пятница, 21 сентября 2018 г.

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ОЛТИНИ ЙЎҚМИ?

Асосий бойликларимиздан бири олтин бўлгани учун бу савол ғалати туюлиши аниқ. Аммо олтин билан боғлиқ бир ҳолат борки, бу ундан ҳам ғалати.
 Хорижга сафаримиз олдидан аэропортнинг кутиш залида икки йўловчининг ўзаро суҳбатига гувоҳ бўлдим:

- Ие, барибир ҳам тақинчоқларингизни ечиб келмабсиз-ку! Қўлингиз ҳам, қулоқларингиз ҳам бўм-бўш қолсин дегандим-ку!
-    Қўяверинг, олсам, иккита узук оларман.
-    Сиз олмасангиз, мен оламан, қайтишда тиллаларимни ўтказиб берардингиз, шуми оқибатингиз?
Бундай "оқибатсиз"лик аэропортларда ҳар куни, ҳар соатда учрашини кейинроқ билдим. Сафаримиз тугаб, уйга қайтар кунимиз аэропортда тўртта ўзбек аёлнинг биттаси олдимиздан чиқди, яна учтаси бошқа юртдошларимизни қидиряпти чоғи, атрофга олазарак боқади.
-    Ўзбекистонгами? Вой, айланай, аёлингизнинг қўлида биттагина узук экан, илтимос, менинг тиллаларимни ҳам ўтказиб беринглар.
Нотаниш аёлнинг нақ ёнғоқдек келадиган ўнтача тилла тақинчоқни тиқиштириши дабдурустдан бизни хавотирга солиб, рад этишга ҳаракат қиларканмиз "Бунчалик оқибатсиз бўлмайди одам", деган дашномни ҳам эшитиб олдик. Шу воқеа сабаб аэропортда бошқа юртдошларимизни учратганимда беихтиёр қулоқ, бармоқларига қарайдиган бўлдим: мамлакатдан чиқишда бўм-бўш, қайтишда тақинчоқларга тўла! Дарвоқе, ўтган ойнинг ўзида биргина вилоят божхона бошқармаси томонидан аэропортда мамлакатимизга ноқонуний олиб кирилаётган тилла тақинчоқлар тўхтатиб қолингани ҳақда бир неча марта маълумот берилди. Қизиқ-а? Биз олтин қазиб чиқариш ва уни экспорт қилишда ҳеч қачон дунёда биринчи ўнталикдан тушмаганмиз. Жорий йилнинг биринчи чорагида хорижга энг кўп сотилган маҳсулотимиз ҳам олтин бўлди - 1,3 миллиард доллар! Жами экспортнинг 40 фоизи.
Бир йилда юз мингга яқин ҳамюртимиз Туркияга, яна ўн минглаб фуқаролар Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва бошқа Яқин Шарқ давлатларига боради.
Агар 50 минг киши ўртача 200 долларлик тилла тақинчоқни мамлакатимизга олиб келган тақдирда ҳам (Аслида кичик кузатувимиз давомида 90 фоиз аёллар тақинчоқ билан қайтишига гувоҳ бўлдик) бир йилда айнан олтиндан тайёрланадиган маҳсулотлар учун 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий валюта четга чиқиб кетар экан.
Хўш, бунинг нимаси ёмон?
Биламизки, ҳар қандай мамлакатда иқтисодиётнинг мустаҳкамлиги омилларидан бири экспорт ва импорт ўртасидаги тавофутга боғлиқ. Қачонки, экспорт миқдори импорт­дан кўп бўлсагина иқтисодиёт ривожланади. Бир неча йиллардан буён юртимизда амалга оширилаётган маҳаллийлаштириш дастуридан ҳам мақсад шу - хориждан келтирилаётган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш орқали импортни камайтириш ва иш ўринларини шу ерда яратиш. Ўтган йил 27 февраль куни Президент раислигида экспортни ошириш ва импортни қисқартириш бўйича қўйилган вазифалар ижроси, бу борада тармоқлар ва ҳудудлардаги ишлар ҳолати таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди. Ўша йиғилишда давлатимиз раҳбари шундай деганди:
"Агар экспорт билан импортни ҳар куни ҳисоб-китоб қилмас эканмиз, биз олдимизга қўйган вазифаларимизни ҳеч қачон уддалай олмаймиз. Бугундан бошлаб ҳамма вазирлар, банкирлар, ассоциациялар, ҳокимдан бошлаб президентгача ҳамма экспорт кўпайтириш, пировардида импортни қисқартириш бўйича қўйилган вазифалар ижроси, бу борада тармоқлар ва ҳудудлардаги ишларнинг ҳаққоний ҳолатини танқидий кўриб чиқишимиз шарт. Агар биз шуни ўзимиз тан­қидий кўриб чиқмас эканмиз, биз учун ҳеч ким қилиб бермайди…".
Худди шу йиғилишда бир йилда 20 миллион долларлик кир ювиш кукуни, 13 миллион долларлик атир совун, 49 миллион долларлик қурилишда ишлатиладиган ва синтетик бўёқлар, 23 миллион долларлик шоколад импорт қилингани афсус билан қайд этилганди. Ёмони шундаки, биз айтаётган тилла тақинчоқлар масаласи бу - норасмий импорт.
Барча олтин олиб кирувчилар уни шахсий буюм, тақинчоқ сифатида таърифлайди ва олиб киргач, ички бозорда пуллайди. Расмий иқтисодиётда эса бу ҳисобга олинмайди ва кўзга кўринмаган ҳолда иқтисодиётимизга зарар келтираверади.
Айб кимда?
Аслида гап бу ерда тилла тақинчоқлар олиб кираётган фуқароларда ҳам эмас. Қайси маҳсулот ички бозорда тақчил ва қиммат бўлса, хориждан кириб келиши оддий қоида. Сўнгги йилларда мамлакатда етиштирилган пахтанинг хомашё ҳолида четга сотилиши қаттиқ танқид қилинмоқда. Давлат раҳбари ҳар бир туман ўзи етиштирган пахтанинг 70 фоизини туманнинг ўзида қайта ишлаши лозимлигини айтмоқда. Бундан мақсад аниқ, шу вақтгача пахтани хомашё ҳолида четга сотиб, тайёр маҳсулот шаклида бир неча баравар қимматига ўзимиз харид қилишимиз кулгили эди. Худди шу кулгили ва аянчли ҳолат олтин ва тилла тақинчоқларга ҳам тегишли. Одамлар хориждан тақинчоқлар олиб келяптими, демак, ўзимизда уни тайёрлаш саноати яхши эмас.
Бир йил олдин Тошкентда Корея Республикасининг заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси вакилларининг учрашуви бўлиб ўтганди. Ўша учрашувда меҳмонлар Тошкентда заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи улкан корхона фаолиятини йўлга қўйиш имкониятларини ўрганиш зарур эканини таъкидлаганди. Тилла тақинчоқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгач, нафақат ички бозорни таъминлаш, балки хорижга ҳам экспорт қилиш режалаштирилганди. Бу лойиҳа ҳақида кейинчалик бошқа ахборот эшитмадик. Агар у амалга оширилган тақдирда ҳам Ўзбекистондек мамлакат учун битта-иккита лойиҳалар ниҳоятда камлик қилади.
Айтгандай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Заргарлик саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланганига ҳам 11 ой бўлди.
Бу ҳужжатда соҳани ривожлантириш учун қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, 2017 йил 1 октябрдан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан қимматбаҳо металлардан заргарлик ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариш Марказий банк ҳузуридаги қимматбаҳо металлар агентлиги томонидан белгиланган лицензия асосида амалга оширилиши, давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси бекор қилиниши илиқ кутиб олинди. Шунингдек, 2020 йил 1 январгача тижорат банклари қимматбаҳо металларни сотиш борасида ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи) ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди.
Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар заргарлик буюмларини сотишда, жумладан, экспортга чиқаришда бўшайдиган маблағларни ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш ва модернизация қилишга, шунингдек, айланма маблағларини тўлдиришга мақсадли йўналтирган ҳолда акциз солиғи ва ҚҚС тўламайдиган бўлди.
Аммо ҳали-ҳамон фуқаролар хориждан тилла тақинчоқлар ташиётган экан, бу соҳага жуда катта эътибор қаратиш керакка ўхшаяпти.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.


Комментариев нет: