вторник, 29 августа 2017 г.

ҚУРБОНЛИККА КИМНИ ТАЙЁРЛАШЯПТИ?


kun.uz да Тошкент Иқтисодиёт университетидаги тест синовлари бўйича қинғирликлар фош қилингач, кўпчиликнинг ҳар томонлама баркамол авлод борасидаги орзулари ерга кўмилган бўлса керак. Энди нима бўлганда ҳам тушкунликдан кўра, ҳақиқатга тик қараш, муаммони қабул қилиб, унга ечим топиш керак. Нопок ишга аралашганларга ҳуқуқий баҳо бериш, бундай ўйинлар яна ташкил этилишининг олдини олиш шарт. Бошқа йўл йўқ. «Адолат йўқ экан», «Булар ўлгунича ўзгармайди», «Умуман, ишончим қолмади» каби гаплардан эса на жамиятга ва на келажакка ҳеч қандай фойда йўқ.
Мени ҳайрон қолдирган нарса Тошкент Иқтисодиёт университетининг кутилмаганда «очилиб» қолган, юз минглаб одамларнинг муҳокамасида бўлган ҳолатга изоҳ беришга шошилмаётгани. Эътибор берган бўлсангиз, Миллий университетда ҳам тест синовлари адолатсиз ўтган бўлиши мумкинлиги ҳақда мақола эълон қилингач, шу куннинг ўзида университет раҳбарияти муаммога ўз муносабатини билдирди, изоҳ берди. Аммо «Нархоз»чи?
Тошкент Иқтисодиёт университети томони ҳамон жим эканлиги ҳам бир қанча тахминларни ўртага ташлашга мажбур қилмоқда. Катта эҳтимол билан айни вақтда университет раҳбарияти нима қилишни ҳам билмай қолгандир. Иккинчи тахмин эса, агар университет раҳбари содир этилган адолатсиз жараёндан бехабар бўлса (бунга мен ишонмайман, аммо ҳали айтилади бу вариант) айбдорларни суриштиряпти. Учинчидан эса бу воқеаларга айбдор сифатида университет масъул ходимларидан кимни «қурбонлик» қилиш борасида бир тўхтамга келинмаяпти. Шу каби воқеалар фош бўлиб қолса, бир киши ҳамма айбни бўйнига олиш ҳолатлари ҳақида ҳам эшитганмиз.
Эҳтимол барча тахминларимиз нотўғридир. Балки биз кутмаган мазмундаги изоҳ ҳам берилар. Бироқ айни масала чўзииб ўтирадиган иш эмас. Бутун Ўзбекистон масалага изоҳ кутаяпти ахир.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, журналист. 

четверг, 17 августа 2017 г.

ЯНГИ БОШҚАРМА ҚАНДАЙ ВАЗИФАНИ БАЖАРАДИ?


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ва "Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори коммунал соҳадаги улкан янгиликлардан бири бўлди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги таркибида вилоятларда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳамда унинг туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди. Давлат бошқарувидаги ушбу янги тизимнинг мақсад-вазифалари, аҳоли фаровонлигига қандай ҳисса қўшиши тўғрисида вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Рустам Сатторов билан суҳбатлашдик.
– Рустам Тешаевич, шу пайтгача ҳам коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолият кўрсатаётган эди. Соҳадаги бугунги ҳолат ҳукумат даражасида эътибор қаратишга лойиқмиди?
– Очиғи, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси жиддий ислоҳотларга муҳтож бўлиб қолганди. Мақсад-вазифаси бир бўлган табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув, канализация, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси таъминоти корхоналари фаолиятида ҳамкорлик, бирдамлик йўқ эди. Натижада таъминотда узилишлар одатий ҳолга айланди. Айниқса, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси таъминоти жуда ночор аҳволга тушиб қолди. Кўпхонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш борасида комплекс ёндашувнинг йўқлиги аҳолига сифатли ва кафолатли коммунал хизмат кўрсатиш имконини бермасди ва уй-жой мулкдорларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. 
Кўпхонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг ҳолати санитария нормалари, қоидалари ва гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бермайди. Ечимини кутаётган яна қанчадан-қанча масалалар, бири иккинчисига боғлиқ муаммолар тўпланиб қолганди. Бу муаммоларни комплекс ҳал этиш керак эди. Шу билан бирга, уй-жой коммунал соҳасининг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш асосида зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. Аҳолининг барча қатламлари турмуш даражаси ва жамиятимиздаги ижтимоий муҳит уй-жой коммунал соҳасининг самарали фаолият кўрсатиши билан боғлиқ. 
– Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ўз фаолиятини нимадан бошлади, биринчи навбатда бажариладиган ишлар нималардан иборат?
– Уй-жой коммунал хизматлари билан боғлиқ муаммоларнинг барчаси ҳам кечиктириб бўлмайдиган масалаларга киради. Юқорида таъкидланган ҳолатлар вилоятимиз учун ҳам бегона эмас. 
Аввало, мавжуд муаммоларни ўрганиш асносида бирламчи иш режаларимизни туздик. Шунингдек, вилоят ҳокимининг 2017 йил 4 июлдаги "Вилоят уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш бошқармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори олдимизга аниқ вазифаларни қўйди. Вилоятда уй-жой коммунал хизмат кўрсатишда ягона давлат сиёсатини юритган ҳолда тармоқлараро мувофиқлаштириш, уй-жой фонди, ичимлик ва оқова сув, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси тизимларини тубдан реконструкция қилиш ва модернизациялаш, уй-жой фонди ва коммунал соҳа объектларини куз-қиш мавсумига ўз муддатларида тўлақонли тайёрлаш, аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлашда тармоқлараро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб берилди. 
Қолаверса, куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг ҳам айни вақти. Самарқанд шаҳрининг ўзида афсуски, бу борада ҳам ҳар бир ширкат ва коммунал хизмат кўрсатувчида олиб борилаётган ишларни бир хил деб бўлмайди. Айнан куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражаси совуқ кунларда хизмат кўрсатиш сифатини белгилаб бериши шубҳасиз. Эндиликда ана шу соҳа ҳам диққат марказимизда бўлади. 
Шунингдек, вилоят ҳокимининг юқорида таъкидланган қарори билан вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш кенгаши ҳам тасдиқланди. Кенгаш таркибига вилоят ҳокимлиги вакиллари, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари раҳбарлари, соҳа олимлари, банк ходимлари ва меҳнат фахрийлари киритилди. Бошқарма фаолиятини самарали ташкил этиш ва янада ривожлантириш, коммунал хизматлар сифатини ошириш, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, тизимни ислоҳ қилиш кенгашнинг асосий вазифаси этиб белгиланди. Кенгаш йиғилишларида муаммоли масалалар муҳокама этилиб, барча алоқадор ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги уйғунлашган технологик занжирни шакллантириш асосида самарали хулосаларга келинади.
– Уй-жой, коммунал соҳадаги мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари турлича. Улардан бири соҳада малакали кадрларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Бу борада ҳам бирор ўзгариш бўладими? Бошқарманинг кадрлар таркиби ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. 
– Бошқармамизда 83 та штат бирлиги мавжуд бўлиб, вилоятдаги ҳар бир туманда биттадан бўлим бошлиғи ва мутахассислар фаолият кўрсатади. Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида эса мутахассислар сони беш нафардан. Ушбу ходимларнинг барчаси айнан уй-жой, коммунал соҳа мутахассислари ичидан саралаб олинмоқда. Модомики, ходимларимиз тизимда юзага келаётган муаммолар таҳлили билан шуғулланиб, аниқ ечим топишлари керак экан, табиийки, уларнинг ўзлари аввало, соҳани яхши билишлари талаб этилади. 
Умуман, уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, мавжуд кадрлар салоҳиятини ошириш вақти келди. Оддийгина мисол, ҳар йили куз-қиш мавсумида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кузатилади. Аммо камдан-кам уй-жой мулкдорлари ширкатида уйнинг ҳаво айланиш тизимини тозалаш техникасини мукаммал биладиган кадр топилади. Ҳолбуки ҳаво айланишининг меъёрида бўлмаслиги ҳам ис газидан заҳарланишга олиб келади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу сабабдан кадрлар малакасини ошириш борасидаги ишларни аллақачон бошлаб юборганмиз. Тез орада Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар, уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарларининг ўқувини йўлга қўямиз. Бундан ташқари, бошқармамиз ходимлари ҳамда уй-жой мулкдорлари ширкатлари вакилларини энг яхши ширкатлар фаолияти билан танишиш ва ўрганиш мақсадида пойтахтга юборамиз. Бу борадаги ишлар мунтазам амалга оширилади.
– Самарқанд шаҳрида бугунги кунда мингдан зиёд кўпқаватли уй бор. Уларнинг чорак қисми ҳам иссиқлик энергияси олишга тайёр бўлмаса керак. Қиш мавсумида иссиқлик таъминотининг йўқлиги ўз навбатида бошқа хизматларнинг ҳам сифатига таъсир ўтказмай қолмайди.
– Аниқ айтадиган бўлсак, Самарқанд шаҳридаги 1024 та кўпқаватли уйнинг ҳозирча фақат 55 таси иссиқлик олишга тайёр. Йиллар давомида коммуникация тармоқларининг эскиргани, дебитор қарздорлик ва бошқа омиллар шу ҳолатни юзага келтирган. Яна бир энг асосий сабаблардан бири – технологик ва маънавий жиҳатдан эскирган марказий иссиқлик таъминоти жуда катта энергия сарфлагани ҳолда минимал миқдорда иссиқлик етказмоқда.
 Ушбу ҳолат ҳукумат эътиборида турибди ва бу борада жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2018-2022 йиллар давомида Самарқанд шаҳридаги кўпқаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш, иссиқлик тизимларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича техник лойиҳа ишлаб чиқилган. Унга кўра, шаҳарда 11 марказий иссиқлик узатувчи қозонхона, 26 та локал қозонхона модернизация ва реконструкция қилинади. Шунингдек, яна 49 та кичик локал қозонхона қуриш, 146,5 километр иссиқлик тармоқлари, 853 та кўпқаватли уйларнинг ички иссиқлик узатиш тармоқларини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Бу ишларга жаҳон банки томонидан 88,3 миллион АҚШ доллари ажратилган. Вазирлик томонидан бу ишларни амалга ошириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Худди шундай қозонхоналар қуриш бирин-кетин туманларда ҳам давом этади. Мисол учун, келаси йилдан бошлаб Каттақўрғон шаҳри ва Ингичка қўрғонида саксондан зиёд қозонхона қурилади.
– Бу лойиҳа иссиқлик таъминотини яхшилайди. Аммо айни пайтда канализация, сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам ечимини кутмоқда. 
– Юқоридаги йирик лойиҳалар фақат иссиқлик таъминоти бўйича амалга оширилаётгани йўқ. Жаҳон банки кўмагида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари сувоқова тизимини яхшилаш бўйича лойиҳа, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари иштирокида Қўшработда ичимлик сувини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш бошланган. 
Шунингдек, "Уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга мувофиқ энди бошқармамиз ҳам сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти объектларини барпо этиш бўйича буюртмачи вазифасини бажариши мумкин. Ҳатто эҳтиёж мавжуд ҳудудларда кўпқаватли арзон уй-жойлар қурилишини ҳам йўлга қўямиз. Бу эса аҳолига уй-жой ва коммунал хизматлар борасида қулайликлар яратишдаги энг катта имкониятлардан биридир.
– Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизими ҳақида гап кетганда кўпчиликда бир савол уйғонади. Уй-жой мулкдорлари ширкатларининг вазифаси, қонуний ваколат ва мажбуриятлари бир хил бўлгани ҳолда кўпқаватли уйларнинг барчасида турли хил даражадаги хизмат ва шароитга гувоҳ бўламиз. Нега шундай?
– Гап шундаки, уй-жой мулкдорлари ширкатлари амалга ошириши керак бўлган вазифаси бир хил бўлгани ҳолда ана шу фаолиятни қай даражада бажариш кўпинча ширкат раҳбарининг шахсий ҳаракатларига боғлиқ бўлиб қолаётган эди. Бошқача айтганда, барча ширкатлар фаолиятини мувофиқлаштириш борасида бугунгача мукаммал тизимнинг ўзи йўқ эди. "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда бу борадаги барча жиҳатлар кўзда тутилган. 
Янги фармонга кўра, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсати юритиш ва идоралараро мувофиқлаштиришни амалга ошириш, сув, канализация, иссиқлик таъминотини яхшилаш, эски ва авария ҳолатидаги уйларни бузишни ташкил этиш каби вазифалар зиммамизга юклатилган. Шунингдек, юқорида тилга олинган масала, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, кўпхонадонли уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва эксплуатация харажатларини белгилаш талабларига, кўпхонадонли уйларда техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилишини назорат қилиш, кўпхонадонли уйларга туташ ҳудудларни санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолатда сақлаш кабиларга ҳам жавобгармиз. 
Аҳолига юқори сифатли коммунал хизмат кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз, шу билан бирга, аҳоли ҳам амалдаги талаб ва меъёрларга риоя қилиши шарт. Масалан, кўпқаватли уйларда яшовчиларнинг айримлари ўзбошимчалик, деворларни кўчириш, олиб ташлаш, балконни ошхонага ёки яшаш хонасига мослаштириш, алоҳида иситиш тизимлари қуриш каби ҳолатларга қўл урган. Уйнинг архитектурасига ўзгартириш киритиш, айниқса, асос деворларни олиб ташлаш шу уйнинг техник хавфсизлигига зарар етказиб, аҳолининг ҳаётини хавф остига қўяди. Уйнинг ичига печкалар ўрнатиб, дудбуронини вентиляция шахтасига улаб қўйиш ҳам учраб турибди. Шунга ўхшаш яна кўплаб ноқонуний ҳолатлар борки, босқичма-босқич тартибга солинади.
Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолияти ҳам мувофиқлаштирилиб, тўловларни қабул қилиш ва оқилона сарфлаш, молиявий барқарорлигига эришиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. 
– "Ягона авария-диспетчерлик ва тиклаш-таъмирлаш хизмати" деган иборани тушунтириб берсангиз.
– Илгари ҳар бир коммунал хизмат ташкилотларида ўзининг "Авария диспетчерлик хизмати" мавжуд эди. Бироқ улар номига ишларди. Эндиликда вилоят бўйича "Ягона авария-диспетчерлик ва тиклаш-таъмирлаш хизмати" фаолияти ташкил этилаяпти. Яъни, ҳар бир ташкилотдаги авария хизматлари қайта кўрикдан ўтказилиб, модернизация қилинади. Техник тайёргарлик, мутахассислар етарлилиги, тартиб-интизом борасидаги масалалар жойида ҳал этилади. Ҳар бир ташкилотдаги авария хизматлари бевосита "Ягона авария-диспетчерлик ва тиклаш-таъмирлаш хизмати" томонидан бошқарилади. Аҳолига қулай бўлиши учун 4 рақамли портал очиш режамиз бор. Ҳар бир мурожаат қатъий назоратга олиниб, ижроси таъминланади.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ суҳбатлашди.

среда, 9 августа 2017 г.

УКАМ

 Ишдан қайтишимни пойлаб тургандай уйга етиб борган заҳотим бошлайди: Ака, лой тайёрлаб қўйдим, қоронғи тушишига анча бор, бироз ишлайлик. Тонг саҳар уйғотади, ака эшик деразаларни ташиб келайлик, уста келади. Кечқурун: ака, куни билан иккита уйни бўёқ қилдим, бугун кечда свет ўчмас экан, ёрдам берасиз, тугатайлик ҳаммасини. Ака, ундай, ака бундай... Охири бир куни бақириб кетдим: "шу ишларинг ҳам, иморатинг ҳам жонимга тегди, кетдим ишга..." Мени аччиқ қилганимни кўрган уста бир маҳал мириқиб кулаяпти, "Ҳа!!!" десам, "Эшон бобо, эсиздан чиқардизми, бу ишлар, бу уй укангизникимас, сизники-ку" дейди. "Э, ўргатманг" дейману бироз ҳовуримдан тушаман. Укам эса  "Боринг, қочинг ишингизга" деб қўяқолади. Мени уйим битгунича ўз уйига ҳали пойдевор ҳам қўймади укам...