четверг, 6 октября 2016 г.

«Зарафшон» – табиатнинг ноёб инъоми


унга зазар етказиш эса келажакка хиёнат ҳисобланади
Юртимизда алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар мамлакат умумий майдонининг 4,6 фоизини ташкил этади. Ана шу рақамнинг ўзи республикамизда атроф-муҳитни асраш, биохилма-хилликни сақлашга бўлган эътиборнинг қай даражада эканини тасдиқлайди.
Вилоятимизда жойлашган, умумий майдони 2426 гектар, узунлиги 47 километр бўлган «Зарафшон» қўриқхонаси ҳам алоҳида муҳофаза қилинадиган маскан бўлиб ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга.

«Зарафшон» дарёси шимолий қирғоғида тасма каби узунликда жойлашган мазкур қўриқхона дастлаб дунёнинг бошқа ҳеч қайси ҳудудида учрамайдиган Зарафшон тилларанг £ирғовулини муҳофаза қилиш ва сонини кўпайтириш ҳамда қимматбаҳо доривор ўсимлик ҳисобланган чаканда (облепиха)ни қўриқлаш учун ташкил этилган. Бугунги кунга келиб эса бу масканда 300 дан ортиқ ўсимлик турлари, 206 турдаги қушлар, 23 хил сут эмизувчилар, ўн хил судралиб юрувчилар, 18 хил балиқлар ва бошқа ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакиллари муҳофаза қилинади. Қўриқхона жамоаси ҳудуддаги тўқай ландшафтларини муҳофаза қилиш, қайта тиклаш, табиий жараёнлар кечишини тадқиқ ва таҳлил этиш, табиат муҳофазаси илмий асосларини яратиш, аҳоли ўртасида экологик билимларни тарғиб қилиш билан банд.
Кесселринг совринжони, Корольков сапсари, Шарқ чинори ва Сумоқ дарахти каби ўсимликлар ҳамда Бухоро хонгули буғуси кабилар жуда ноёб ҳисобланиб нафақат қўриқхона балки мамлакатимиз табиати фахри саналади. Эътиборлиси 1996 йилда Бадай-тўқай қўриқхонасидан келтирилган олти дона Бухоро хонгули буғуси сони бугун 70-75 тага етган ва ҳар саккиз ойда уларнинг янада кўпайиши кузатилмоқда.
Дарвоқе, ҳозирда сони тахминан 4000 тадан ортиқ деб ҳисобланган, ¤збекистон Қизил китобига киритилган  Зарафшон қирғовули ҳам йил сайин кўпайиб бормоқда. Мазкур ноёб қушни сўнгги йилларда қўриқхонага чегарадош кўпгина қишлоқларда ҳам учратишаётир. Бу эса аҳоли ўртасидаги тарғиботни янада оширишни тақозо этади. Сабаби мазкур қушларнинг бир неча бор дала экинзорлари орасида тухум қўйгани аммо тушунмовчилик оқибатида тухумларнинг йўқ қилингани кузатилган. Шунингдек, Бухоро хонгулини ҳам бир неча бор аҳоли яшаш жойларида учратишган, унга зарар етказиш ҳолати эса яхшиямки қайд этилмаган.
­­- ¥удудда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакилларига ҳеч қандай инсон таъсири сезилмайди, - дейди қўриқхона директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари  Бахтиёр Ражабов. ­ - Чунки бизнинг вазифамиз уларни қўриқлаш билан бьир қаторда табиийликни таъминлаш, кузатиш ва таҳлил қилиш. Айтайлик, ўрмондаги бирор дарахт қуриб қолди. Ҳатто уни олиб ташлаш ҳам мумкин эмас. Қуриш ҳам табиат қонуни. Ана шу табиий муҳитдаги ҳаёт қўриқхонадаги ноёб ўсимлик ва ҳайвонларнинг кўпайишига хизмат қилмоқда.
Юқорида айтилганидек, инсон таъсири сезилмаган тақдирда биохилма-хилликни сақлаш самарси ниҳоятда юқори. Афсуски қўриқхонада атрофида юзага келаётган айрим муаммолар келгусида бу ерда муҳофаза қилинаётган ноёб турларга таъсир ўтказиши ҳеч гап эмас.  Қўриқхонадаги ҳаёт тўла-тўкис унинг ёнидаги Зарафшон дарёси билан боғлиқ. Табиийки бизда дарёларнинг суви жанубий қирғоқларни ювиб оқади. Биринчи марта ушбу дарёга инсон таъсири собиқ иттифоқ даврида юз берган эди. Дарёнинг жанубий қирғоқларини мустаҳкамлаш оқибатида сув оқими шимолий (қўриқхона ҳудуди)ни юва бошлаган эди. Эндиликда эса бошқа бир омил табиатга ўз таъсирини кўрсата бошлаяпти.
­Гап шундаки, ҳар йили Зарафшон дарёсидан хусусий тадбиркорлар ва аҳоли томонидан жуда кўп миқдорда тош қазиб олининади. Тўғри, кучли ва тез сув оқими юзлаб тонна тош уюмларини ҳосил қилиб баъзан сув йўлига ҳам таъсир қилади. Аммо тош қазиб олувчиларнинг ўзбошимчалик билан, ўзлари истаган жойдан фойдаланишлари табиатга зарар келтирмоқда.
- Кейинги йилларда дарёнинг шимолий қирғоқларидан тош қазиб олишнинг кўпайиши сув оқимининг шу томонга кескин бурилганига сабаб бўлмоқда, - дейди Самарқанд давлат университети ботаника ва ўсимликлар физиологияси кафедраси доценти Флора Жабборова. – Бу биринчи навбатда қирғоқ бўйлари ювилишига ва чуқурлашишига сабаб бўлади. Бунинг натижасида эса қўриқхона ҳудудидаги ер ости грунт сувларининг дарёга қуйилиб, пасайишига сабаб бўлади. Аҳвол шу тарзда давом этса охир-оқибат қўриқхонада чўллашиш пайдо бўлиши мумкин.
Қўриқхона ер ости сувининг пасайиши бошқа ўсимликларга ҳам таъсир кўрсатади. Бу эса ўз навбатида қушлар ва ҳайвонот дунёсига хавф келтиради. Мисол учун Қизил китобга киритилган Зарафшон қирғовулининг асосий озуқаси бу чаканда ўсимлиги. Бу ерда республикадаги барча чаканданинг асосий қисми жойлашган.
Олимнинг айтишича ҳозирданоқ қўриқхонанинг грунт суви пасайган ҳудудларида маймунжон бутаси камайиб бормоқда. Мазкур бута қуригач, маълум муддат ўтиб унинг томирлари ҳам чирийда ва бу ердаги тупроқ эрозияга учрайди. Ана шундан сўнг эса ҳудудни илгариги ҳолатига қайтариш осон бўлмайди.
Шундай экан, мазкур муаммони ҳозирданоқ бартараф этишга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари, бошқа тегишли идоралар масъуллари эътибор қаратишади деб умид қиламиз.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.

Комментариев нет: