т.Олимов сўнгги
шикоятларида бу ҳақда айтиб ўтирмаган. Яъни, шикоятчи турмуш ўртоғининг ноқонуний
тарзда нафақа олганини тан олади-ю, ўзиникини эса йўқ.
–
Ишга қабул қилинганимдан буён шу масаланинг ечим топишини кутаман, – дейди
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими ходимларидан бири. – Гоҳ
прокуратурага, гоҳ адлия, молия ва бошқа соҳа ходимларига шу муаммо бўйича изоҳ
бериб келамиз. Баъзан Э.Тошқувватов талаб қилган нафақани тўлаб юбориб, барча
сарсонгарчиликлардан қутулгингиз келади. Аммо бунинг қонуний йўли йўқ.
Т.Олимовнинг
даъволари 2013 йил 5 июль куни фуқаролик ишлари бўйича туман суди томонидан
мавжуд далилларга кўра, рад қилинди. 2014 йил 17 июнь куни фуқаролик ишлари бўйича
вилоят суди кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида фуқаролик ишлари бўйича
туман судининг 2013 йил 5 июлдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди,
келтирилган шикоят қаноатлантирилмади.
Қонунчилигимизга
кўра, ҳар қандай муаммоли масалада сўнгги сўзни суд айтади. Шундай қилиб,
мазкур муаммо бўйича аниқ хулосага келдик. Аммо бир пайтлар кўпроқ нафақа олиш
илинжида қалбаки ҳужжат топширган, орадан йиллар ўтиб, ушбу «ишкал» очилиб қолгач,
шикоят аризалари билан қанча-қанча ташкилотларни чалғитиб, вақтини ўғирлашни қандай
тушуниш керак?
Дарвоқе,
таҳририятимизга келган бу мактуб Т.Олимов йўллаган шу мазмундаги иккинчи шикоят
экан. Биринчи шикоят бўйича эълон қилинган мақолани нохолисликда айблаган
муаллиф ушбу мақоладан ҳам қониқмаслиги аниқ. Аммо наилож, қорани «оқ»
дейишнинг иложини тополмадик.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
«Зарафшон» газетаси.
PS: Айни вақтда бу каби муаммолар
республикамизда бутунлай тугатилди. "Кексаларни
эъзозлаш йили"да кексаларнинг турли сабаблар билан юзага келган нафақага
оид қарзлари давлат томонидан бекор қилинди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий