четверг, 9 марта 2017 г.

Қуёш фотоэлектр станцияси қачон ишга тушади?

Бундан тўрт йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича              чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони эълон қилингач, юртимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун қуёш энергиясидан          фойдаланиш бўйича лойиҳалар тайёрланди. Ана шундай лойиҳалардан бири Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясининг қурилишидир.
Шу муносабат билан, лойиҳанинг амалга оширилиши бўйича таҳририятимизга саволлар кела бошлади: "Қуёш фотоэлектр          станцияси қуриладими, йўқми?". Жанубий-ғарбий магистрал электр тармоқлари қуёш фотоэлектр станцияси бош муҳандиси Жамшид Хайруллаев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Мазкур лойиҳа катталиги жиҳатдан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади, – дейди Ж.Хайруллаев. – Станцияни барпо этиш эса, аввало, бир неча босқичли тайёргарлик ишларини талаб этади. Бугунги кунгача ана шу тайёргарлик ишларининг катта қисми ниҳоясига етказилди. Вилоят ҳокимининг қарори билан Паст Дарғом туманидан 254 гектар ва Нуробод туманидан 150 гектар ер майдони ажратилгач, танланган ер тозаланиб, архитектура режалаштириш, топологик суратга олиш ва геологик текширув ишлари амалга оширилди. Мазкур ҳудуддан ўтувчи канал устидан кўприк қурилди. Паст Дарғом туман Торариқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида тўрт километр йўлга қум ва шағал ётқизилиб, мустаҳкамлаш ишлари тугатилди. Худди шундай Самарқанд – Қарши автомобиль йулидан вақтинча фойдаланиш учун етти километр масофада таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, объект ҳудудини симтўр тўсиқлар билан ўраш, 7,2 километрли ҳаво линияси, трансформатор, "Сувли-Согдиана ВЛ 220 кВ" кириш-чиқиш ҳаво линияси учун устунлар ҳамда фундаментлар ўрнатиш каби ишлар бажарилди.  
– Лойиҳанинг асосий қисми, қуёш батареялари ўрнатиш ишларига қачондан киришилади ва ниҳоясига етказилади? Молиялаштириш ишлари қай тарзда бажарилади?
– Умуман, тайёргарлик жараёнида 2014 йилнинг ўзида 1 миллиард 600 миллион сўмликдан зиёд, 2015 йилда эса 3 миллиард 142 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. 
2016 йил декабрь ойида фотоэлектр станцияни ўрнатиш бўйича халқаро тендер ўтказилди. Унда Хитойнинг «Zhuhai Singyes Green Building Technology» компанияси ғолиб чиқиб, икки йил ичида қуёш электр станцияси қуриб битказиш мажбуриятини олди. 
– Лойиҳа ишга тушгач… 

– Жанубий-ғарбий ҳудудни мустаҳкам, узлуксиз электр энергия билан таъминлаш, Самарқанд вилояти халқ хўжалиги объектлари ва аҳолиси электр энергия таьминотининг мустаҳкамлигини ошириш, табиатга заҳарли газлар чиқарилишини қисқартириш имкони яратилади. 
– Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуёш панелларида чанг ғуборларнинг тўпланиши уларнинг фаол ишлашига йўл қўймас экан. Денгиз қирғоқларидан узоқ ва ҳаво намлиги нисбатан кам бўлган мамлакатлар каби бизда ҳам ҳаво таркибида чанг заррачалари нисбатан кўп. Бу янги станция фаолиятига таъсир ўтказмайдими? 
– Йўқ, бир неча йиллардан буён қатор хўжалик юритувчи субъектларда электр манбаи сифатида қуёш батареяларидан фойдаланиб келинмоқда. Мабодо, чанг зарралари тўпланиб қолса, уларни ювиб ташлаш мумкин. Дарвоқе, қуёш фотоэлектр станцияси ҳудудида артезиан қудуқлар ва бошқа cув манбалари қурилиб, ускуналар билан жиҳозланди. Бу эса юзага келган муаммони осонлик билан бартараф этиш имконини беради. Қолаверса, бугунгача ушбу станциянинг барча томонларида мевали ва манзарали дарахтзорлар барпо этилди.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ суҳбатлашди.
"Зарафшон" 2 март.

Ширкат раиси сайланадими тайинланадими?


Танишимнинг ўзи истиқомат қилаётган уйга хизмат кўрсатувчи ширкатнинг ойлик бадаллари ҳақидаги фикри эътиборимни тортди. Айтишича, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларида ойлик тўловлар бир хил эмас экан. Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги бир қатор кўпқаватли уйларда яшовчилар ширкатларга хонадонининг бир квадрат метри учун 550 сўмдан ойлик бадал тўласа, айрим ширкатларда ушбу тўлов 450 сўм ёки ундан ҳам кам. Бу эса кўплаб уй-жой мулкдорларида ўзига яраша саволларни юзага келтиряпти. 

Уйингизнинг кадастр ҳужжати бўлмаса...


У ҳолда сиз, энг аввало, мулкка эгалик ҳуқуқини ололмайсиз, модомики, эгалик ҳуқуқи йўқ экан, уни сотиш, ҳадя қилиш, мерос     қолдиришнинг ҳам қонуний йўли йўқ. Ҳатто келин  туширганингизда ҳам рўйхатга олишнинг имкони бўлмайди...

Ноқонуний киракашлик: кимга фойда, кимга зиён?


Йўловчи ташиш хизматига талаб барча ҳудудда йил сайин ошиб бормоқда. Лекин йўловчи ташиш корхоналари ва автотранспортлар сони йил сайин камаймоқда. Мисол учун, вилоятда 2015 йилда 3300 йўналишли такси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 1732 та. Тўғри, Самарқанд шаҳрида автобуслар сонининг оширилаётгани бунинг ўрнини қоплар. Аммо бир қатор туманларда йўналишли таксилар сони қисқариб кетгани етмагандай, автобуслар қатнови ҳам, йўналишсиз таксилар фаолияти ҳам деярли мавжуд эмас. Икки йил олдин Ургутда йўналишли ва йўналишсиз таксилар сони 560 та бўлиб, тумандаги йўловчи ташиш корхоналари сони ўнга яқин эди. Айни вақтда эса бундай автотранспортлар сони 80 та, холос. Йўловчи ташиш корхоналарининг ярмидан кўпи ёпилиб кетди. 2015 йил ташкил этилган айрим автобус йўналишларининг тақдири ҳам худди шундай якунланди. Савол туғилади, аҳвол шундай экан, аҳолининг жамоат транспорти ва таксига бўлган эҳтиёжи қандай қондирилмоқда?