среда, 16 ноября 2016 г.

Чиқиндидан улкан даромад



Ташлаб юборилган бир дона елим сув идиши ярим аср давомида сувни ифлослантириши мумкин. Агар у кўмиб қўйилса шунча вақт мобайнида тупроқ таркибини бузиб боради. Ёқиб юборилган тақдирда эса юзлаб квадрат метр ҳавони ҳавони заралайди.
Саноат ривожланган сайин сайёрамиз чиқиндилар исканжасида қола бошлади. Бир вақтлар ер куррасининг энг ноёб денгиз жониворлари ва ўсимликларига эга бўлган Ўрта ер денгизининг юксак тараққиёт даврида «Европанинг кир ўраси» номини олиши ҳам тўлқинлар узра сузиб юрган, тобора катталашиб кетаётган чиқинди «ороллари» билан боғлиқ. Чиқиндиларнинг энг катта улуши эса елим маҳсулотларга тўғри келади. Ёмони бу турдаги чиқиндилар 50-60 йиллаб чиримайди.


Илгарилари хориж фильмларида шаҳар чеккаларининг чиқиндиларига тўлганини кўрган бўлсак сўнгги 10-15 йилларда ўзимизда ҳам ариқлар, хиёбонлар ва айниқса, йўл ёқаларида елим сув идишлари тўпланиб ётишини кузата бошладик. Шукурки, бу ҳолат кўп давом этмади. Айни вақтда на сув тармоқларида ва на йўл ёқаларида «баклашка»ларга кўзингиз тушмайди. Ҳатто чиқинди ташлаш жойларини ҳам елим идишлар тўлдираётгани йўқ. £изиқ, шаҳар ва қишлоқлар кўркини бузиб турган, экологиянинг ашаддий «душмани» бўлган бу чиқинди тури қаерга кетмоқда?
Самарқанд вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан ташкил этилган медиа-тур доирасида Ургут туманидаги «Азия фибер» масъулияти чекланган жамиятида бўлганимизда юқоридаги саволга жавоб топдик. ¤тган йили ташкил этилган корхонанинг асосий фаолияти иккиламчи полиэтилен маҳсулотларни қайта ишлашдан иборат. Мазкур корхонага вилоятнинг деярли барча ҳудудларидаги чиқиндига ташланган елим сув идишлари йиғилади. Аммо гап фақат уни йиғишда ҳам эмас. Ана шу иккиламчи маҳсулотни қайта ишлаш эвазига бугун жаҳон бозорида ўта харидоргир, юқори сифатга эса сунъий тола олинмоқда.
­— Ўтган йили «Миллий банк» Самарқанд вилоят филиалининг кредити эвазига Хитойдан керакли ускуналарни келтириб ўз ишимизни бошлаган эдик, ­- дейди корхона раҳбари Содиқ Суюнов. ­– Корхонамиз ишлаб чиқарадиган сунъий тола саноатда энг зарурий хом ашё бўлгани сабабдан тез орада ички ва ташқи бозорларда маҳсулотимизга талабгорлар кўпая бошлади. Айли вақтда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркия давлатлари ишбилармонлари бизнинг асосий харидорларимиздир.  
Мазкур корхонанинг туман ва вилоят саноатида тутган ўрни, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётдаги аҳамияти албатта таҳсинга лойиқ. Шу билан бирга энг катта ютуқларидан бири, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда улкан ҳисса қўшилаётгани.
– «Азия Фибер» масъулияти чекланган жамияти чехларида йилига беш минг тоннага яқин иккиламчи хом ашё қайта ишланади, – дейди Самарқанд вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Минерал ресурсларни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Шуҳрат Расулов. – Бу эса ташлаб юборилган худди шунча миқдордаги елим сув идишларидан табиатни қутқариш деганидир. Умуман Самарқандда иккиламчи хом ашёларни қайта ишлашга мослашган корхоналар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Бу йил ана шундай корхоналар сони ўттиздан ортгани ҳам қувонарли ҳол. Аммо айнан елим идишларни қайта ишлаш вилоятимиз учун ҳам республикамиз учун ҳам, янги ва истиқболли соҳадир.
Яна шуниси ҳам борки иккиламчи полиэтилен маҳсулотларидан олинган тола жаҳон бозорида энг харидоргир ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам бугун корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 80 фоизи экспорт қилинмоқда. Маҳаллий бозорга чиқарилаётган сунъий толадан эса бошқа корхоналар, турли сунъий матолар, ёстиқ, кўрпа, матрас кабиларни ишлаб чиқармоқда. Ва ўз ўрнида ана шу маҳсулотларнинг ҳам бир қисми жаҳон бозорига чиқарилмоқда.
Айтишли лозимки, республикамизда саноатнинг бу тармоғини ривожлантириш ҳар томонлама муҳим ҳисобланади. Сабаби, биргина Самарқанд вилоятида ҳар йили 946 тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқиндилар ҳосил бўлади. Бу дегани, «Азия фибер»га ўхшаш яна ўнлаб корхоналар, минглаб иш ўринлари ташкил этиш, юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришиш учун яна бир имконият демакдир.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.

Комментариев нет: