четверг, 9 февраля 2017 г.

“Самарқандшаҳаргаз” хизмат кўрсатиш доирасидами?



Ёки истеъмолчиларнинг жавобсиз қолаётган саволларини ким эшитади?

Самарқанд шаҳрида яшовчи истеъмолчиларидан бири табиий газ ҳисоблагичини қиёслов кўригидан ўтказгач, уни яна хонадонга ўрнатиш ва ҳисобга қўйиш учун «Самарқандшаҳаргаз» филиалига мурожаат қилганида корхона раҳбаридан шундай жавоб олди: “Эски ҳисоблагичларни ўрнатиш мумкин эмас. Энди фақат янги турдаги электрон ҳисоблагичларни қабул қиламиз!”.

Истеъмолчининг “Нега бундан аҳоли хабардор қилинмади, нима учун инспектор газ ҳисоблагични қиёслов кўригида ўтказиш зарурлигини айтиб, огоҳлантирди-ю тегишли хизмат кўрсатиш корхонаси уни кўрикдан ўтказиб, сертификат берди?» деган саволларига “Бу ҳақда тегишли ҳужжатлар мавжуд, қолаверса, тарғибот ишларида оммавий ахборот воситалари бизга яқиндан ёрдам берса яхши бўларди”, деб жавоб берган филиал раҳбари афсуски, орадан бир ҳафта ўтса ҳамки тарҚибот учун ўша ҳужжатлар ва тартиблар ҳақида бизга маълумот беришга вақт топа олмади.

Ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, дабдурустдан қўйилган мазкур талаб ҳар қандай истеъмолчини ўйлантириши аниқ. Қолаверса, вилоятда 174 мингдан зиёд, Самарқанд шаҳрида эса 60 минг 800 нафардан зиёд  ҳисоблагичга эга табиий газ истеъмолчиси бор. Уларнинг 90 фоизи “Самарқандшаҳаргаз” филиали тўсатдан “бекор қилган” «РЛ» русумли ҳисоблагичга эга. Хўш, бу ҳолат кимнинг айби билан юзага келди? Юз минглаб истеъмолчилар фойдаланадиган ускунани бекор қилиш ва шу вақтнинг ўзида нархи 900 минг сўмдан 1 миллион 300 минг сўмгача бўлган янги ҳисоблагичлардан сотиб олиб ўрнатишни қатъий талаб қилиш кимнинг буйруғи билан?
Юқоридаги воқеа бўйича ўрганиш ўтказарканмиз, аввало, вилоят Синов ва сертификатлаштириш марказига мурожаат қилдик. Сабаби “Самарқандшаҳаргаз” филиали қабул қилишни тўхтатган ҳисоблагичларни қиёслов кўригидан ўтказаётган, ҳали-ҳамон истеъмолчилардан пул қабул қилаётган вилоятдаги олтита лабораториянинг барчаси марказ билан ҳамкорликда ишлайди. Метрология бўлими сектор мудири Зебо Мавлонованинг “табиий газ бўйича ҳали бирор-бир ҳисоблагич рўйхатдан чиқарилган эмас” деган маълумоти бизни ҳайратда қолдирди.
– Бирор бир ҳисоблагични рўйхатдан чиқариш газ таъминоти идорасининг ҳам, бизнинг ҳам ваколатимизга кирмайди, – деди З.Мавлонова. – Фақатгина республика “Ўзстандарт” агентлиги хулосаси билангина буни амалга ошириш мумкин. Тўғри, жорий йилнинг 17 январь куни бизга “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси томонидан хат келди. Унда «РЛ» русумли табиий газ ускунасида носозликлар кузатилаётгани бўйича бир неча важ кўрсатилиб, уни бекор қилиш ёки хатолик даражасини аниқлаб бериш сўралган. Ушбу хатга илова қилиб бир нафар истеъмолчининг шикоят хати жўнатилган. Бироқ, юқорида айтганимиздек, ҳисоблагични бир-икки нафар истеъмолчи талаби билан эмас, “Ўзстандарт” агентлиги хулосаси билан рўйхатдан чиқариш мумкин.
Мутахассиснинг фикрича, газ таъминоти идораларининг «маънавий эскирган, турли газ чиқиндилари ҳисоблагич механизмини тўхтатиб қўяяпти», деган важларини ҳар бир ҳудудга табиий газ етказиб берувчи газ қувурига фильтр қўйиб бартараф этиш мумкин. Қолаверса, стандартлаштириш ва метрология бошқармаси томонидан ўтказилган қайта текширишларда ҳам яроқли деб хулоса берилган.
Шундай қилиб, «РЛ» русумли ҳисоблагич ҳам, бошқаси ҳам ҳали рўйхатдан чиқарилмаган. Унда “Самарқандшаҳаргаз” филиали қайси ҳуқуқий ҳужжатга асосланган ҳолда янги “қоида” чиқарди? Шу саволга аниқлик киритиш мақсадида “Марказгазтаъминот” унитар корхонасига мурожаат қилдик.
Корхона директори ўринбосари Абдумалик Худойқулов ҳам,  ҳуқуқшуноси Азиз Рўзимуродов ҳам, айнан ҳисоблагичлар билан шуғулланувчи метролог муҳандис Сиддиқ Худойбердиев ҳам саволимизга бирдек жавоб берди: «РЛ» русумли ҳисоблагичнинг бекор қилингани бўйича бирор ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас”.
Хўш, унда “Самарқандшаҳаргаз” филиали нима учун бундай важни рўкач қиляпти? Бундан қандай мақсад кўзланган? Ана шу саволларимизга жавоб олиш учун бир неча кун бориб ҳам корхона раҳбарини топа олмадик, телефон қўнғироқларимиз эса жавобсиз қолди (Аксинча, филиалга бир неча марта борганимизда абонентларнинг нореал қарздорлик бўйича кўплаб мурожаатларини эшитдик. Бу алоҳида мавзу).
Филиалнинг бошқа мутасаддилари эса бу борада маълумот беришни истамади. Бундан шундай хулосага келдикки, филиалда бирор бир муаммо бўйича масъулиятни зиммасига олишга қодир, ўз вазифасига жиддий муносабатда бўладиган ходимни топиш мушкулга ўхшайди.
“Самарқандшаҳаргаз” филиали бош муҳандиси билан суҳбатимиз ҳам шунга мос бўлди. Ўзимизни таништирган заҳоти қуйидаги огоҳлантириш билан гап бошлади:
- Мен бош муҳандисман, қарздорлик билан шуғулланмайман!
Саволларимиз ҳисоблагичлар бўйича эканини айтганимиздан сўнг суҳбатимиз бошланди ва афсуски берилган жавоб Самарқанддек шаҳарни табиий газ билан таъминлаб турган корхона масъул ходимига ярашадиган аҳволда эмас.
– Янги ҳисоблагичларни ўрнатиш қачондан бошланади?
– Январдан.
– Қайси январдан? Келаси йилими ёки…
– Билмайман.
– Бу ҳисоблагичлар ўзи Самарқандда синовдан ўтказилдими?
– Ҳа, хонадонларда ўтказилмоқда.
– Қайси ҳудудда, нечта хонадонда синов ўтказилмоқда?
– Билмайман, санаб чиққаним йўқ.
– Демак, синов олиб бориляпти-ю нечта хонадонда ўтказилаётганини билмайсиз, шундайми?
– Менга қаранг, мен бош муҳандисман, уйингизда газ борми йўқми, шундан гапиринг!
Мана сизга катта бир идора масъул ходимининг оммавий ахборот воситаси ходими саволларига жавоби. Энди ўйлаб кўринг, бу каби масъулларнинг истеъмолчи, фуқаро мурожаатига жавоби қандай бўлади? Фуқаро ўзи дуч келган муаммоли вазият юзасидан мутасаддилардан жавоб ололмагач, юқори идораларга, охир-оқибат Президент виртуал қабулхонаси ёки халқ қабулхонасига (албатта, пўписа учун эмас)мурожаат қилишга мажбур бўладими?
Ушбу суҳбатдан кейин “Самарқандшаҳаргаз” филиалида ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатсиз ҳам янги-янги қоидалар пайдо бўлавериши мумкинлигига ишонч ҳосил қилдик. Асоссиз талабда қатъий туриб олган корхона раҳбарининг мақсад муддаосини эса ҳамон тушунолмаймиз. Энг ёмони, корхона раҳбари истеъмолчини «ҳисоблагичингиз ўтмайди» дея қайтарган вақтда «Ўзтрансгаз» унитар корхонаси вакили бевосита жараёнда иштирок этиб корхона раҳбарининг ноқонуний талабини қўллаб-қувватлаганида. Эътибор беринг, Самарқандда юқорида айтганимиздек, 174 854 та табиий газ истеъмолчиси ҳисоблагичдан фойдаланади. Агар уларнинг ҳар бири бир миллион сўмдан сарфлаб янги русумдаги электрон ҳисоблагич олса, 174 миллиард сўмни ташкил этади. Ана шу маблағнинг атиги бир қисми табиий газ тўловига йўналтирилса, йиллар давомида муаммо бўлиб келаётган дебитор қарздорликка барҳам берилади-ку. Назаримизда, кимлардир худди шунча пулга тенг валютага хориждан ҳисоблагич импорт қилишни маъқул кўраётганга ўхшайди.
Давлатимиз раҳбари яқинда Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган кенгайтирилган мажлисида Нефть-газ маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, импортни кескин камайтириш ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳажмини ошириш учун қўшма корхона ташкил этиш бўйича пухта ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар комплексини тақдим этиш зарур” дея аниқ кўрсатма бергани, “Кейинги 10 йилда Вазирлар Маҳкамаси комплексларига қарашли вазирлик ва идоралар томонидан олиб кирилган асбоб-ускуналар импорти таҳлил қилинмаган. Уларни маҳаллийлаштиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас, бу масала билан ҳеч ким астойдил шуғулланмаяпти. Бундай ёндашув замирида нима ётибди…”, дея жон куйдирганини мутасаддилар таҳлил қилиб кўрдими, бу саволларга жавоб изландими? Агар жавоб топилган бўлса, биз ҳам бундан хабардор бўлишни ва уни муштарийларга етказишни бурчимиз деб биламиз. “Самарқандшаҳаргаз” филиали мутасаддилари бунга қандай жавоб беришади?..
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
“Зарафшон” газетаси  9 февраль.

Комментариев нет:

Отправить комментарий